Home / Тавсия этимиз / «Жим ўтир, бервораман» — сериал кўраётган она қиёфаси

«Жим ўтир, бервораман» — сериал кўраётган она қиёфаси

Хорижий сериаллар намойиш этилмаслиги учун курашдик. Фикр билдирдик, тарбиямизга, фарзандларимизга, аёлларимизга ёмон таъсир қилаётганини «исботладик». Хуллас, миллий кинолар ишлашга кўпроқ эътибор қаратилди, натижада хориж сериалларининг намойиши камайди. Қувондик.

Лекин онахонлар, уй бекалари, келинлар нима кўраяпти? Менталитетимизга ёт бўлган хорижий сериал намойиши чеклангани билан аёлларимиз бўш вақтида китоб ўқияптими?

Йўқ, афсуски, уларни китобга қизиқтира олмадик. Улар ҳалиям сериал кўраяпти. Бир телеканалда тугаса, иккинчисида бошланади.

…Абдуалим ота Мирсодиқов саксонни қоралади. Кўпни кўрди. Икки фарзандининг турмуши ўхшамади. Набираларининг қора кўзларидаги аламли ёшларни кўрди. Мана, оиласи бузилгач номус қилиб ўзини ўлдирган қизининг ўғлини катта қилаяпти. Келини шу набирасини тергаётганини кўп кўрган. Ичидан зил кетса-да, яхши гап билан келинини бу йўлдан қайтаришга уринади. Бола-да, шўхлик қилгиси келади. Келинига ҳам инсоф кириб, хатосини тушуниб етишини кутади. Аммо…

Кеча сериал кўриб ўтирган келинининг дакки бераётгани устига келиб қолди.

У «Ҳей, жим ўтир, сендақа эси йўқ болани ҳозир итларга бериб юбораман. Шўхлик қилган болани олабўжи обкетади. Кино кўраётганимда шовқин қилма деб огоҳлантиргандим-ку…» дер эди. Абдуалим ота томоқ қирди. Ўз фарзандини ҳам шундай койийдиган, ҳар икки гапнинг бирида болаларни қўрқитиб жим қилишга уринадиган келини буни эшитмади. Тўғрироғи, парво қилмади. Наҳотки шу кино оналик, аёллик меҳридан устун бўлса…

Она деганда меҳридарё, фарзанди учун фидойиликка тайёр зот кўз олдимизга келади. Лекин турмуш ўртоғини ўлдириш учун 50 минг АҚШ долларига одам ёллаган аёл, аёлнинг хиёнати, фарзандларини ҳам ўйламай ташлаб кетиши ҳақидаги хабарларга тез-тез дуч келаяпмиз.

Бугунги жадал тараққиёт анъаналарни емираяптими? Инсонийликка дахл қилаяптими? Саволлар кўп, жавоби эса қўрқинчли.

Биз юқорида тилга олган сериал кўраётган она қиёфаси бу каби иллатларнинг, адашишларнинг бошланиши бўлмасин ишқилиб…

Барно Мелиқулова,

журналист

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: