Home / Муносабат / Ёшараётган ижтимоий касаллик

Ёшараётган ижтимоий касаллик

 Mulohaza uchun mavzu

— Университетнинг 4-босқич талабаси Дилбар Баҳодирова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) жуда одобли, ақлли қиз эди. Бирор сабабсиз дарс қолдирмасди. Баҳолари ҳам аъло. У ўз жонига қасд қилишидан бир кун олдин, яъни 30 март куни жадвал бўйича 1 пара дарс бўлган. Ўша куни узоқдан келган талабаларнинг ҳаммаси деярли уйларига кетишади. Дилбар қишлоқдаги уйидан бир кун олдин келганлиги сабабли, қишлоққа эмас, марказдаги акасининг уйига қайтган экан… Акаси ва келинойиси Тошкентда бўлганлиги учун ўғлининг уйида ёлғиз қолган қизидан хавотирланган онаси, унга қўнғироқ қилиб, «келасанми», деб сўраганида, Дилбар дугоналари билан дам олиш куни кутубхонага боришини айтган экан. Эртаси куни онаси эрталаб қизига яна бир неча бор қўнғироқ қилади, ундан жавоб бўлавермагач, қизнинг дугонаси билан боғланади. Дугонаси ҳам кутубхонага боришларини, ҳали у билан гаплашмаганини айтади. Шундан сўнг хавотирга тушган она Ғиждувондан Бухоро шаҳрига етиб келади. Бу орада қизнинг дугонаси ҳам унга бир неча маротаба қўнғироқ қилган экан. Дилбар билан боғлана олмагач, унинг онаси билан боғланади. Шу вақтда онаси қизи билан боғлиқ ҳолатни айтиб йиғлайди. Биз эртаси куни Ғиждувонга борганимизда қизни дафн этиб бўлишганди, — деди биз билан суҳбатда Д.Баҳодированинг курс раҳбари Жўрабек Мажидов.

Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқлар, интернет сайтларида бу каби хабарлар кўпайиб қолди. Нега?..

Ўз жонига қасд қилиш — аксарият ҳолатларда олдини олиш қийин бўлган офат сифатида баҳоланади. Инсонни ўз ҳаёти билан видолашишга ундаган сабаблар ҳатто унинг қариндошлари ва яқинлари учун ҳам жумбоқлигича қолмоқда. Энг даҳшатлиси эса, бу машъум ишга ҳали бутун ҳаёти олдинда бўлган ёшлар қўл ураётганидир. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг статис­тик маълумотларига кўра, ҳар йили дунёда миллионга яқин киши ўз жонига қасд қилар экан.

Вояга етмаганлар орасидаги суицид бошқа ёш гуруҳларидаги суицид даражасига нисбатан  юқори бўлгани туфайли унга алоҳида эътибор қаратилади. У одатда қатор ижтимоий, психологик сабаблар туфайли юзага келади. Айнан мазкур фожиа туфайли ёш йигит ва қизлар ҳаётдан эрта кўз юмаётгани учун бу ҳолат тадқиқотчиларни ҳам тобора кўпроқ ташвишга солаяпти. Ҳаётнинг аччиқ-чучугига эндигина рўпара бўлиб, мустақил умр йўлларига илк қадамини қўйган ёшларнинг бу каби машъум тақдирга нима ундаётгани кўпчилик учун мавҳумлигича қолмоқда.

Биз бу борада мутахассисларнинг фикри билан қизиқдик.

 Зебинисо Аҳмедова, 

«Афросиёб» психологик маркази раҳбари, психотерапевт психолог:

— Вояга етмаганлар томонидан суицидни амалга ошириш шахсий фожиа, табиий офатлар, умидсизлик, ўлим қўрқуви таъсирида кечади. Бу борадаги тадқиқотлар шуни кўрсатадики, аксарият суицидлар оиладаги келишмовчилик, ўқитувчилар, педагогларнинг қўполлиги, синфдошлари билан келишмовчилик, турли можаролар, атрофдагиларнинг эътиборсизлиги оқибатида юз беради.

Ўз жонига қасд қилиш айни табиат гуллаб-яшнаган даврда, яъни баҳорда кўпроқ қайд этилади, дейди мутахассислар. Психологлар қалбдаги тушкун кайфият ва табиатнинг турфа ранглари ўртасидаги қарама-қаршилик, кескин фарқ бунга сабаб бўлиши мумкин, деб кўрсатадилар. Америкалик олим Томас Эллиот энг шаф­қатсиз ой деб апрелни кўрсатади. Суициднинг энг кўп миқдори айнан апрель ойига тўғри келиши қайд этилган.

Суицидга мойил ёшлар одатда тўғридан-тўғри ёрдам излашмайди. Шунга қарамай, уларнинг ота-оналари, муассаса маъмурияти ёки тенгдошлари огоҳлантирувчи аломатларни аниқлаши ва ўсмирни сақлаб қолиш учун қандайдир чораларни кўриши мумкин. Инсонга қулоқ тутиш орқали унинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин. Агар сиз ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган бирорта одамни билсангиз ёки «унда суицидга мойиллик бор», деган гумонда бўлсангиз, у ҳолда, ҳаётини сақлаб қолишда унга ёрдам беришингиз мумкин. Бунинг учун шунчаки унинг айтганларига қулоқ тутинг! Ўзини ўлдиришга чоғланган одамлар кўпинча «менинг ҳеч кимга керагим йўқ», «менинг бошқа иложим йўқ» ва «мен ҳақимда ҳеч ким қайғурмайди» деб ўйлайдилар. Одамларни тинглаш орқали улар билан содир бўлаётган ҳодисаларга ва содир бўлиши мумкин бўлган нарсаларга бефарқ эмаслигимизни намоён этамиз. Ота-оналар муассаса маъмурияти ёки ижтимоий марказларга иложи борича тезроқ ёрдам сўраб, мурожаат қилишлари керак.

Ўсмирлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг илдизини, аввало, оиладан қидириш керак. Бола гўдаклик чоғида руҳий жароҳат олса, вақт ўтиб у албатта ўзининг салбий таъсирини намоён этади. Руҳий жароҳат деганда нимани тушунишимиз мумкин? Масалан, ҳаддан ташқари қаттиқ овоз ёки шовқин. Бу нафақат оилада эр-хотиннинг баланд овозда жанжаллашиши, балки мунтазам равишда телевизор ёки радиони баланд овозда қўйиш, турли шовқинли дастгоҳларни ишлатишни ҳам шундай омиллар сирасига қўшиш мумкин. Бундай таш­қи таъсирлар уч ёшгача бўлган боланинг онгости қатламларида ўзига ишончсизлик, қўрқув ҳиссиёти кўринишида сақланиб қолади. Бола жисмонан ва ақлан вояга ета бошлагач, шу «жароҳат» ўзини «эслата бошлайди». Улғайганда тўсатдан турли касалликларга чалиниб қолишига чақалоқлигида бошига олган зарба сабаб бўлгани каби оила муҳитидаги нотинчлик энди таҳлил қила олиш қобилиятига эга ўсмирни муаммонинг ечими сифатида турли кескин хатти-ҳаракатларга, жумладан, ўз жонига қасд қилишга ҳам ундаши мумкин. Бу энг оддий омиллардан биргина мисол, холос. Юқорида айтганимиздек, инсонни аффект ҳолатига солиб қўядиган сабаблар жуда кўп ва улар асосан оилада шаклланади.

Ота-она фарзандини моддий томондан беками-кўст таъминлаб қўйиши, чиройли кийинтириши, телефон, компьютер олиб бериши, чўнтагига катта-катта пул солиб қўйиши мумкин ва ҳоказо. Лекин буларнинг бирортаси болага бериш керак бўлган ҳақиқий меҳр ва ажратилиши керак бўлган вақтнинг ўрнини боса олмайди. Бола билан уч ёшгача подшоҳ, ўн ёшгача қул, ўн ёшдан кейин дўст сифатида муносабатда бўлиш керак, деган гап бор. Аксарият ҳолларда фарзанди орзу қилган барча шароитларни муҳайё қилган ота-она боласининг айни дамдаги ўй-хаёли, режаси, муаммоси ҳақида у билан бир кунда ярим соатгина самимий суҳбатлашишни ортиқча деб билади. Ўз уйида топа олмаган эътиборни бола кўчадан, бегоналардан топиши ҳам қийин бўлади. Оилада ва жамиятда ёлғизланиб қолган ўсмирда ҳаётда ўз ўрни борлигини кўрсатиб қўйиш истаги туғилади, онгида ҳаёт зиддиятларига қарши кураш бошланади ва бу кураш жараёни болада асабийлик, руҳий зўриқиш ҳолатларини ривожлантириб, аффект ҳолатигача олиб боради ҳамда афсуски, айрим ҳолларда бу ўз жонига қасд қилиш билан тугайди.

Шерали Тошматов,  

Олмазор тумани «Ҳофиз Кўҳакий» жомъе масжиди имом-хатиби:

— Бизнинг Ислом шариатимиз инсон ҳаётини муҳофаза қилиш мақсадида ўзини ўзи ўлдиришни (ўз жонига қасд қилишни) ҳаром қилган. Ҳаёт Аллоҳ томонидан берилган бебаҳо бойлик бўлгани учун уни ҳеч ким бировга миннат ҳам қила олмайди, ман ҳам этолмайди. Инсоннинг ҳаётини фақат Аллоҳ таологина олишга ҳақли. Ҳаттоки ўша ҳаёт неъмати берилган шахснинг ўзи ҳам ўз ҳаётига суиқасд қилиши мумкин эмас. Муқаддас Ислом динида бировни ўлдириш қанчалик ёмон ҳисобланса, ўзини ўзи ўлдириш ҳам шунчалик ёмондир.

Аллоҳ таоло инсон зотини азизу мукаррам қилиб яратган. Унинг шаънини улуғлаб, ер юзидаги барча нарсаларни унинг манфаати учун пайдо қилди. Инсоннинг шаъни, молига, жони ва насабига тажовуз қилишга олиб келадиган барча ишларни ман қилиб қўйди. Бу ҳақда Қуръони каримнинг «Бақара» сураси 195-оятида шундай марҳамат қилинади: «Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз».

Ўз жонига қасд қилиш оғир гуноҳлиги тўғрисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир нечта ҳадиси шарифларида таъкидлаганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Ким тоғ тепасидан ташлаб, ўзини ўзи ўлдирса, ўлгандан сўнг жаҳаннамда (ўзини тоғ тепасидан ташлаб) шу хил азоб билан абадий азобланади. Ким заҳар ичиб ўзини ўзи ўлдирса, жаҳаннамда доимо қўлида заҳар ичиш билан шу азобга дучор бўлади. Ким ўзини темир парчаси билан ўлдирса, ўша кимса темир парчаси қорнига суқилган ҳолда жаҳаннам ўтида абадий қолади», дедилар. Бош­қа бир ҳадисда: «Ўзини ўзи бўғиб ўлдирган киши дўзахда ҳам шу хилдаги азобга қолади ва ким ўзини олов билан ўл­дирса, дўзах оловида ҳам худди шундай азобга солинади», — дейилган.

Демак, инсон бу синов дун­ёда бошига келадиган қийинчилик ва машаққатларга бардош бера олмай умр деб аталган буюк омонатига хиёнат қилиши улкан гуноҳ бўлиши билан бирга муаммонинг ечими ҳам бўлмас экан.  «Ойнинг ўн беши қоронғу бўл­са, қолган ўн беши ёруғ». Сабр билан, тўғрилик билан синовлардан ўтиш эса инсонни камолот сари етаклайди.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида шундай деб марҳамат қилади: «Ва ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир. Ким буни тажовузкорлик ва зулм ила қилса, уни албатта дўзахга киритурмиз. Бу эса Аллоҳга осондир» (29-30-оятлар).

У Зот биз, мўмин-мусулмонларга раҳм қилгани учун ҳам ҳалокатга олиб борувчи ишлардан, жумладан, ўзини ўзи ўлдиришдан қайтариб, нажотга сабаб бўлувчи ишларга буюрмоқда. Бу ҳол Аллоҳнинг раҳматидир. Агар У раҳм қилиб, тўғри йўлни кўрсатиб бермаганида, нотўғрисидан қайтармаганида, инсон зоти катта машаққатда қолган бўлар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзини ўзи ўлдирганга жаноза намозини ўқимаганлар. Аллоҳ берган улуғ неъмат — ҳаёт неъматига, буюк инсоний ҳуқуқлардан саналмиш ҳаёт ҳаққига ношукр бўлган, уни оёқости қилган нобакор шахснинг жазоси шундай бўлади. Каломи шарифда: «…борди-ю, но­шукр­лик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир», дейилган («Иброҳим» сураси, 7-оят).

Ҳаёт инсонга уни беҳудага совуриш учун берилмаган. Балки, бу башариятга Аллоҳ таоло томонидан вақтинча берилган фурсатдир. Қуръони каримда «Сўнгра, албатта, ул кунда (охиратда) неъматлар ҳақида сўралурсиз!» (Такосур сураси 8-оят) дейилган. Неъ­матларнинг энг аввалида эса умр неъмати туради. Бирор-бир дин йўқки, инсоннинг ўз жонига қасд қилишини қаттиқ қораламаса, бирор жамият йўқки, бунга қарши курашмаса.

Юқоридаги оят ва ҳадисларда ўз жонига қасд қилишнинг оғир гуноҳ эканлиги таъкидланиб айтилмоқда. Ўз жонига қасд қилиш Аллоҳ таолонинг қазойи қадарига  қарши чиқишдир. Ўзини ўзи ўлдирганлар охиратда оғир азобда қолишади.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, ёшлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш, аввало, оиладаги диний тушунчанинг етишмаслиги бўлса, ота-оналарнинг фарзандлар тарбиясига бефарқлигидан ҳам келиб чиқади. Бир инсонни дунёга келтирганлар уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишида ҳам сабабчи эканликларини унутмаган ҳолда уларга кўмакчи бўлса, фарзандларини эшитса, уларни қийнаётган масалаларда ёрдамларини айямаган ҳолди дўстидек ёнида турса, балки бундай ҳолатларнинг олди олинган бўлармиди…

Латофат БЎРИЕВА,

журналист

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: