Home / Жиноят ва жазо / Жарима майдончасидаги жиноят қуроли

Жарима майдончасидаги жиноят қуроли

Орамизда ўзини ҳар ишнинг уддасидан чиқишга қодир устомон-у учар қилиб кўрсатувчи кимсалар учраб туради. Албатта, аксарият ҳолларда уларга ишонувчилар ҳам топиладики, бундайлар рўпарасидаги кимсани гўёки умид муждаси билиб, неки талаб қўйса, бажаришга тайёр бўладилар. Яхшики, Ҳакимжон Турғунов ундайлардан бўлиб чиқмади.

Гап шундаки, Ҳакимжон Турғуновга тегишли «ВАЗ-2106» машинаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жиноят қуроли сифатида жарима майдончасига келтириб қўйилган эди.

Амалдаги қонунчилигимиз талабига кўра, тергов-суриштирув жараёнлари якунлангач, фақат суд аслида ҳам машина жиноят қуроли бўлганми ёки йўқлигига аниқлик киритади. Борди-ю, машина жиноят қуроли экани ўз исботини топмаса, албатта, эгасига қайтарилади.

Шу жараёнгача Ҳ.Турғуновга рўбарў келган Нодирбек Халилов машинасини 300 АҚШ доллари эвазига жарима майдонидан олиб чиқиб бера олишини айтади.

Аслида ҳам бу одам бунга қодирми ёки йўқми? Башарти, у товламачи-тамагир бўлиб чиқса-чи?

Нодирбекни умуман танимагани учун ҳам Ҳакимжон аканинг хаёлидан ана шундай асосли саволлар ўтганди. Нодирбек жиянининг қандайдир таниши, холос. Қолаверса, Нодирбек юқори мартабали танишлари орқали машинасини олиб беришга ишонтираётган бўлса-да, бу масала фақат суд орқали ҳал бўлишини яхши биларди.

Ҳар не бўлганида ҳам, қонуний йўл тутган афзал, деган тўхтамга келган машина эгаси ҳолат юзасидан тегишли органларга мурожаат этди. Ўтказилган тезкор тадбир чоғида «ВАЗ-2106″ни осонгина жарима майдончасидан олиб чиқиб беришга «қодир кимса» 300 АҚШ долларини олган пайтда қўлга олинди.

Тергов-суриштирув натижаларига кўра, мазкур ҳолат жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди томонидан Наманган Алоқа ва транспорт коллежи биносида очиқ сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди. Жиноятчига нисбатан тегишли жазо та­йинланди.

Искандар МАҲМУДОВ,

Наманган шаҳар прокурорининг ўринбосари

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: