Home / Жиноят ва жазо / Юрсанг саёқ, ейсан таёқ ёхуд «шантаж»чи тўда таъқиби

Юрсанг саёқ, ейсан таёқ ёхуд «шантаж»чи тўда таъқиби

Хонадонларимизни бамисоли офтобдай чароғон этадиган оналаримиз, дили пок, иймон-эътиқодли, меҳру вафо, садоқат бобида беназир опа-сингилларимиз, аёлларимизни ҳар қанча эъзозласак оз. Бироқ, гуруч курмаксиз бўлмагани каби эзгу фазилатлар, иффат, ибо, ҳаё каби туйғулардан мосуво, пулга сажда қилувчи беномуслар мўътабар аёл шаънига доғ тушираётгани ҳам бор гап.

Ёш эмас, эс-ҳуши жойида, каттаси элликни қоралаган, кичиги ўттиз ёшдан ўтган опа-сингиллар, уларнинг бирига ука, бирига ака йигитнинг, қариндош эмас-у, афтидан, лойи бир жойдан олинган яна бир савдогар аёлнинг қуюшқонга сиғмайдиган қилмишлари лол қолдиради кишини.

Август ойининг ўрталари эди. «Дамас» енгил машинасида «тирикчилик» қиладиган қирқ беш яшар таниши Қўчқоралини (исм-фамилиялар ўзгартирилган) учратиб қолди. Сотволди гап орасида «собиқ турмуш ўртоғи» билан холи жойда кўришмоқчилигини қистириб ўтди. «Исловатхона бўлса ҳам бўлаверарди, ҳаққини берардим.» Орадан бир неча кун ўтиб кўришганларида Қўчқорали «ишончли хонадон»нинг манзилини берди. Сўнгра туғишган опаси билан телефонда боғланди. Гулойимхон вақтинча яшаб турган Фар­ғона шаҳридаги Қиргули даҳасида жойлашган, кўп қаватли уйдаги хонадонига ташриф буюрган укасининг танишига ўттиз минг сўм эвазига ярим соат «собиқ хотини», ўттиз-ўттиз беш яшар аёл — Хонларой билан «суҳбатлашиб» олиши учун «шароит» яратиб берди. Уларни холи қолдириб, ўзи таш­қарига чиқиб кетди.

Анзиратхоннинг савдо дўконида хаёлига ошиқ-маъшуқани «соғиб ичиш» фикри келди.

— Телефонингизда суратга туширса бўладими, меники яхши эмас.

— Жуда бўлади-да, кинога олиш ҳам мумкин, — деди унинг режасини фаҳм­лаган дўкондор аёл.

Иккаласи юқори қаватга кўтарилишди. Гулойим: «Очинг эшикни, профилактика инспектори келди», дея шанғиллади. Ичкарига кириб, «Вой ўлмасам, шарманда, суҳбатларинг шуми», дея атайин уйни бошига кўтарди. Хонадонга бир неча йигитлар кириб келишди. Анзиратхон кийинаётган Сотволди ва енгилтабиат аёлни уяли алоқа телефонига видеотасвирга туширди. Йигитлар сўроқ-саволга тутишди. «Расво бўлдик», дея Гулойим жанжал кўтарди. «Гап чувалашмасин, буларга беринг, берадиганизи», деди. Сичқоннинг уйи минг танга бўлиб қолган Сотволдининг қўлидаги 100 минг сўмни Анзиратхон тортиб олди. «Қарзингиз бу», деди хонадон бекасига юзланиб. «Бу оз», деди гарангсиб, шармисорликдан қутулиш учун ҳар нарсага тайёр йигитга Гулойим. Ундан 150 минг сўмни олиб, нариги хонада гаплашиб қайтган Гулойим «Қўшни аёлларни ҳам тинчитиш керак», дея баттар исканжага олди. Сотволди яна 100 доллар берганидан сўнггина уйидан чиқариб юборди.

Сотволди «собиқ турмуш ўртоғи» — Хонларойни кузатиб қўйгач, Қўчқоралига қўнғироқ қилди. Қўшмачи аёлнинг укаси ҳам анойи эмас экан. «Опам мени чангитиб сўкяпти, сизни топиб беришни талаб қиляпти», дея ҳамон ўзига келолмаган «ошиқ»ни баттар саросимага солди. Сотволди: «Бўпти, Марғилондаман, айтган жойингизда кўришайлик», дея уни ҳовуридан туширишга уринди. Қўчқорали билан «Дамас»да келган Гулойим, Анзиратхон қўл телефонидаги видеотасвирни «Уйи­нгиздагиларга кўрсатамиз», дея шантаж қилишни давом эттиришди. Ёзёвон йўлидаги АЁҚШда Қўчқорали машинасига бензин қуйдиргани кириб кетганида Гулойим «1 миллион 200 минг сўм берсангиз, гап орамизда қолади», деди. Марғилон шаҳрига қайтиб келганларида Сотволди талаб қилинган пулни берди. Орадан уч-тўрт кун ўтиб, Қўчқорали қўнғироқ қилди.

— Телефондаги видеотасвирларни ўчиртиш керак, — деди у. — Уч юз доллар берсангиз, аёлларга пулни бериб, видеони ўчиртириб юбораман.

Келаси куни Сотволди Марғилон шаҳрида кўришиб, унга 300 АҚШ долларини берди. Орадан йигирма кунча ўтиб, 18 сентябрь куни Гуллоласи қўнғироқ қилиб, ўша куни Гулойимнинг уйидан тилла зираги, аёллар занжири йўқолганини айтиб шантаж қила бошлади. «Топиб бермасангиз, маҳаллангизга бориб шарманда қиламан», деди.

— Тилло тақинчоқларни олганим йўқ, — Сотволди гапни қисқа қилди. Такроран қўнғироқ қилган Гулойимнинг опаси ва синглиси агар уч юз доллар берса, даъво қилмасликларини айтишди. Сотволди Фарғона шаҳрига етиб бориб, Қўчқорали, унинг опаси Гуллолахон, Гулойимхон, синглиси Гулбаҳорхон ва жияни, тўнғич опасининг ўттиз яшар қизи Насима билан кўришди. Гулойим «Тилла тақинчоқларнинг ўрнини қопламасангиз уйингизга бораман», дея жанжаллашди. «Ўзимни машина остига ташлайман», деб қўрқитди. Энди уч юзга кўнмасдан беш юз доллар берасан, дея оёғини тираб олди. Сотволди уйидан яна пул олиб келиб, шантажчиларга 500 АҚШ доллари берганидан сўнг ҳам қутула олмади. Муттаҳамлар уни таъқиб этишда давом этиб, маҳалласига боришди. Сотволдидан яна 280 АҚШ долларини талаб қилиб олишди.

Орадан бир неча кун ўтгач, Қўчқорали унга қўнғироқ қилиб, уй эгаси опасини хонадондан кўчиргани, 4 ойлик ижара ҳақини тўлаши кераклигини айтиб яна қийин-қистовга олди. Сотволди шантажчи йигит ва унинг опа-сингиллари билан кўришиб, 2 миллион сўм тўлаганидан кейин ҳам боши ғавғодан чиқмади.

Энди видеотасвирни кўрсатиб, ишхонаси, оиласида юзига қора суртмаслик эвазига 6 миллион 700 сўм беришни талаб қилишди. Товламачилардан қутула олмаслигига ақли етган Сотволдининг мурожаатига асосан Департаментнинг Фарғона шаҳар бўлими томонидан тадбир ўтказилди. Қўчқорали ва Гулойимнинг қўнғироқларига жавобан: «Бунча пул топа олганим йўқ, борини бераман», деди. Фарғона шаҳридаги туғруқхона олдида товламачилар 2 миллион 800 минг сўмни олганларида ушланди.

«Саёқ юрган таёқ ейди», деганларидай, охир-оқибат юзи шувут бўлган Сотволди Қоратоев обрў-эътиборини йўқотди. Суд мажлисида у ўзига етказилган зарар тўлиқ қопланганини, судланувчиларга даъвоси йўқлигини айтиб ўтди. Қисман иқрорликларидан ташқари тубан ишлари жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари ҳамда далиллар билан тасдиқланган, қулоғигача нафс ботқоғига ботиб, ижара уйини исловатхонага айлантирган Гулойим Сапарова, унинг товламачи опа-сингиллари, укаси Қўчқорали Сапаров, жияни ҳамда уяли алоқа телефонида олган видеотасвир билан қўрқитиб, ўз «насибасини» олган шериги — савдогар аёл Анзиратхон Тўлқиновага қилмишларига мувофиқ жазо тайинланди.

Ўткирбек Тошхўжаев,

Департаментнинг Фарғона шаҳар бўлими бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: