Home / Тавсия этимиз / Ёшлар ва телефон: муаммоми ёки одат?

Ёшлар ва телефон: муаммоми ёки одат?

Бугунги кунда ҳаётимизни телефонсиз тасаввур қила олмаймиз. У қулай алоқа воситаси бўлиш билан бирга, кўпгина вазифаларни ҳам бажаради. Қўшиқ эшитиш, кино кўриш, ўйин ўйнаш, электрон китобларни ўқиш, суратга олиш, овозни ёзиб олиш мумкин, ҳатто телефон орқали пластик картамиздан бирон керакли жойга пул ўтказиш имкони ҳам бор. Шунингдек, интернетга уланиб, дунёнинг исталган жойидаги воқеалардан воқиф бўласиз. Бир сўз билан айтганда, мобиль телефон исталган жойда мулоқот қилиш имконини яратди. Доим ёнимизда олиб юришимиз мумкинлиги унинг қадрини оширди.

Лекин сўнгги пайтларда ёшларнинг телефондан керагидан ортиқ фойдаланаётганини кўраяпмиз. Жамоат жойларида, транспортда, бозорда, кўча-кўйда, ҳатто таълим муассасаларида ҳам ёшлар телефонда гаплашиш, тинмай смс ёзиш, қўшиқ тинглаш билан овора… Мазкур ҳолат бутун дунёда долзарб муаммога айланмоқда. Таҳлилларга кўра дунё бўйича икки ярим миллиард инсон мобиль телефонни ҳеч қўлидан қўймас экан. Бу мобиль телефон аллақачон ижтимоий ҳодисага айланганидан далолатдир. Улар орасида мактаб, ҳатто боғча ёшидаги болалар ҳам борлиги хавотирланишга арзийди.

— Яқинда шаҳарга бориш учун Янгибозор — Урганч йўналишидаги автобусга чиқдим. Бўш ўриндиққа ўтириб атрофга кўз югуртирсам, салонда ўтирган ўнга яқин ёшнинг саккизтаси телефони билан банд. Энг ёмони, нав­батдаги бекатдан бир қиз чиқиб, ёнимдаги ўриндиққа ўтирди. Йўлда унинг телефони қулоғидан тушмади, оғзи ҳам тинмади. Дугонаси билан ярим соат гаплашди. Тилга олган мавзу доираси “кенг”: ғийбатдан тортиб, бугун тушликда нима егани, кечаси соат нечада ётишигача. Бировнинг гапига қулоқ солиш одобдан эмас, унинг сўзларини эшитмаслик чорасини тополмадим. Жамоат транспортидаги бундай ҳолатни кўриб мобиль телефонлар фойдадан кўра кўпроқ фар­занд­ларимиз тарбиясининг зарарига хизмат қилаётганидан афсусландим, — дейди пенсиядаги ўқитувчи Муҳаббат Шарипова.

Ҳамма ҳам мазкур алоқа воситасидан керагидан ортиқ фойдаланиш орқали ўз саломатлигига зиён етишини вақтида англаб етмайди. Ушбу «овунчоқ» тарқатадиган радиация инсонга зарар етказишини тиббиётчилар аллақачон исботлаган. Радиация айниқса ёш болалар миясига салбий таъсир кўрсатиб, нормал ўсиш жараёнини издан чиқаради, яъни суяклар ўсишдан тўхташи, ўсимталар пайдо бўлиши, хотира сусайиши, иммунитет тушиб кетиши мумкин. Лейкемия, катаракта, мия ўсмасини келтириб чиқаради, томир ва асаб тизими фаолиятини бузади. Қолаверса, узлуксиз наушникда тинглаш эшитиш қобилиятининг сусайишига, кўп ўйнаш эса кўз равшанлигининг пасайишига, асабийликка олиб келади.

Масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Мобиль телефонига ҳаддан ташқари берилган ўқувчилар дарсларни ўзлаштира олмаслиги, уйга берилган вазифаларни бажармаслиги, билим олишга қизиқиши сусайиши табиий. Кўп давлатларда ҳукумат бунинг олдини олиш чораларини кўрмоқда. Масалан, Испания, Франция ва Англияда болалар мобиль телефондан фойдаланишида чеклов ўрнатилган, Бангладешда эса ўн олти ёшга тўлмаган болаларнинг мобиль телефондан фойдаланиши бутунлай тақиқланган. Мамлакатимизда ҳам 2012 йил 21 майда Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида мобиль телефонлардан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 139-қарори қабул қилинган бўлиб, унда таълим муассасаларида ўқувчи ва талабаларнинг мобиль телефондан фойдаланиш тартиби белгилаб берилган.

Ҳукумат қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон таълим муассасаларида мобиль телефонлардан фойдаланиш тўғрисидаги низомнинг 7-бандида таълим муассасаларида ўтказиладиган ўқув машғулотлари ва тадбирлар (сафланиш, тарбиявий соатлар, байрам, спорт тадбирлари) бошланишидан олдин ўқувчилар телефонини ўчириб қўйиши ва сумкасига солиб қўйиши шартлиги белгиланган. Низомнинг 8-бандига мувофиқ ўқув маш­ғулотлари вақтида таълим олувчиларга телефондан фойдаланиш қатъиян тақиқланган. Фақат асосли ва кечиктириб бўлмайдиган ҳолатларда ота-онаси, яқин қариндошлари, таълим муассасаларининг раҳбарлари ёки ходимлари билан боғланиш мақсадида телефондан фойдаланишига рухсат этилади. Низом талаблари бузилган тақдирда таълим муассасасининг ҳар қандай педагог ходими таълим олувчидан телефонни олиб қўйиш, ушбу низомни бузгани тўғрисида билдиришнома расмийлаштириш ва уни телефон билан бирга таълим муассасасининг директорига (ёки факультет деканига) ёки унинг ўринбосарига бериш ҳуқуқига эга.

— Мазкур низомнинг ижроси юзасидан вилоятимиздаги 528 та мактабда тарғибот тадбирлари ўтказиб келинмоқда, — дейди Хоразм вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Б.Тиллаев. — Халқ таълими вазирлигининг тавсиясига кўра тартибни бузган ўқувчи мактаб раҳбарияти ёки педагоглар томонидан икки марта огоҳлантирилади. Учинчи ёки иккинчи марта қўпол тарзда қоидага риоя қилмаган ўқувчининг телефони икки ўқитувчи ва ўқувчи гувоҳлигида олиб қўйилади. Ота-она мактабга чақирилиб, чора кўрилганидан сўнггина телефон эгасига қайтарилади. Айтиш керакки, телефондан фойдаланиш борасидаги чекловлар мактаб ўқувчиларининг, умуман ёшларимизнинг қонун билан кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларига зид келмайди.

Биз бугун мобиль телефонни умуман рад қилиш ҳақида эмас, балки ундан оқилона фойдаланган ҳолда зараридан сақланиш тўғрисида сўз юритдик. Халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади” деган нақл бор. Бизнинг ўзимиз телефондан фойдаланишда фарзандларимизга ўрнак бўлишимиз лозим.

Дилрабо ҚУРЯЗОВА,

журналист

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: