Home /   / ЖАБРЛАНУВЧИ ВА ГУВОҲ: уларнинг ҳимояси билан боғлиқ янги нормалар

ЖАБРЛАНУВЧИ ВА ГУВОҲ: уларнинг ҳимояси билан боғлиқ янги нормалар

Жиноятчиликка қарши курашиш амалиёти шундан далолат бермоқдаки, махсус чоралар қўллаш орқали жиноят процесси иштирокчилари хавфсизлигини таъминламасдан, шунингдек, уларга нисбатан содир этилиши мумкин бўлган жиноий тажовузлардан ҳимоя қилмасдан туриб, жиноятларга ва айниқса, унинг уюшган шаклларига қарши самарали курашишни тасаввур қилиб бўлмайди. Жабрланувчи, гувоҳ ва жиноят процесси бошқа иштирокчилари ўзининг шахсий хавфсизлигига ва яқинларининг хавфсизлигига тўлиқ ишониши, худди шунингдек, терговни олиб боришга қарши ҳаракат қилаётган шахслар томонидан тазйиқ бўлмаслиги жиноят иши бўйича ҳақиқатни аниқлаш ва жиноятни самарали фош этишнинг зарурий шартидир.

Жабрланувчи, гувоҳ, судья, прокурор, терговчи, суриштирувчи, уларнинг оила аъзолари ва яқин қариндошларига қонунга хилоф равишда таъсир этиш муаммосига давлатимиз мустақиллигининг дастлабки кунлариданоқ жиддий эътибор қаратилди. Мазкур ҳуқуқий институтнинг вужудга келиши ҳамда унинг амал қилишига қаратилган зарур норматив-ҳуқуқий нормалар ишлаб чиқилиб, қабул қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси 270-моддасида жабрланувчи, гувоҳ ёки ишда иштирок этаётган бошқа шахсларга, шунингдек, уларнинг оила аъзолари ёки яқин қариндошларига ўлдириш, куч ишлатиш, мол-мулкини йўқ қилиб ташлаш ёхуд мол-мулкига шикаст етказиш билан ёки ўзга ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатлар билан таҳдид қилинаётир, дейиш учун етарли маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд бу шахсларнинг ҳаёти, саломатлиги, шаъни, қадр-қиммати ва мол-мулкини муҳофаза қилиш, шунингдек, айбдорларни аниқлаш ҳамда уларни жавобгарликка тортиш чораларини кўришлари шартлиги кўрсатилган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 238-моддасида суриштирув олиб бориш, дастлабки тергов ёхуд ишни судда кўриш чоғида ёлғон кўрсатувлар бериш учун гувоҳни ёки жабрланувчини, ёлғон хулоса бериш учун экспертни ёхуд нотўғри таржима қилиш учун таржимонни пора эвазига оғдириб олиш, худди шунингдек, уларга ёки уларнинг яқин қариндошларига руҳий, психологик, жисмоний таъсир кўрсатиш ёки бошқача тарзда таъсир кўрсатиш орқали ёлғон кўрсатув беришга мажбур қилиш учун уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган норма мустаҳкамланган.

Ёлғон кўрсатувлар бериш учун мажбурлаш дастлабки терговнинг натижалари бўйича ноқонуний ва асоссиз қарор қабул қилиш ёхуд ноқонуний ва асоссиз айблов ёки оқлов ҳукм чиқаришига сабаб бўлиши мумкин.

Криминология фанининг мутахассис ва етакчилари, жиноий жавобгарлик нафақат ёлғон кўрсатувлар бериш учун гувоҳни ёки жабрланувчини мажбурлаш учун белгиланиши, балки суриштирув, дастлабки терговни олиб боришда ёки ишни судда кўриш жараёнида жабрланувчи, гувоҳ, шунингдек, уларнинг оила аъзолари ва яқин қариндошларининг ҳаёти ёки соғлиғига, уларнинг мол-мулкини нобуд қилиш ёки унга шикаст етказиш билан таҳдид қилганлик учун ҳам жиноий жавобгарлик белгиланиши лозимлигини таъкидлашмоқда.

Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини (бундан буён матнда ҳимоя қилинувчи шахслар деб юритилади) давлат томонидан ҳимоя қилиш билан боғлиқ тартибга солувчи ҳуқуқий нормаларининг мавжудлиги, жиноят процессуал қонунчилигида аҳамиятли ҳуқуқий институтларидан бири ҳисобланади.

Терговга қадар текширувни амалга ошириш суриштирув, дастлабки тергов қилиш ва ишни судда кўриш жараёнида унинг иштирокчиларига ва айниқса, жабрланувчи ва гувоҳларнинг ҳаракатларига хавфли “таъсир қилиш” таҳдиди мумкинлиги билан боғлиқдир. Ҳозирги вақтда бундай хавф-хатарли таъсирларга қарши кафил жабрланувчилар, гувоҳлар ва жиноят процессининг бошқа иштирокчилари хавфсизлигини таъминловчи тизимли ҳуқуқий нормаларнинг қабул қилинишидир. Мамлакатимизнинг жиноят процессуал қонунчилигида бундай ҳуқуқий институт ҳали тўлиқ ҳамда етарли даражада шаклланмаганлиги боис, мазкур соҳада кўплаб муаммолар пайдо бўлиши табиийдир ва уларни ўз вақтида ва тўғри ҳал этиш жиноят процессида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, уларнинг ҳаёти ва соғлиғи самарали ҳимоя қилинишига боғлиқ бўлади.

2019 йилнинг 14 январида “Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг 515-сонли Қонуни қабул қилинди ва мазкур ҳужжатга мувофиқ жиноят процессуал қонунчилигига ҳимоя қилинувчи шахсларнинг хавфсизлик ва ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ янги нормалар киритиш йўли билан такомиллашадиган ҳуқуқий институт жорий этилди.

Соҳанинг етакчи мутахассис ва экспертлари фикр-мулоҳазаларига кўра, бундай институтнинг киритилиши – жамиятимизда ҳуқуқ-тартиботнинг янада мустаҳкамланиши, жиноятларнинг, шу жумладан, айнан иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларнинг олдини олиш ва фош этиш ишлари сезиларли даражада ошиши ва бу ўз йўлида ўғирланган ҳамда талон-торож қилинган пул маблағларининг давлат бюджетига қайтарилишига имкон бериши, худди шунингдек, коррупциявий ва бошқа оғир ва ўта оғир жиноятларнинг содир этилиши кескин камайишига омил бўлиши шубҳасиздир.

Қонунга мувофиқ, давлат томонидан ҳимоя қилинувчи қуйидаги тоифадаги шахслар аниқ белгиланди, яъни а) жабрланувчи ва унинг қонуний вакили; б) гувоҳ; в) жамоат айбловчиси ва жамоат ҳимоячиси; г) гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, уларнинг ҳимоячилари ва қонуний вакиллари; д) маҳкум, оқланган шахс, ўзига нисбатан жиноят иши тугатилган шахс; е) фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари;  ж) эксперт, мутахассис, таржимон ва холислар.

Алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, юқорида кўрсатилган шахсларнинг оила аъзолари ва яқин қариндошлари ҳам ҳимоя қилинувчи шахслар бўлиши мумкин. Бундан ташқари, ҳимоя қилиш чоралари жиноят иши қўзғатилгунига қадар аризачига, жиноят шоҳидига ёки жиноятнинг олдини олишга ёхуд уни фош этишига кўмаклашувчи шахсларга нисбатан ҳам қўлланилиши мумкинлиги муҳим аҳамият касб этади.

Ҳимоя қилишни таъминловчи давлат органлари сифатида: 1) ҳимоя қилишни таъминлаш тўғрисида қарор қабул қилувчи органлар; 2) хавфсизлик чораларини таъминловчи органлар; 3) ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини таъминловчи органлар белгиланди.

Ҳимоя қилишни таъминлаш тўғрисидаги қарор жиноят ишини юритаётган, терговга қадар текширувни амалга ошираётган, суриштирув, дастлабки тергов органлари ва суд томонидан қабул қилинади.

Давлат томонидан ҳимоя қилинувчи шахсларни ҳимоя қилиш қонунийлик, ҳимоя қилинувчи шахснинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги, ҳимоя қилинувчи шахсларнинг ҳамда ҳимоя қилишни таъминловчи давлат органларининг ўзаро жавобгарлиги принципларига асосланади.

Қонунда ҳимоя қилинувчи шахсларга нисбатан қуйидаги хавфсизлик чоралари татбиқ этилиши назарда тутилган: 1) ҳимоя қилинувчи шахс тўғрисидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш; 2) шахсни, уй-жойни ва бошқа мол-мулкини қўриқлаш; 3) ҳимоя қилинувчи шахсга махсус индивидуал ҳимоя воситаларини ва техник воситаларни бериш; 4) вақтинчалик хавфсиз жойга жойлаштириш; 5) бошқа яшаш жойига кўчириш, иш (хизмат) ёки ўқиш жойини ўзгартириш; 6) ҳужжатларни алмаштириш; 7) ҳимоя қилинувчи шахс тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланишни чеклаш; 8) қамоқда ёки жазони ўташ жойларида сақланаётган ҳимоя қилинувчи шахсга нисбатан қўшимча хавфсизлик чораларини таъминлаш. Таъкидлаб ўтиш лозимки, қонунда ҳужжатларни алмаштириш ва ҳимоя қилинувчи шахс тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланишни чеклаш хавфсизлик чоралари фақат оғир ва ўта оғир жиноят ишлари бўйича зарур бўлган ҳолларда амалга оширилиши белгиланган.

Ҳимоя қилинувчи шахсни жиноят процессида иштирок этганлиги муносабати билан ўлдириш, унга зўрлик ишлатиш, унинг мол-мулкини йўқ қилиш ёки мол-мулкига шикаст етказишнинг аниқ таҳдиди мавжудлиги ҳақидаги маълумотлар хавфсизлик чораларини қўллаш учун асос бўлади.

Хавфсизлик чоралари ҳимоя қилинувчи шахснинг ёзма аризаси асосида ёки унинг розилиги билан, вояга етмаган шахсларга нисбатан эса улар ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг, шунингдек, васийлик ва ҳомийлик органлари ваколатли вакилларининг (ота-онаси ёки бошқа қонуний вакиллари ҳомийлигидан маҳрум бўлган тақдирда) ёзма аризаси асосида ёхуд уларнинг ёзма розилиги билан қўлланилади.

Жиноят процессида иштирок этувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишга йўналтирилган ва муҳим аҳамиятга эга бўлган қоида —  бу ҳимоя қилинувчи шахснинг жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан ҳалок бўлганлиги (вафот этганлиги), унга тан жароҳати ёки унинг соғлиғига бошқача зиён етказганлиги, мулкий зарар етказганлиги учун ижтимоий ҳимоя қилиш чораларни қўллашдир.

Қонунда ҳимоя қилинувчи шахсларнинг, шунингдек, ҳимоя қилишни таъминловчи органларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари кўрсатилган.

Табиийки, жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процесси бошқа иштирокчиларининг хавфсизлигини самарали, ҳар томонлама ва ишончли чоралар ёрдамида таъминлаш, шунингдек, зарур бўлган пайтда уларга нисбатан ижтимоий ҳимоя қилиш чораларни қўллаш учун бундай тадбирлар етарли даражада молиялаштирилиши ва моддий-техник жиҳатдан таъминланиши зарур. Бундай масалалар ҳам Қонуннинг тегишли моддасида аниқ ифодаланган. Қонунда ҳимоя қилинувчи шахсларни ҳимоя қилиш чораларини молиялаштириш ва моддий-техник жиҳатдан таъминлаш бюджет маблағлари ҳамда ҳимоя қилишни таъминловчи давлат органларига шу мақсадлар учун ажратиладиган, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган.

Шухрат Абакулов,

Мажбурий ижро бюросининг

бўлим бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: