Home /   / Жиноят дунёсига шўнғиган кимса

Жиноят дунёсига шўнғиган кимса

«Букрини гўр тўғрилайди», дейди халқимиз. Одатда ушбу мақол қилган хатосидан тўғри хулоса чиқармайдиган, жиноят устига жиноят содир қиладиган кишиларга нисбатан қўлланилади.

Хивалик Зокир Сапаев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам ана шундай кимсалар сирасидан. Эллик ёшигача етти марта суднинг қора курсисига ўтириб улгурди. Биринчи марта 1986 йилда жазога тортилган бу шахснинг қамоқда ўтган кунлари озодликда юрганидан кўпроқ. У 2002 йилда рецидивист, деб топилган. Жиноят дунёсига шўнғиб кетган бу кимса оила қуришга ҳам улгурмаган.

Халқимиз бағрикенг. Шунча қилмишларидан кейин ҳам унга маҳалла аҳли раҳм қилган. «Кўчада қолмасин», деб маҳалла фуқаролар йиғини биносидан бошпана берилган. Аммо Зокирбой бу ғамхўрлик учун минатдорлик билдириш ўрнига норози бўлган. Эмишки, ички ишлар идоралари ва ҳокимлик уни бепул турар жой билан таъминлаши керак! Бу орзуси амалга ошмаганидан хафа бўлиб, жаҳл устида жиноятга қўл уради. Озиқ-овқат маҳсулотлари дўконининг орқа эшигини бузиб кириб, 2 миллион 656 минг сўмлик маҳсулотларни ўғирлаб кетади.

Тергов ва суд жараёнида З.Сапаев ўз қилмишларини изоҳлар экан, бу маҳсулотларни ўғирлашдан мақсад унга уй бермаган мутасаддилардан қасд олиш бўлганини айтиб берди. Бу шахс муқаддам 7 марта қасддан жиноят содир қилганлиги учун судланган, дастлаб 5 йилдан ортиқ, кейинчалик 10 йилдан ортиқ муддатларга озодликдан маҳрум қилиниб, тайинланган жазо амнистия актларига мувофиқ енгилроғи билан алмаштирилган эди. Содда З.Сапаев қилмишига пушаймон бўлиш ўрнига жазони ўтаб бўлгач, яна кимлардандир ўч олишини айтиб, очиқ-ойдин таҳдид қилди! Қолаверса, у ўзига илгари тайинланган жазони ҳам ўтаб бўлмаган эди.

З.Сапаев суд ҳукми билан 9 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиниб, жазони махсус тартибли колонияда ўташи белгиланди.

Қилмишидан тўғри хулоса чиқармаган, хато устига хато, жиноят устига жиноят содир қилган шахснинг ҳолига вой. Бундайлар мени кечираверишади, деб ўйлаб, адашадилар. Агар Зокир ўзига берилган имкониятлардан ўз вақтида, тўғри хулоса чиқарганида тенгқурлари каби неварасини эркалаб ўтирган, яқинлари ундан юз ўгирмаган, ота уйидан айрилмаган бўларди. Инсонийликни, ўзликни унутган, жиноят ботқоғига ботган кишиларга эса жазо муқаррар.

Элёрбек СОБИРОВ,

Хива шаҳар прокурорининг катта ёрдамчиси

лавозимида иш ўрганувчи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: