Home / Тавсия этимиз / Йўл бўлсин?

Йўл бўлсин?

Хабарингиз бор, Халқаро пресс-клуб сессияларидан бирида Ўзбекистон экологик партияси вакили Тошкентга келаётган вилоятликларни қайд этишнинг янги тартибини жорий этишни таклиф қилган эди. Агар шундай тартиб жорий қилинса, қандай ҳолатлар юзага келиши мумкинлигини тасаввур қилиб кўрдик.

Профилактика инспекторининг хонаси.

Ташқаридан ҳорғин қиёфада кириб келган инспектор устидаги курткасини ечиб, шкафга илади. Сўнг хонадаги ўтиришга мўлжалланган диванга ўзини ташлайди. Бироз мизғиб олмоқчи бўлиб турганида эшик тақиллаб қолади. Профилактика инспектори эринибгина қўзғалиб, «Ким?» деб сўрайди. Ғийқ қилиб эшик очилиб, ўзининг шахсий уловида пойтахтга қатнайдиган Ҳайдар ака кўриниш беради.

– Мумкинми, командир?

– Келинг, Ҳайдар ака! – инс­пектор ўрнидан туриб, хонасига кириб келган фуқаро билан қўл бериб саломлашади. Қисқа салом-аликдан сўнг Ҳайдар ака арз-дод қилиб қолади.

– Боя икки марта келиб-кетдим, йўқ экансиз. Сизнинг йўлингизни пойлаб, Тошкентга чиқиб кета олмай ўтирибман, командир.

– Нега чиқиб кета олмайсиз, Ҳайдар ака? Сиз шофёр бўлсангиз, сизга рухсатнома шартмас-ку.

– Тўғри, менга виза керакмас. Лекин «клиент»сиз қаёққа бораман, командир?

– Ҳа-я, буёғини ўйламабман, – дейди инспектор қошини чимириб.

– Шунақа, буёғини ўйламасдан таклиф беришади, жабрини биз тортамиз, – дея заҳарханда қилади Ҳайдар ака.

Бу гап «участкавой»га тегиб кетади.

– Нега мендан ўпкалаяпсиз, Ҳайдар ака? Бунақа тартибни мен ўйлаб топганим йўқ-ку.

– Унда қаёқдан пайдо бўлди, командир?

– Ана, депутатлардан сўранг, ўшалардан бири берган таклиф бу.

– Ростданми?! – дейди бошини сарак-сарак қилиб. – Оббо тиниб-тинчимаган депутатлар-эй, нималарни ўйлаб топишмайди-я… – Сўнг пальтосининг ички чўнтагидан тўртта паспорт олиб, инспекторга узатади. – Шуларга рухсатнома қилиб беринг!

Профилактика инспектори аввалига паспортларга, сўнг Ҳайдар аканинг юзига тикилади.

– Бу нимаси, Ҳайдар ака? Нега бировларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини кўтариб юрибсиз?

– Улар бегона эмас, орасида қайнона-қайнотангиз ҳам бор.

– Қайнона-қайнотам?! – дея таажжубланган инспектор барибир оёқ тираб туриб олади. – Нима қипти улар бўлса? Шунга дарров рухсатнома қилиб беришим керакми? Йўқ, бунақаси кетмайди, Ҳайдар ака. Ўзлари келишсин. Чунки мен Тошкентга қай мақсадда боришаётганини билишим керак.

– Лекин, командир… – Ҳайдар аканинг гапи оғзида қолади. Шу пайт инспекторнинг қўл телефони сас бериб, «участкавой» унга бармоғи билан «бир дақиқа» ишорасини қилиб, телефонни қулоғига тутади.

– Алло.

Телефондан танишининг овози эшитилади.

– Алло, Собитжон, яхшимисиз?

– Ассалому алайкум, Ҳамид ака! Ўзингиз яхшимисиз? – дея ўзини орқага ташлаб, астойдил суҳбатга киришади. – Қалайсиз, жиянлар катта бўлаяптими? Пойтахтда қандай янгиликлар?

– Раҳмат, катта бўлишаяпти. Худога шукур, тинчлик. Тушунаман, хизматдаги одамсиз. Шунинг учун ортиқча вақтингизни олмай мақсадга кўчаман. Қисқаси, бир ёрдамингиз керак.

– Бемалол, қандай ёрдамим керак?

– Шу десангиз, кеча хотинимнинг телефонда ота-онаси билан гаплашаётганини эшитиб қолгандим. Қайнонам билан қайнотам Янги йилни бизникида кутиб олиш учун меҳмонга келишмоқчи бўлиб турган экан.

– Визасини тезлаштириб берайми? – дейди инспектор суҳбатдошининг гапини охиригача эшитмай. У ёқдан зардали жавоб келади.

– Каллангиз жойидами? Аксинча, умуман виза берманг уларга!

Профилактика инспектори телефонни қўли билан ёпиб, Ҳайдар акага «паспортларни беринг» ишорасини қилади. Ҳайдовчи шошиб, паспортларни узатади. Инспектор паспортларни қўлига олиб, тез кўздан кечиради. Ичидан иккитасини алоҳида олиб қўяди. Сўнг яна телефондаги суҳбатини давом эттиради.

– «Ест», шеф, кўнгилни тўқ қилаверинг!

– Раҳмат, Собитжон. Ке­линг­лар бир айланиб.

– Насиб, худо хоҳласа. Майли, соғ бўлинг, Ҳамид ака, – дея телефонни ўчириб, алоҳида ажратилган паспортларни Ҳайдар акага узатади. – Хафа бўлмайсиз, Ҳайдар ака, иккита «клиент»ингиз «отмен» бўлди.

– Нега?! – дейди ҳеч вақога тушунмаган фуқаро.

Профилактика инспектори жавоб ўрнига елка учиради. Тарвузи қўлтиғидан тушган Ҳайдар ака шумшайиб хонани тарк этади. Эшик ёпилиши билан инспектор шошиб телефонини қўлига олиб, керакли рақамларни теради.

– Алло, Ҳамид ака, боя олдимда одам бор эди, бемалол гаплаша олмадим. Ишимни Тошкентга кўчиришга ёрдам бера олмайсизми, божа?!.

Мақсудали Қамбаров,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: