Жигар савдоси

Ёзнинг жазирама кунларида тановул қилинаётган ҳар бир таомдан шубҳаланишга асос бор. Чунки, бундай кунларда маҳсулотлар қисқа вақт ичида бузилиб, истеъмолга яроқсиз бўлиб қолиши мумкин. Ана шундай вақтда аввало гўштнинг сифатли сақланишига жиддий эътибор қаратиш талаб этилади. Ҳозирга келиб, пойтахт ҳудудидаги ветеринария-санитария талабларига жавоб бермайдиган,  лекин ҳайвон сўйиш учун ўзбошимчалик билан мослаштириб олинган кушхоналар фаолияти тўхтатилган. Улар устидан тегишли ташкилотлар доимий назорат ўрнатган.

Аммо шунга қарамай, ҳайвонларни сўйиш ва сотиш билан шуғулланувчиларда ветеринария-санитария қоида ва меъёрларига амал қилмаслик ҳолатлари учраб турибди. Хусусан, республикамизнинг айрим вилоятларидан сифатсиз гўшт ва калла-почалар яширин равишда пойтахтимизга олиб келиб сотилмоқда ва натижада хавфсизлиги ҳамда сифати кафолатланмаган маҳсулотларнинг ноқонуний савдоси учрамоқда.

Тонгга яқин деҳқон бозорларига кириб келган машиналардан сотиш учун келтирилган турли маҳсулотлар туширилади. Ўша пайтда Департамент ходимлари томонидан бозорга қандай маҳсулотлар келаётгани назорат қилиб борилади. Мазкур жараёнда Департаментнинг Яшнобод туман бўлими ходимлари эътиборини автомашинасидан калла-поча тушираётган шахс тортди.

Дастлабки суриштирув жараёнида маълум бўлишича, машинасида калла-поча олиб келган шахс Юқоричирчиқ туманида яшовчи Ортиқ Тулепов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) экан. У тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмасдан, бу борадаги белгиланган тартибларга амал қилмасдан «Авиасозлар деҳқон бозори»да калла-поча сотиш билан шуғулланиб келганлиги аниқланди. Ўша куни О.Тулепов қорамолнинг гўштидан ажратилган суяк ва жигарини номаълум шахслардан олиб, сотиш мақсадида бозорга олиб келган экан. Ундан ашёвий далил сифатида олинган молнинг 66,4 килограмм сўйимдан чиққан чиқиндилари, 10,5 килограмм суяги, 11,5 килограмм жигари, жами 88,4 килограмм маҳсулотлар ветеринария-санитария экспертизасининг хулосасига кўра истеъмолга яроқсиз деб топилди. Шунингдек, уларда 30 дан ортиқ микроблар борлиги, жигарнинг учдан икки қисми фасциолёз (жигар қурти билан зарарланган) касаллиги билан зарарланганлиги, мол гўштидан ажратилган суяк ҳидланганлиги маълум бўлди.

Шу куни бошқа бир ҳолатнинг ҳам олди олинди. Фуқаро Фарида Эркинова ҳам тегишли ҳужжатларсиз қорамолларнинг калла-почаларини сотиш учун бозорга келтирганлиги маълум бўлди. Ундан 43,3 килограмм қорин ва ичаклар, 65,4 килограмм ўпка, 9 килограмм мия ва 10 дона оёқ ашёвий далил сифатида олиб қўйилди. Ветеринария-санитария экспертизасининг хулосасида ашёвий далил сифатида олиб қўйилган маҳсулотларда зарарли микроблар борлиги қайд этилди.

Департамент ходимлари ўтказган тадбир жараёнида яна бир шахс томонидан истеъмолга чиқарилмоқчи бўл­ган яроқсиз маҳсулотнинг сотувига чек қўйилди. Турғун Абилов Яшнобод туманидаги бозорлардан бирига сотиш учун 12 килограмм калла гўшти, 78 килограмм жигар олиб келган. Сотувга чиқарилмоқчи бўлган калла гўшти ва жигар ветеринария-санитария экспертизасидан ўтказилди ва улар чўчқанинг калла-почалари эканлиги маълум бўлди. Шунингдек, калла гўштида инсон саломатлигига зарар етказувчи турли мик­роб­лар борлиги ва жигарнинг эса ярмидан кўпи фасциолёз касаллиги билан зарарланганлиги аниқланди.

Мазкур ҳолатлар бўйича айбдор шахсларга нисбатан ҳуқуқий чоралар кўрилди. Улардан ашёвий далил сифатида олинган маҳсулотлар эса белгиланган тартибда йўқ қилинди.

Албатта, бу каби маҳсулотларга аҳоли эҳтиёж сезади, аммо масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Калла-поча тез айнийдиган, агар сифатсиз бўлса турли касалликларни келтириб чиқарадиган маҳсулот. Шунинг учун унинг савдоси билан шуғулланишнинг ўзига хос тартиби бор. Аввало, маҳсулот соғлом қорамолники бўлиши, уни сотишдан олдин албатта ветеринар текширувидан ўтказиш керак. Юқорида номлари тилга олинган шахслар эса бу қоидаларнинг ҳеч бирига амал қилишмаган. Истеъмолга  яроқсиз, ўзгалар саломатлигига рахна соладиган маҳсулот сотганлар учун эса жавобгарлик муқаррар.

Рустам ЭРГАШЕВ,

Департаментнинг Яшнобод тумани бўлими бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: