Home /   / ЖАҲОЛАТ СИРТМОҒИ — аёл ўз жонига қасд қилди…

ЖАҲОЛАТ СИРТМОҒИ — аёл ўз жонига қасд қилди…

Афсуски, бир пайтлар вужудларни ларзага келтирган бундай хабардан бугун айримларнинг эти ҳам сесканмайди. Одатда нохуш хабар маҳаллада яшин тезлигида тарқалади. Ҳар ким ақли етганича вазиятни таҳлил қилишга, айбдорни топишга уринади. Кимдир суриштириб ҳам ўтирмасдан аёлнинг эрини, қайнонаси ёхуд бошқа қариндошини, яна кимдир ношукурлик қилгани учун марҳумнинг ўзини айблашга тушади. Аммо…

Аммо бўйнига сиртмоқ солишгача бориб етган аёлни бунгача қандоқ сиртмоқлар бўғиб келгани ёлғиз худога аён. Жон аслида ҳаммага ҳам ширин. Ким ҳам ҳаёт деб аталмиш улуғ неъматдан юз ўгириб, яқинларини, ширин фарзандларини ҳасратда қолдириб, минг бир азоб исканжасида жон таслим қилгиси келади?

Бироқ аёлга бу дунё азобларидан ўлим афзал кўринди, узоқ давом этган хўрлик, камситиш, жабру ситамлардан бир зумда қутулмоқчи бўлади ўзича…

Ўша куни эр-хотин эрталабдан уйларидан беш чақиримча узоқда жойлашган томор­қасига ишлагани боришди. Абдужаббор у ерга арпа эккан эди. Экинни суғоришди. Бирор соат ишлаганларидан сўнг бетон ариқда сув камайди. Сарвигул нон ёпиши кераклигини айтиб, қўшни хотин билан уйига қайтди. Эри ҳам ишларини саранжомлаб, уйига келганида хотинининг қораси ҳам кўринмади. Аччиқланганича онасидан сўради:

— Она, келинингизни кўр­мадингизми? Қаёққа йўқ бўл­ди у?

— Билмадим, — деди Гулсум хола. — Нон ёпаман деб, ўчоққа ўтин солувди. “Тефал”­да сув қайнатди. Кейин янги кийимларини кийиб, чиқиб кетди…

Абдужаббор ғазабдан қалтираб кетди. Қизи Гулмира билан қайнисининг уйига йўл олди. Бу ерда кўп можаро бўлиб ўтгани боис ичкарига киришга юраги бетламади. Қизини киритиб юборди. Гулмира қайтиб чиқиб, онасининг бу ерга келмаганини айтди. Ота-бола бошқа қариндошларининг уйларидан ҳам Сарвигулни суриштириб чиқишди. Ҳеч қаерда йўқ. Уйга қайтишди. Дарвозадан кирар-кирмас молхона тарафдан чинқириб йиғлаб келаётган онасини кўриб, Абдужабборнинг ранги ўчди.

— Қара, югур, Абдужаббор, — йиғи аралаш қичқирарди Гулсум хола. — Уйинг куйди. Хотининг ўзини осиб қўйибди…

* * *

2019 йилнинг июнь ойида жиноят ишлари бўйича Нишон тумани судининг биносида ўтказилган очиқ суд мажлисида судланувчи Абдужаббор Орзиевнинг (исм ва фамилия­лар ўзгартирилган) жиноят иши кўрилди.

Абдужаббор Орзиев 1972 йилда туғилган. Маълумоти ўрта, оилали, уч фарзанди бор, илгари судланмаган, вақтинча ишсиз, 3-гуруҳ ногирони.

Асли Деҳқонобод туманида туғилган, тақдир тақозоси билан Нишон туманида истиқомат қилган Абдужаббор Сарвигул билан турмуш қуриб, бир неча йил аҳил яшади. Орада бир ўғил ва бир қизи туғилиб, вояга етишди. Абдужаббор Деҳқонободдаги заводда ҳайдовчи бўлиб ишларди. Нишон билан ишхонасининг ораси ҳазилакам йўл эмас, табиийки, бир неча кунлаб завод ётоқхонасида қолиб кетарди.

Бундан икки йилча аввал Абдужабборнинг хотинига муомаласи кескин ўзгариб қол­ди. Табиатан инжиқ, жиззаки эди, Сарвигул бунга кўникиб кетганди, аммо буёғига кўникиш… имконсиз эди. У арзимаган баҳона билан хотинини аёвсиз тепкилар, тегирмонда ишлатиладиган тасма билан савалар, тегирмонхонага қа­маб қўйиб, нон-сувсиз қолдириб, хўрларди. Бу хўрликлар ҳам ҳали ҳолва экан. Тез орада ундаги ўзгаришларнинг сабаби аён бўлди.

— Уйни бўшат, — деди бир куни одатга айланган жанжалларидан бирида Абдужаббор, — бўлмаса, Деҳқонободдаги хотинимни устингга олиб келаман, сени йўқотиб юбораман ё бўлмаса унга чўри қиламан…

Ҳа, икки фарзанднинг отаси бўлган бу эркак Деҳқонободда Ойниса исмли аёлга уйланиб, ишхонаси атрофидаги уйлардан бирида ижарада яшаб келаётган экан.

Хўрлигу ситамлар аввалгидай давом этди. Сарвигул ёрдам сўраб Анвар акаси билан маҳаллага чиқди. Маҳалла раиси нима бўлганини сўраган вақтида Анвар синглисининг оиласи нотинч эканини, эри синглисини уйидан чиқариб юборганини, бошқа хотин олганини, шу хотинини олиб келишини, шу сабабли синглисини отасининг уйига жўнатмоқчи эканини айтди. Маҳалла раиси Сарвигулдан нима бўлганини сўраганида, аёл ерга қараб “Йўқ, айтолмайман” деб жавоб берди. Раис маҳалла маслаҳатчисига у билан алоҳида гаплашиб, нима бўлганини сўрашини тайинлади.

Сарвигул маслаҳатчига ёрилди:

— Опа, турмуш ўртоғим бош­қа аёлга уйланган, уни менинг устимга олиб келмоқчилигини айтди…

— Маҳалладан ўтиб, қандай олиб келади, маҳалла бунга жим қараб турмайди, — деди маслаҳатчи. — Эрингиз бошқа хотинни никоҳига олганига аниқ исботингиз борми?

— Йўқ, — дея яна ер чизди аёл.

— Бўлмаса отангизнинг уйи­га кетманг, қолинг шу ерда, бизлар турмуш ўртоғингиз билан гаплашамиз, — деди маслаҳатчи.

Аёл чуқур уф тортиб, бир қоғозни стол устига қўйди:

— Эримнинг устидан ариза ёзиб келувдим. Ариза қандай тартибда ўрганилади ўзи?

Минг бир истиҳола билан берилган бу савол маслаҳатчини ўйлантириб қўйди. Чамаси аёл эрининг устидан ариза ёзганидан уялаётган, маҳаллада бўладиган турли гап-сўзлардан номус қилаётганди.

— Ариза бўйича икки тарафни ҳам чақирамиз, юзма-юз ҳолда ўрганилади, сўнг якка тартибда ҳам ўрганамиз… Агар сизда жароҳат бўлса, ички ишлар бўлимида рўйхатдан ўтиб, сўнг экспертизага борасиз, агар яраштиришнинг иложи бўлмаса, судга ариза билан мурожаат қиласиз…

— Агар шундай ўрганиладиган бўлса, ариза бермайман, керакмас, — дея аёл столдан қоғозини олди-ю, бошини қуйи эгиб, хонадан чиқиб кетди…

Шундан сўнг аёл туман ҳокимининг ўринбосари — хотин-қизлар қўмитаси раисининг ҳам қабулида бўлиб, ундан кўмак сўради. Қўмита раиси Сарвигулга таскин бериб, оилада бундай жанжаллар бўлиб туришини, уйидан ҳеч қаерга чиқмаслигини, турмуш ўртоғига яхши муомала қилишини, агар эри босим ўтказса, унга телефон қилишини, мулкий низолар бўйича фуқаролик судига мурожаат қилишини тайинлаб, кузатиб қўйди.

Бироқ Абдужабборнинг Сарвигулга зуғуми ойлаб давом этди. Оқибатда аёлнинг боши муттасил оғрийдиган ҳолатга етди. У уйқусини ҳам йўқотди. Хаёлида ҳамиша ортидан эри мушт кўтариб қувлаётгандай эди. Охири Деҳ­қонободга, отасининг уйига кетиб қолди. Фарзандларини Тошкентдаги қариндошлариникига жўнатди. Касаллиги хусусида отасига шикоят қилди. Улар Сарвигулни асаб-руҳий шифохонасида даволатишди. Судга мурожаат қилиб, Абдужаббордан алимент ундириш ҳақида қарор чиқартиришди. Бу орада ортиқча чиқимдан қўрққан эри Сарвигулни излаб Деҳқонободга борди. Аввал жанжал, сўнг муроса-ю мадора бўлди-ю, ҳарқалай эр хотинини олиб, Нишонга қайтди. Аммо ҳеч нарса ўзгармади. Оқибат…

* * *

Судда Абдужаббор ўзига қўйилган барча айбларни инкор этиб, Сарвигулнинг ўлимида ҳеч қандай айби йўқлигини айтди. Қайниларидан қўрққани туфайли акаларининг уйидан чиқарилган Сарвигулнинг маъракаларида иштирок этолмаганини қайд этди. Аммо Деҳқонободда хотини ва ўғли борлигини тан олишга мажбур бўлди. Суд мажлисида Абдужабборнинг хотинига мунтазам равишда зўравонлик ишлатиб келгани гувоҳларнинг кўрсатувлари орқали ўз исботини топди. Жабрланувчи, Абдужабборнинг катта ўғли Амриддин ҳам отаси онасини ҳамиша аёвсиз уриб, қийнаб келганини, ҳатто маъракаларида қатнашмаса ҳам, маҳалладан бериладиган дафн харажатларини сўраб олганини қайд этиб, отасига ҳеч қандай даъвоси йўқлигини айтди.

Суд ҳукмига кўра Абдужаббор  Орзиев беш йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Шунингдек, суднинг хусусий ажримида қайд этилишича, маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан фуқаролар ўртасида ҳуқуқ тарғиботи йўлга қўйилмагани, ҳеч қаерда ишламайдиган кишилар билан профилактика ишларининг олиб борилмагани, ҳудуддаги ҳар бир фуқаронинг турмуш тарзи, қандай даромад асосида кун кечираётгани, ишсизлар қандай яшаётгани ўрганилмагани ва ўз вақтида керакли чора-тадбирлар кўрилмагани юқоридаги каби жиноятлар содир этилишига сабаб бўлмоқда. Шу боис суд Абдужаббор Орзиев яшаган маҳалла мутасаддиларининг диққат-эътиборини мазкур ажримда қайд этилган сабабларни бартараф этиш чораларини кўришга қаратди.

Ҳа, яна одатий саволга қайтамиз. Маҳалла-кўй, қўни-қўшни, мутасаддилар қаерга қарашди? Наҳотки аҳвол шу даражага етгунига қадар зўравон эрни тийиб қўядиган бирор мард топилмади?

Аёлларни хонадон чироғига қиёслаймиз. Ким ўз қўли билан уйини чароғон этиб турган чироққа тош отиб, уйини зимистонга айлантиради?

Абдужабборга томорқасига эккан арпасини саранжомлаб олиш насиб қилдими-йўқми?.. Аммо бир нарса аниқ — ҳар ким экканини ўради. У қилмишига яраша жазосини олди. Бир куни жазо муддати ҳам тугайди. Абдужаббор уйига қайтади. Лекин онасиз қолган ўғли ва қизининг нигоҳларига қандай дош бериб яшайди? Энг оғир жазо ўшанда бошланмайдими?

Абдурайҳон Муҳаммадиев,

Нишон тумани прокурори

Норбўта Ғозиев,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: