Home /   / Жаҳолатнинг қабиҳ сиртмоғи

Жаҳолатнинг қабиҳ сиртмоғи

  Одам савдосига қарши дунё бўйлаб кенг қамровли фаолият, тегишли тарғибот-ташвиқот олиб борилишига қарамай, ҳар йили кўплаб инсонлар «замонавий қуллик» қурбонига айланмоқда. Улар орасида аёллар, кексалар, ҳатто ёш болаларнинг ҳам борлиги ачинарлидир. Ушбу жиноятнинг ривожланишига туртки бўлаётган асосий омиллардан бири одамларнинг чет элга бориш ва ишга жойлашиш ҳақида етарли маълумотга эга эмаслигидир.

Афсусланарлиси, ўзга давлат, бегона бир муҳитга тушиб қолганлар биринчи навбатда ўша давлат тилини, ўз ҳуқуқларини билмаслиги оқибатида виждонсиз кимсалар қўлида оғир жисмоний меҳнатга сафарбар этилмоқда, аёллар эса тубан ва фаҳш ишларга мажбур қилинмоқда. Ҳозирги илм-фан ва ахборот технологияларининг ривожи ҳамда глобаллашув жараёнларида бу жиноятнинг янги, турли кўринишлари пайдо бўлмоқда.

Статистик маълумотларга кўра, жаҳонда ҳар йили тахминан 3 миллиондан ортиқ инсон одам савдосининг қурбонига айланмокда. Ҳар йили 600-800 минг нафар аёллар ва болалар турли алдов йўллари билан чет элларга олиб кетилиб, эксплуатация қилиш мақсадида сотиб юборилмоқда. Жиноий гуруҳлар учун одам савдоси жуда катта даромад келтирадиган манбага айланиб, у гиёҳванд моддалар ва қурол савдосидан кейин         3-ўринни эгалламоқда.

Бу жирканч савдо айни вақт­да дунёнинг деярли барча давлатларини қамраб олган десак, янглишмаймиз. Шулар қаторидан республикамиз ҳам ўрин олган бўлиб, у одам савдоси қурбонларини ўтказувчи (транзит) ёки бу турдаги жиноятлар содир бўлувчи мамлакат эмас, балки бу борада донор давлат ҳисобланиб, амалиётда фуқароларимиз асосан хорижда бу иллатнинг қурбони бўлган. Шунинг учун ҳам бу борада Ўзбекистон 60 дан ортиқ хал­қаро ҳужжатга қўшилиб, хорижий давлатлар билан уюшган жиноятчилик, шу жумладан, одам савдосига қарши курашга қаратилган 29 та шартнома ва келишув имзолади.

Мамлакатимизда одам савдосига қарши курашиш жараёни мустаҳкам хуқуқий ва институционал база яратишдан бошланди. Жумладан, 2008 йил 17 апрелда «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилиниб, Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг 2008 йил 8 июлдаги қарори билан Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси тузилди, мазкур жиноятга қарши изчил ва тизимли кураш бошланди.

Одам савдосига қарши курашиш борасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, профилактик тадбирларни жадаллаштириш, шунингдек, жабр­ланганларни ҳимоя қилиш борасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш мақсадида ҳар икки йилга мўлжалланган 4 та Миллий ҳаракатлар режаси қабул қилиниб, улар тўлиқ ижро этилди. Бугунги кунда одам савдосига қарши курашиш юзасидан 2019-2020 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, ижроси амалга оширилмоқда. Шунинг­дек, яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони эълон қилинди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари асосида давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида қабул қилинган, «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги Президент Фармони ижроси доирасида 2017 йил 14 мартда қабул қилинган 2833-сонли қарорга асосан Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси фаолияти қайта ташкил этилди. Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси таркибига 16 та вазирлик ва ташкилот, шу жумладан, 3 та нодавлат нотижорат ташкилоти киритилди ва комиссиянинг ишчи органи этиб Ички ишлар вазирлиги белгиланди.

Мазкур комиссия томонидан олиб борилаётган ишлар ҳар чоракда ўтказиладиган йиғилишларда муҳокама этиб борилади. Ҳудудий комиссиялар фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида йилда камида 2 маротаба мониторинг ўтказилади. Бундан таш­қари, комиссия томонидан одам савдоси жабрдийдаларини аниқлаш, уларга ижтимоий, ҳуқуқий ёрдам бериш мақсадида веб-сайт ҳамда (998-99-311-01-01) долзарб алоқа тармоғи фаолияти йўлга қўйилган. Бу алоқа тармоқлари жабрдийдалар билан дунёнинг исталган минтақасидан бевосита боғланиш ва уларга тезкор кўмаклашиш имконини бермоқда.

Аҳоли, хусусан, ёшлар орасида олиб борилган тарғибот-ташвиқот тадбирлари, шунинг­дек, мамлакатимиз ва Марказий Осиё  минтақасида ўтказилган тезкор ва профилактик тадбирлар натижасида одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар салмоғи сезиларли даражада камайишига эришилди. Таъкидлаш жоизки, эндиликда жиноий-ҳуқуқий сиёсатда асосий эътибор содир этилган жиноят учун пост фактум жазолаш эмас, превентив чораларни кўриш орқали уларнинг содир этилмаслигини таъминлашга қаратилган. Бундан таш­қари, 2018 йилда Бош прокуратура Академияси тизимида бу турдаги жиноятларнинг содир этилиши сабабларини ўрганиш мақсадида Тизимли таҳлил маркази ташкил этилди. Жиноятчилик ва унинг келиб чиқишига сабаб бўлаётган таҳлиллар натижасида жорий ва истиқболдаги давр учун ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўйича стратегиялар ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда. Биргина 2018 йилда 72 мингдан ортиқ профилактик тадбирлар ўтказилганлиги ва бу рақамлар 2017 йилга нисбатан 2,5 баробарга кўплиги амалга оширилган ишлар кўламини ва миқёсини кўрсатиб турибди.

Таҳлиллар Ўзбекистон фуқароларининг одам савдоси жинояти қурбони бўлиши эҳтимоли уларнинг хорижий меҳнат миграцияси жараёнларида юқори эканлигини кўрсатган. Ушбу хавфдан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон меҳнат миграцияси жараёнларида фуқароларнинг одам савдоси қурбони бўлишининг олдини олиш мақсадида мамлакатда ушбу жараёнларни тартибга солишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар кўрилмоқда. Хусусан, хорижда ишловчи фуқароларимизнинг ижтимоий ва меҳнат ҳуқуқларини таъминлашни назарда тутувчи давлатлараро икки томонлама ҳужжатлар имзоланган. Фуқароларнинг якка тартибда ўзларини хавфга қўйиб, одам савдоси қурбони бўлиш хатарларини минималлаштириш мақсадида хорижий меҳнат миграциясини тартибга солиш бўйича 2018 йил 23 январда Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди. Ушбу қарор асосида фуқароларнинг хорижда бандлигини таъминлашни уюшган ҳолда танлов ўтказиш ва ёллаш ор­қали амалга оширишнинг афзалликларини тушунтириш бўйича ташвиқотлар ўтказилди. Ўзбекистон фуқаролари чет элда бўлганда хавфсизлик талаблари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, хорижий мамлакатнинг асосий қонун-қоидаларини ўзида акс эттирувчи эслатмалар ишлаб чиқилиб, тарқатилди. Шунингдек, ҳукуматнинг юқорида қайд этилган қарорига асосан хорижга борувчи шахс­ларга арзонлаштирилган нарх­ларда темир йўл ва авиачипталар сотиб олиш механизмлари жорий этилди.

2018 йил 16 октябрда «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги Қонун қабул қилиниши билан фуқароларни хорижга ишга жойлаштириш бўйича хусусий бандлик агентликларига лицензия асосида фаолият олиб боришига рухсат берилиб, миграциянинг диверсификация қилиниши таъминланмоқда. Ушбу комплекс профилактик ва превентив чоралар натижасида 2018 йилда бу йўналишдаги жиноятлар сони 60 фоизга, жорий йилнинг 6 ойида эса 30 фоизга камайди.

Одам савдосидан жабрланганларни аниқлаш, уларни ҳимоя ва ижтимоий реабилитация қилиш ҳамда хорижда меҳнат билан банд бўлган фуқароларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори билан 2018 йил 5 июль куни махсус жамғарма ташкил этилиб, унинг асосий вазифалари белгилаб берилди. Ушбу жамғарма томонидан ўтган даврда хорижда оғир молиявий аҳволга тушиб қолган, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз ва ватанга қайтиш имконига эга бўлмаган, қисқа қилиб айтганда, одам савдоси жиноятининг қурбони бўлиш эҳтимоли мавжуд бўлган 1300 нафардан ортиқ фуқарога ватанга қайтиш учун авиачипта олиб берилиши ҳамда моддий тўлов берилиши таъминланди.

Жорий йилнинг 17 январь куни Ўзбекистон Республикасининг «Консуллик уставини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди.

Ушбу қонунда одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва кўмаклашиш бўйича консулликнинг функциялари алоҳида белгилаб берилди. Хусусан, консулликнинг мансабдор шахси ўз ваколатлари дои­расида, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида турган, одам савдосидан жабрланган фуқароларимизга ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича фаолиятни амалга оширади. Одам савдосидан жабрланганларнинг Ўзбекистон Республикасига қайтишига кўмаклашади, уларда шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда эса уларнинг шахсини ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансублигини аниқлаш бўйича ўз вақтида чоралар кўради ҳамда консуллик ва бошқа йиғимларни ундирмасдан уларга Ўзбекистон Республикасига қайтиши учун ҳужжатларни расмийлаштиради. Одам савдосидан жабрланганларни уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳақидаги ахборот билан таъминлайди.

Ҳозирда Ўзбекистон фуқароларининг меҳнат миграцияси географиясидан келиб чиққан ҳолда консулликлар ва ваколатхоналар сони шунга мос равишда қатор мамлакатларда кўпайтирилган.

МДҲ давлатларининг 2019-2023 йилларга мўлжалланган қўшма режасига асосан 2018 йилнинг ноябрь ва 2019 йилнинг март ойларида Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлатлари ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда «Стоп трафик» номли тадбир ўтказилиб, қатор ижобий натижаларга эришилди. Бундан таш­қари, Малайзия, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Таи­ланд, Ҳиндистон ва Америка Қўшма Штатларининг ваколатли органлари билан бу йўналишда ҳамкорлик қилиш бўйича икки томонлама музокаралар олиб борилмоқда.

Гарчи, бу турдаги оғир жиноятнинг олдини олиш бўйича комплекс чоралар кўрилаётган бўлса-да, афсуски, бундай хунук жиноятлар содир бўлмоқда ва жабрланганлар ҳам мавжуд. Шунинг учун ҳам республикамизда Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича Республика реабилитация маркази ташкил этилган. Бу ерда ҳар бир жабрдийданинг индивидуал сифатлари ва шахсини ҳисобга олган ҳолда уларни реабилитация қилиш методикаси ишлаб чиқилган. Аввало, одам савдосидан жабрланган шахсларни ижтимоий реабилитация қилишда уларни иш билан таъминлашга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бунда улар учун алоҳида квоталанган иш ўринлари яратилган. Марказ томонидан қайд этилган ёрдамларнинг барчаси жабрланган шахс­ларнинг розилиги асосида кўрсатилади. Шунингдек, фуқаролар ушбу хизматлардан одам савдоси қурбони бўлганлиги ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилганлиги ёки қўзғатилмаганлигидан қатъи назар, фойдаланади.

Дилшод РАҲИМОВ,

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга

қарши курашиш департаменти бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: