Тезкор хабарлар
Home /   / Юрт равнақи учун коррупцияга “йўқ” дея олиш даркор

Юрт равнақи учун коррупцияга “йўқ” дея олиш даркор

“Порасиз иш битмайди”, деган ақида баъзиларнинг қон-қонига сингиб кетган. Шу тўғримикан? Чиндан ҳам кимгадир “узатмасангиз”, ишингиз битмаяптими?!

“Коррупция” сўзи лотинча бўлиб, ўзбек тилида “емирилиш”, “сотилиш”, “оғмачи” деган маъноларни англатади. Уни кескин чеклаган давлатлар тараққиётга эришган. Ҳақиқатан ҳам, қаерда коррупция бўлса, шу ерда емирилиш бўлади. Мансабдор шахснинг сотилиши, оғмачилиги шунга олиб келади.

Қонун нуқтаи назаридан қараганда, коррупция – мансабдор шахснинг ўз мавқеи ва ваколатларидан, унга ишониб топширилган ҳуқуқлардан ўз манфаати йўлида фойдаланишидир.

“Коррупция” атамаси бугун, афсуски, энг кўп ишлатиладиган сўзлар қаторидан жой эгаллаб улгурди. Чунки ижтимоий ҳаётда унинг домига дуч келганлар кўпчиликни ташкил этмоқда.

Мутахассисларнинг билдиришича, коррупциянинг илдизлари қадим қабилаларда маълум бир мавқега эга бўлиш учун унинг сардорига турли совға-саломлар бериш одатидан бошланган. У вақтларда бу ҳол одатий қабул қилинган. Бироқ давлатлар ташкил топиши, унинг аппарати мураккаблашуви ва марказлашуви кор­рупция­нинг давлат ривожланишига катта тўсиқ эканини кўрсатди.

Дунё тажрибасидан маълумки, биз жиддий курашга киришган иллатга қарши муросасизлик дунё миқёсида қадимдан бошланган. Жумладан, Шумер давлати порахўр­ликка қарши курашган биринчи мамлакат ҳисобланади. Бобил ҳукмдори Хаммурапи томонидан ҳам коррупцияга қарши алоҳида қонун ишлаб чиқилган.

Японияда бу масала бола онгига элементар усулларни сингдиришдан бошланган. Яъни, дарс машғулоти вақтида китобдан кўчираётган ўқувчи ёнида ўтирган дўсти ўша пайтнинг ўзида ўқитувчига хабар берган. Ўқитувчи айб­дорга жазо бали ва айтиб берган ўқувчига эса рағбатлантириш бали қўйган.

Швеция 19-асрда коррупция авж олган давлат ҳисобланган. Мамлакат сиёсий тузуми ва иқтисодиётини янгилашда давлат тадбиркорлик ҳаракатига аралашишининг олдини олиш мақсадида бир қанча кескин тадбирлар ишлаб чиқилган. Унда давлат томонидан тадбиркорлик субъектларини ривожлантириш учун солиқ имтиёзлари кенгроқ берилиб, тадбиркорларга субсидиялар ажратилган. Давлат органларининг тадбиркорлик субъект­лари ишларига аралашиши тақиқланган.

Ўз фуқаролари ва тадбиркорлик субъектлари учун барча давлат органлари ҳужжатлари билан танишиш имконияти, мустақил ва таъсирчан суд тизими яратилган. Швеция парламенти ва ҳукумати маъмурий орган амалдорлари учун юқори одоб-ахлоқ қоидаларини ишлаб чиқиб, унга давлат амалдорлари томонидан риоя этилиши назоратга олинган. Ҳозирда Швеция дунёда коррупция жинояти энг кам содир этиладиган давлат ҳисобланади.

Ўзбекистонда коррупцияни енгиш, амалдорларнинг ҳалол ишлашини таъминлаш, бозор иқтисодиётини янада ривожлантириш, тадбиркорлар олдида турган бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш мақсадида 2017 йил 3 январда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган.

Мазкур қонунда коррупция­га қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Унга кўра, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш зарур. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаб, чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш шарт.

Энг эътиборли жиҳати, қонунда коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари билан бир қаторда, бу жараёнда фуқаролик жамияти институтларининг иштироки таъминланиши назарда тутилган.

Президентимизнинг 2017 йил 2 февралдаги “Коррупция­га қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори эса мазкур қонунни ҳаётга татбиқ этишга хизмат қилмоқда.

Қарор билан Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси тўғрисида Низом тасдиқланиб, комиссия ваколатига кирадиган масалалар бўйича қабул қилинган қарорлар барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар томонидан ижро этилиши мажбурийлиги белгилаб қўйилди.

Бу саъй-ҳаракатлар натижасида ҳозирги кунда аҳоли орасида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат қарор топмоқда. Коррупция билан боғлиқ ҳолатлар тез-тез фош этилаётгани ва айбдорлар жазога тортилаётгани шунинг натижасидир. Бу ҳаракат янада кенг қулоч ёйса, яъни ҳар бир шахс тамагирлик ҳолатига дуч келганида, бу ҳақда тегишли органларга хабар берса, пора беришдан тийилса, янада самаралироқ натижага эришишимиз мумкин. Зеро, кор­рупция­дан қутулиш – емирилишдан қутулиш эканини барчамиз англашимиз шарт.

Азизбек ФОЗИЛОВ,

Наманган вилоят прокуратураси АМИБ катта терговчиси

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: