Home /   / Йўлдан адашган йўлсозлар

Йўлдан адашган йўлсозлар

Аввало савол туғилади: илгари талон-торож ва ўзлаштириш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб сохтакорлиги каби жиноятлари учун олти марта судланган рецидивист қандай қилиб яна мансаб курсисига ўтирган экан?..

Ундан олдинги раҳбар ҳам икки марта судланган, ўзлаштириш ва растрата қилиш бобида «тажриба орттирган». Аввалги раҳбар даврида ишлаб юқоридагидай жиноий қилмишларга бош қўшган бош ҳисобчи янги бошлиқ билан ҳам «чиқишиб», ноқонуний  ишларни бирга давом эттирган. Муайян муддат мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган, ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тўлиқ ўтамаган бўлса-да, бемалол масъул лавозимда ишлайверишган.

Камолиддин Жамолов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) икки марта судлангани ҳолда 2017 йил май ойи бошида корхона раҳбарлигига тайинланади. Кирим-чиқим ҳужжатларини «текислаб» қўйиш борасида «тажрибали» бош ҳисобчи Шермат Шахобов билан «тил топишади». Йўл қуриш, таъмирлаш учун берилган маблағнинг муайян қисмини бошқа мақсадда сарфлашади.

Шартномага асосан «Фар­ғона минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати» давлат унитар корхонаси томонидан «Истиқлол» МФЙ Қатағон қишлоғида 4,2 километр йўлни таъмирлаш учун Бағдод туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонасига бюджет маблағидан аванс тариқасида 179 миллион 340 минг сўм ўтказиб берилади. Амалда 105,4 миллион сўмлик иш бажарилиб, салкам 64 миллион сўмнинг 60 миллион сўмини бошлиқ ва бош ҳисобчи «Бағдод лидери» хусусий корхонасига бўлиб-бўлиб, тўртта тўлов топшириқномаси билан ҳеч қандай ҳужжатларсиз чиқим қилиб, 2,4 миллион сўмини корхонага кузатув камераси ўрнатиш учун «Глобал мега булдинг» МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиб, бюджет маблағини талон-торож қилишади.

Хориждан импорт қилинган, «Обод қишлоқ» дастури доирасида йўл қурилиши учун корхонага берилган салкам 54 тонна битум далолатнома асосида майда донали асфальт тайёрлаб бериши учун «Kokand Gold Future» МЧЖга ўтказилади. Асфальт Бағдод туман унитар корхонасининг 423-йўл бўлимига етказиб берилиши, уни бўлим бошлиғи Н.Ғуломов қабул қилиб олиши лозим эди. Унинг ўрнига унитар корхона раҳбари К.Жамоловнинг ўзи асфальт «Kokand Gold Future»дан олиб чиқиб кетилишига бош-қош бўлади.    109,8 миллион сўмликдан зиёд 574,9 тонна асфальтни корхонага кирим қилмасдан, бош ҳисобчи билан ҳужжатларни қалбакилаштириб, жуда кўп миқдордаги бюджет маблағини ўзлаштиради. «Обод қишлоқ» дастури бўйича йўлларни асфальтлаш ишлари чала қолади. Жиноят иши қўзғатилганидан кейингина чала қолган ишлар охирига етказилади.

2018 йилнинг октябрь ойида К.Жамолов ўрнига илгари олти марта судланган Ниёзбек Достонов раҳбар этиб тайинланади. Бош ҳисобчи Ш.Шахобов билан биргаликда собиқ бошлиқнинг ноқонуний ишларини давом эттиради. Буюртмачи Қатағон қишлоғининг ички йўлларини таъмирлаш учун ўтказиб берган 278 миллион 220 минг сўм бюджет маблағи ҳисобидан салкам 200 миллион сўмлик иш бажарилади. Н.Достонов ва Ш.Шахобов йўл чизиқлари бўёғи, йўл белгилари учун хусусий корхона ва МЧЖ­лар­нинг ҳисоб рақамларига пул ўтказиб бериб, йўл қурилиши ва таъмирланиши учун ажратиб берилган пулнинг 79 миллион сўмини бошқа мақсадга сарфлаб давлат ва жамият манфаатларига кўп миқдорда зарар етказишади.

Етказилган зарарнинг 30 миллион сўми ундирилгани, қолган қисми бажарилган ишлар ҳисобига қоплангани инобатга олиниб, уч нафар судланувчига уч йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқи­дан маҳрум этган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Шуҳрат Тошматов,

Департаментнинг Бағдод туман бўлими бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: