Home / Жиноят ва жазо / Яшасанг бўларди, сингилжон!

Яшасанг бўларди, сингилжон!

Бу қаро тун аччиқ тўлғонди. Кўк пештоқига илинган ложувард юлдузларга-да дунёнинг бир четида ўлим ва тириклик талошидаги онанинг азобланаётганини кўрсатишдан оғриниб, қора чодрасини осмон узра қуюқроқ ёйди…

Тонг бу ниҳоясиз ингранишларга чидолмай, булутлар чокини сўкиб юборди — осмон юм-юм йиғлади… Қуёш ҳам нола-ю оҳлар оғушидаги онанинг изтиробларини кўтаролмай лов-лов ёниб атрофга олов пуркади…

“Жоним бола-а-ам! Тўрт норасидасини чирқиратиб кетган бола-а-ам!!”.

Ногаҳон эшитилган фарёддан бутун борлиқ оғир-оғир хўрсинди…

Афсус…

Дард аксар ҳолларда кутилмаганда қўзигани каби Мавжуданинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам оғриғи кечга бориб билинди. Лекин “Ҳали эрта эди-ку?! “Ой тўлғоқ” шекилли… ўтиб кетар…” деб ўйлади. Оғриқ тобора кучаявергач, туман тиббиёт бирлашмасининг туғуруқ бўлимига етиб борди.

Навбатчи шифокор Чарос Мавлонова унинг ҳолатини текшириб кўраркан, УТТ кўригига зарурат борлигини айтди. Аммо вақт алламаҳал бўлиб қолганида УТТ қаёқда?! Зудлик билан бирор чора кўриш зарур эди. Боз устига, шундоқ туманнинг марказий касалхонасида навбатчиликка тайинланган акушер-гинеколог топилмагач, беморнинг қариндошлари ўзаро кенгашиб, бир неча йилдан буён шу туғуруқхонада ишлаб келаётган шифокор – акушер-гинеколог Зулайҳо Наврўзованинг уйига чопишди.

Юз ноз ила етиб келган З.Наврўзова осонгина ташхис қўйди: “Бола ўлиб бўлган! Операция қилиб уни олиб ташлаш керак!”.

Таассуфки, шу тобда шошма-шошарлик билан чиқарилган мазкур “ҳукм”­ни муҳокама элагидан ўтказишга қодир бошқа шифокор йўқ эди…

Ниҳоят, жарроҳлик амалиётига киришилди. Кўрилдики, бола соппа-соғ. Аммо онанинг аҳволи яхши эмасди…

Аслида Мавжуда Маликова тумандаги 9-қишлоқ оилавий поликлиникасида рўйхатда турган. Умумий амалиёт шифокори Шерзод Маҳмудовнинг назоратида бўлган. Шифокорнинг кўрсатмасига кўра Мавжуда Маликованинг ҳар ойда топширган лаборатория таҳлилларида ҳеч қандай салбий ҳолат кузатилмаган. Унинг умумий аҳволи яхши, жисмонан фаол бўлган. Аммо аксарият аёллар каби у ҳам кам­қонлиги туфайли овқатланиш тартибини ўзгартириш тавсия этилган.

М.Маликованинг касаллик тарихи мўътадил, салбий чизгилар йўқ. Дастлабки уч ҳомиладорлик даври ҳам енгил кечган. Туғуруқлар кўнгилдагидек ўтган, муаммо бўлмаган. Аҳволидан сира шикоят қилмаган. Бундан англаш мумкинки, она операция кунига қадар соғлом бўлган.

Хўш, у ҳолда нега операциядан ке­йин оғирлашиб қолди?!

Мавжуданинг умумий амалиёт шифокори Ш.Маҳмудов кўргазмаси: “Жарроҳлик амалиёти чоғида беморнинг ёрилган тана аъзоси яхши тикилмаган. Оқибатда бачадон соҳасига инфекция тушган бўлиши мумкин деган тахминдаман…”.

Тиббиёт бирлашмаси жонлантириш бўлими анестезиолог-реаниматологи З.Қаршиев кўргазмаси: “Беморнинг операциядан кейинги ҳолати ўрта оғир эди. Дармонсиз, ўтказилаётган кунлик кўриклар натижа бермаётганди. Бемор акушер-гинеколог ёрдамига муҳтож эди. Даволовчи шифокор беморнинг ҳолати билан бирор марта қизиқмаётгани, уни доимий кўрикдан ўтказиб, назоратни кучайтириши, кунлик тавсияларини касаллик тарихига ёзиб бориши лозимлиги, керак бўлса малакали мутахассис жалб этиб, маслаҳат олиш зарурлигини туғуруқ комплекси бошлиғи Сарвар Шамсиддиновга бир неча марта айтдим. Аммо…”.

Марҳумнинг яқинлари кўрсатмаси: “Мавжуданинг ҳолати яхши эмаслигини била туриб туғуруқ комплекси бошлиғи Сарвар Шамсиддинов ҳамда акушер-гинеколог Зулайҳо Наврўзова ўзаро кенгашиб, уни умумий палатага олиб ўтишди…”.

Аслида бу Мавжуда Маликова устидан чиқарилган энг ножоиз қарор эди…

2018 йил 11 ноябрь.

Беморнинг ҳолати ёмонлашди. Вилоятдан мутахассис чақирилди. Қайта операция ўтказилди.

Хўш, кечикиб қилинган бу амалиёт самара бердими?! Йўқ!

2018 йил 12 ноябрь.

Бемор ўта дармонсиз, ҳушсиз ҳолда комага тушиб қолди.

2018 йил 20 ноябрь.

Мавжуда Маликованинг юраги уришдан тўхтади…

Афсус! Минг афсус!!

Ўлим билан олишган нигоҳлар “Мен ҳали яшашни истайман!..” дедилар…

Кун, соат сайин юмилиб бораётган қароқлар “Мени қутқаринг, тўрт норасида болам ҳаққи, қутқаринг!..” дедилар…

Сўлиб, қовжираб қолган лаблар сўнгги кучларини йиғиб “Мен кетсам, болаларимнинг ҳоли нима кечади?! Ҳеч бўлмаса, дунёга келиб она сути таъмини туймаган чақалоғим ҳаққи, жонимни сақлаб қолинг!..” дея шивирладилар. Аммо бу оҳларни биров эшитмади…

Она ичкарида ҳаёт учун курашаётганида ташқарида унинг уч полапони шифохона эшигига термулишар, ҳар бир кириб чиқаётган дўхтирлар кўзига илтижо билан боқишарди: “Онамиз соғми ишқилиб?.. Уни асраб қолинг, илтимос! Биз учун, ёлғиз чирқираб қолмаслигимиз учун ёрдам беринг!”.

Бу нолаларни тамагир дўхтирлар қаёқданам эшитсин?! Киссасига уч-тўрт сўм “қистириб қўйганлар”нинг бемори ёнига тилидан бол томиб бир кунда неча бор кириб-чиқиши, жоиз бўлмаса-да, муолажалар буюриши, соғлиғи ҳақида астойдил “қайғуриши” ёлғонми?!

Тўрт етим бўтадек бўзлаб она тобутига эргашганча қолаверди…

Майит кетди. Кўнгил сўраб келиб-кетаётган қадамлар тинди. Ер-кўкни титратган фарёдлар тинди. Фақат энди ҳувиллаб қолган ҳовлида ҳали она ҳидини туйиб-туймаган мурғаккина чақалоқнинг чинқириғи кезарди, холос… Гўё шу митти гўдак мангуга ташлаб кетган онасининг энди қайтиб келмаслигига тоқат қилолмаётгандек чинқирарди…

Изтироб оғушида беихтиёр ўйга ботасан. Шифокор ким ўзи? Нега одамлар бу касб эгаларини эъзозлашади? Нега оппоқ халатларига ҳамма ҳавас билан қарайди?

Шифокор чиндан-да жисму жонимиз посбони. У мана шу шарафли касбга киришган куниёқ инсон учун жон куйдиришга онт ичади. Не-не яшашдан умидини узганларни ҳаётга қайтарган, яшаш бахтини ҳадя этган ҳам у.  Шунинг учун уларни ардоқлаймиз, шарафлаймиз.

Бироқ улар орасида садоқатни, масъулиятни, демакки, ичган қасамини унутганлари ҳам бор экан.

Бир инсон тақдири олдида, яна денг, тўрт болали она тақдири олдида лоқайдлик қилган, қасамини унутган шифокорни кечириш мумкинми?! Афсуски, йўқ!

Мазкур фожиа – жиноий ҳолат қонун доирасида кўриб чиқилди. З.Наврўзова лоқайдлиги, махсус қоидаларга мувофиқ беморга ёрдам кўрсатиши шарт бўлгани ҳолда унинг аҳволидан хабар олмагани, бу эҳтиётсизлиги туфайли М.Маликованинг ўлимига сабабчи бўлгани муҳокамалардан ўтди ва жавобгарликка тортилди.

Бироқ у ҳам аёл, у ҳам она… Вояга етмаган фарзанди бор. Шунинг учун бўлса керак, даъвогар тараф оғир айрилиқни қисматга йўйиб, унга озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўради. Ажаб, З.Наврўзова Мавжуданинг дилбандлари кўзидаги мунгни ўқий олмаган эса-да, унинг фарзанди дилидаги хавотирни тўрт етимни қучоқлаб ўтирган ота ҳис этган чиқар шу палла?!

Яна дилни фожиа изтироби доғлайди. Тиғ остидан омон чиққану, аҳволи яхшиланиш ўрнига, кун сайин оғирлашиб бораётган беморининг ҳолидан ўн кунда лоақал бир мартагина хабар олишга ярамаган шифокорни шифокор дейиш мумкинми?!

Ҳали бирортаси ҳаётда ўз йўлини топмаган фарзандларидан кўнгил узолмай, бу ёруғ оламдан кўзи очиқ кетган онанинг ҳолига ачинмаган, ўзининг тамагир қалбидан шу онанинг тирик қолиши учун жонфидоликка жой тополмаган, лоқайд, худбин дояни доя деб аташ мумкинми?

Афсус! Бир она жирканч тамагирлик касрига қолди.

Ахир ҳали яшасанг бўларди, сингилжон!

Муҳаммадихон ЖЎРАЕВ,

Мингбулоқ тумани прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: