Home /   / Жиноят аломатлари аниқланмади

Жиноят аломатлари аниқланмади

Прокуратура органлари томонидан ОАВ ва ижтимоий тармоқларнинг кунлик хабарлари мониторинг қилиниб, прокуратура органлари аралашувини талаб қиладиган қонунбузилишлар ҳақидаги хабарларнинг тўлиқ ва атрофлича кўриб чиқилиши таъминланмоқда.

«Қашқадарё ахбороти» информацион дастури орқали 2019 йил 16 сентябрда эфирга узатилган Қашқадарё ўзани бўйлаб қум, шағал оқонуний қазиб олинаётгани ва бошқа ҳолатлар ҳақидаги маълумотлар Қашқадарё вилояти прокуратураси томонидан ўрганилди.

Аниқланишича, вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бош­қармаси ходимлари ўтказган рейдда тўпланган ҳужжатлар бў­йича Қарши туман прокуратураси терговга қадар текширув олиб борган.

Ҳужжатларга кўра Қашқадарё вилояти экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси давлат инспекторлари 28 март куни Қарши тумани “Гулис­тон” МФЙ ҳудудида мониторинг ўтказган.

Рейд давомида “Гулистон” МФЙ ҳудудида дарё яқинидаги йўл четида қум ортилган 21 та автомашина тургани аниқланган. Автомашина ҳайдовчиларидан қумнинг қонунийлигини асословчи ҳужжатлар сўралганда улар ҳеч қандай ҳужжат тақдим этишмаган.

Жиноят кодексининг 190-моддаси (Фаолият билан лицензиясиз шуғулланиш) биринчи қисмида “Лицензия олиниши шарт бўлган фаолият билан махсус рухсатнома олмасдан шуғулланиш кўп миқдорда даромад олиш билан боғлиқ бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача муддатга ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади” деб белгиланган.

Мазкур кодекснинг саккизинчи бўлимида кўп миқдордаги зарар энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача бўлган миқдор экани кўрсатилган.

Юқоридаги ҳолатда автомашиналарнинг дарё ўзанидан қум ташиш орқали кўп миқдорда даромад олганини тасдиқлаш имкони мавжуд эмас.

Шунга кўра Қарши тумани “Гулистон” МФЙ ҳудудида ўтказилган рейдда 21 та юк машинаси ҳайдовчилари фаолият билан лицензиясиз шуғулланаётганини исботловчи етарли далиллар мавжуд эмаслиги сабабли уларнинг маъмурий ёки жиноий жавобгарлик масаласини ҳал этишнинг иложи йўқ.

Терговга қадар текшириш натижасига кўра рейдда тўпланган ҳужжатлар юзасидан бирор-бир шахснинг ҳаракатида жиноят таркиби бўлмагани сабабли 2019 йил 20 майда ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Кўрсатувда эълон қилинган танқидий маълумотнинг кўриб чиқилиши юзасидан муаллифга жавоб хати юборилган.

Бош прокуратуранинг жамоатчилик билан

алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: