Home / Жиноят ва жазо / Йўл бoшидa aдaшгaн йигит

Йўл бoшидa aдaшгaн йигит

Ёшлик… Бу даврнинг гаштига нима етсин… Бежиз уни умр баҳорига қиёсламайдилар. Айни кўклам пайти чечаклар очилиб, дарахтлар гуллагани каби ёшлик илм олиб, ҳунар ўрганиладиган, келажак учун мустаҳкам пойдевор қўйиладиган масъулиятли палла ҳисобланади. Қолаверса, бу даврда ёш йигит ва қиз қалбида ўзгача туйғулар жўш уради. Қони қайноқ ёшлар назорат қилинмаса, йўлдан тойишлари ҳам ҳеч гап эмас. Шунда юқорида шунча таърифу тавсифларга муносиб кўрганимиз ёшликни бебошлик дея аташдан ўзга чорамиз қолмайди…

Акмал (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳали ўн олтига ҳам тўлиб улгурмаган Ойниса билан бир йилдан буён телефонда гаплашиб юрарди. Кузнинг ўрталарида унга совчи жўнатди. Аммо қизнинг онаси Розия опа қизининг ҳали ўқувчи эканлигини, улар билан қариндошлик ришталари борлигини баҳона қилиб, совчиларни қуруқ қайтарди.

Ноябрь ойининг ўрталари эди. Онасига анчадан бери қовоқ-тумшуқ қилиб юрган Ойниса мактабга бориш баҳонасида уйидан чиқиб кетди-ю, уч кун уйига қайтмади.

Розия опа синглиси билан уни излай-излай, чойхона ортидаги қурилиши тугалланмаган ҳовлидан топди.

Қизни Акмал йўлдан урган экан. Акмалнинг Ойниса билан бирга бўлганини эшитган онанинг фиғони фалакка чиқиб, йигитнинг ота-онасига, сўнг натижа бўлмагач, ички ишлар бўлимига хабар берди…

Бу орада Акмал яна бир жиноят содир этишга ҳам улгурган эди…

Ўша оқшом бир кун аввал Россиядан қайтган Акмални кўргани жўралари меҳмонга келишди. Қуюқ дастурхон атрофида гурунглашиб ўтиришди.

– Қўлингга нима қилди? – дафъатан сўраб қолди Акмал ошнаси Нодирдан.

– Э, икки кун аввал уйда йиқилиб тушувдим, – деди Нодир қўлини силаб. – Аввал унча билинмовди, мана энди шишиб кетди…

– Чиққан бўлмасин қўлинг? – Акмал ғамхўрлик билан Нодирнинг қўлини кўздан кечирган бўлди. – Бизнинг маҳалламизда синган-чиққанни жойига соладиган зўр табиб бор. Қани, кетдик…

Бир уй жўралар ҳаммаси биргалашиб табибникига жўнашди.

Мактаб ёнидаги йўлда улар рўпарадан келаётган уч йигитга дуч келишди. Йигитлар ўтиб кетгач, Акмалга улардан бири сўкингандай туюлди.

– Тўхта! – деб қичқирди Акмал ўткинчи йигитларга қараб.

Йигитлар ҳайрон бўлиб тўхташди.

– Қайсинг сўкиндинг? – Акмал уларнинг устига булутдай бостириб борди.

– Ҳеч ким сўкингани йўқ, – деди йигитлардан бири.

Акмал бошқа савол бериб ўтирмади. Йигитнинг жағига мушт туширди. Нима бўлганини англашга ҳам улгурмаган йигит оғзини ушлаб ерга йиқилди…

Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти ҳамда Косон тумани судларида Акмал Холмуродовга оид жиноят иши кўрилди.

Қайд этилишича, Акмал Холмуродов 2001 йилда туғилган, маълумоти ўрта, ҳеч қаерда ишламайди, бўйдоқ. Илгари ҳам жиноят қилиб, жарима тўлаган. Косон туманида яшайди.

Суд мажлисида Акмал қилмишига қисман иқрор бўлди холос. Унинг қайд этишича, муштумзўрликка йигитларнинг ўзлари сабабчи бўлган. Улардан бири унинг елкасидан туртиб ўтган, кейин сўкинган. Шу сабабли унга мушт туширган.

Ойниса масаласида ҳам у ўз баҳоналарини қалаштириб ташлади. Қизнинг онаси совчиларини қуруқ қайтаргач, у мақсадига эришиш, унга уйланиш ниятида шу ишни қилишга мажбур бўлган эмиш.

Ойниса ҳам суд мажлисида йигитни ҳимоя қилиб, онаси уларнинг турмуш қуришига қарши бўлгани учун бу ишни ўз розилиги билан қилганини қайд этди.

Ойнисанинг онаси Розия Болтаева қизи ҳали ўн олтига ҳам тўлмагани, мактабда ўқиётганини айтса ҳам Акмал Ойнисани йўлдан уриб, олиб қочганини, унинг келажагини барбод қилганини қайд этиб, унга нисбатан қонуний жазо берилишини сўради.

Суд ҳукмига асосан Акмал Холмуродовга 1 йилу 2 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ҳа, Акмал қизиққонлик, ҳовлиқмалик билан бебошликка, унинг ортидан жиноятга қўл урганини ўзи ҳам сезмай қолди. Ўзи йўл бошида адашган йигит ўн олтига тўлмаган ўқувчи қизни ҳам йўлдан урди… Энди бу қилмишларининг жабрини тортишига тўғри келади.

Убайдулло САЪДУЛЛАЕВ,

Қашқадарё вилояти прокурорининг ўринбосари

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: