Home /   / Зaмoндaн илгapи ёки замон билан бирга…

Зaмoндaн илгapи ёки замон билан бирга…

Мамлакатимизда ёшларни ҳам маънан, ҳам жисмонан камол топтиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. 1991 йил 20 ноябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида»ги қонун фикримизнинг далилидир. Зеро, эзгу орзу-ниятлар билан яшаётган ҳар бир фуқаро ўз келажагини фарзандлари камолида кўради. Юртнинг эртанги тақдири ҳам ёш авлод тарбияси билан чамбарчас боғлиқ.

Имконият фаолликка ундайди

Юртимиз ёшларига яратилаётган имкониятлар албатта улардан катта масъ­улият, меҳнат талаб этади, фаолликка ундайди. Бугунги нуқтаи назардан қараганда ёшларнинг ғоявий тарбиясига эътиборни кучайтириш лозим. Маълумки, инсоннинг ҳаётини, дунёқарашини ўзгартиришга мажбур қиладиган маънавий омиллар орасида фикр, ғоя, мақсад ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади. Ҳеч ким фаол ёки нофаол бўлиб туғилмайди. Бу хусусият болада йиллар давомида шаклланади. Бола оилада, мактабда кераклича рағбатлантириб борилиши керак. Баъзан ота-оналар болаларига ҳар хил тадбирларда қатнаш­гунча дарсингни тайёрла, уй ишларига қараш деб улардаги иштиёқни сўндириб қўйишади. Бизнингча, бундай йўл тутиш нотўғри. Шундай қилиш керакки, ўқувчи дарс тайёрлашга ҳам, тадбирларда ўзини кўрсатишга ҳам вақт топа олсин.

Ёшлар онгига сингдирилаётган тарбия замирида янгича дунёқараш, ватанга садоқат, миллий қадрият ва анъаналарга ҳурмат, ўзаро меҳр-муҳаббат, танлаган йўли, касби, эътиқодига содиқлик каби эзгу тушунчалар ётади.

 

«Олтмиш фоиз» қудрати

Дунё аҳолисининг қарийб 20 фоизи ёшлар бўлса, бизда бу кўрсаткич 60 фоиздан ошади. Ёшлар – халқимиз, давлатимизнинг бебаҳо бойлиги. Бизда улар учун барча шароитлар яратилган. «Гар фаоллик бўлмаган жойда, не наф ақл хазинасидан?» деган эди гуржи халқининг буюк фарзанди Шота Руставели. Бугун юртимизда ўзлари учун яратилаётган имкониятдан руҳланган ёшларимиз билим ва салоҳияти билан ўзларини намоён этишмоқда.

Ўзбекистонда ёшларнинг нуфузини оширишда халқаро кўргазмалар, олимпиадалар, турли танлов ва мусобақаларнинг аҳамияти катта. Йигит-қизларимизнинг фаоллиги йилдан-йилга ошиб бораяпти. Бугунги кунда 4 мингга яқин ёшларимиз турли мукофотларга сазовор бўлган, 110 нафар йигит-қиз ватанимизнинг юксак унвонлари билан тақдирланган, 22 мингдан ортиқ ёшлар фан олимпиадаларида, 195 нафари эса халқаро олимпиадаларда ғолибликни қўлга киритган. Ёшларимиз орасида фан номзодлари, фан докторлари ҳам талайгина. Шунингдек, 192 мингдан ортиқ ёш турли мусобақалар, 3 мингдан ортиғи эса халқаро мусобақалар ғолибидир. Улар орасида 600 нафар жаҳон, 1300 нафар Осиё чемпиони бор.

Ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг қалбига ватанга муҳаббат, умрбоқий анъаналаримизга ҳурмат туйғуларини сингдиришда мусиқанинг ўрни беқиёс. Шу боис ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сурган беш ташаббуснинг биринчиси мусиқа тарбияси билан боғлиқ, мусиқий таълимни янада ривожлантириш, бу борада кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, соҳа мутахассисларининг меҳнатини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти.

 

Янги босқич, янгича шижоат…

Мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган. Хусусан, ўтган йиллар давомида ёшлар сиёсатига оид йигирмадан ортиқ қонун, юзга яқин фармон ва қарор қабул қилинди. Ўзбекистон ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган ўттиздан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатни ратификация қилган. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 5 июлдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди.

2017 йил 30 июнь куни «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида нутқ сўзлаган Президентимиз бундан кейин ҳаракатни Ёшлар иттифоқи деб аташ ва ушбу санани мамлакатимизда Ёшлар куни сифатида нишонлаш ташаббусини илгари сурган эди. Ўша йилнинг 26 августида эса «Ўзбекистон Республикаси ёшлари кунини белгилаш тўғрисида»ги қонун матбуотда эълон қилинди ва кучга кирди.

Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур тузилманинг жамиятдаги нуфузини ошириш механизмлари жорий этилди. Жумладан, Ёшлар иттифоқининг раиси айни вақтда Президентнинг ёшлар сиёсати бўйича давлат маслаҳатчиси ҳамда сенат аъзоси бўлди.

Шунингдек, иттифоқнинг ҳудудий кенгашлари раислари ёшлар сиёсати масалалари бўйича ҳоким маслаҳатчиси ва мақоми бўйича унинг биринчи ўринбосарига тенглаштирилди. Бундай амалиёт жойлардаги долзарб масалаларни ҳал этишда ёшларнинг бевосита иштирокини таъминлайди. Шу билан бирга, кадрлар сиёсатида ҳам ёшларга алоҳида эътибор қаратилиб, билимли, ташаббус­кор ёшларимизга энг масъулиятли вазифалар ишониб топширилмоқда.

 

Келажакка дахлдор ўзгаришлар

«Ўзбекистон Республикаси ёшлари кунини белгилаш тўғрисида»ги қонуннинг кучга киргани мамлакатимизда олиб борилаётган ёшлар сиёсатининг ҳуқуқий ифодаси бўлди. Давлатимиз раҳбари ёшлар сиёсатининг ўзига хос жиҳатлари хусусида тўхталиб, «…миллионлаб ёшларнинг ҳаёти ва келажагига бевосита дахлдор бўлган ўзгаришлар ҳар томонлама чуқур ўйлаб иш тутишни, етти ўлчаб бир кесишни талаб этади» дея таъкидлаган эди. Шу маънода янги қонун жамият ва давлатнинг ёшлар сиёсатидаги қатъий иродасини намоён этиб, моҳиятан халқимиз манфаатларига хизмат қилади.

Юқорида таъкидлаганимиздек, ёшлар катта салоҳият, катта куч. Бугун турли соҳаларда талай ютуқларга эришаётган ёшларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Улар эришаётган ютуқларни нафақат халқимиз, балки бутун дунё афкор оммаси кўриб турибди ва тан бермоқда. Халқимизнинг пировард мақсади ҳар жиҳатдан етук, баркамол инсонлар жамиятини барпо этиш, келажаги буюк давлат қуришдан иборатдир. Зеро, бу юртда маърифат ҳамиша улуғланиб, маърифатпарвар инсонлар доимо эъзозланиб келган. Бу элнинг фарзандлари иқболга эришмоқ илмнинг хосиятидан эканлигини теран англайдилар.

 

Юксалиш манбаи

Эртаси нурафшон, толеи баланд юрт яратувчанлик иштиёқи билан яшаётган фуқароларининг камолидан баҳра олиб, чирой очиб боради. Баркамол фарзандларига таяниб, юксак марраларни кўзлайди.

Ёшлик – умр баҳори. Бу даврда инсон ўсиб-улғайиб камолга етади. Яхши парваришланган ниҳол қуёшга талпиниб, гуркираб ўсганидек, ота-она меҳридан, жамиятнинг ғамхўрлигидан баҳра олган ёшларимиз баркамол вояга етишига умид қилсак бўлади.

Доноларнинг «Қўлингдан келса замондан илгарироқ юр, агар қўлингдан келмаса, замон билан баробар қадам ташла, аммо ҳеч қачон замондан орқада қолма» деган гапи бор. Мамлакатимиз ёшлари замондан ортда қолмаслигига, ҳар доим ундан бир қадам олдинда юришига ишонамиз.

 

Норбўта ҒОЗИЕВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: