Home /   / Янги номзодлар қайта тайёрлаш курсини битиришди

Янги номзодлар қайта тайёрлаш курсини битиришди

Бош прокуратура Академиясида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 майдаги «Прокуратура органлари кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғ­рисида»ги Фармонига асосан илк маротаба ташкил этилган прокуратура органларида лавозимларни эгаллаш учун номзодларни касбий қайта тайёрлаш курслари ниҳоясига етди.

Қайта тайёрлаш курси олти ой давом этиб, прокурор-тергов иши ва прокуратура органларида иш юритишни ташкил қилиш асосларини ўқитишга йўналтирилди. Олий таълим ҳамда амалий фаолият ўртасидаги мавжуд бўшлиқларни тўлдириш мақсадида таълим жараёни амалиётга йўналтирилган янгича ёндашув асосида ташкил этилди.

Ўқув машғулотлари илғор педагогик ва ахборот-комуникация технологияларини қўллаган ҳолда ўтказилди. Тингловчиларда тергов ва тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш бўйича амалий ва махсус кўникмаларни шакллантириш мақсадида ўқув машғулотлари криминалистик машғулот майдони, суд имитацияси зали, электрон тир ва бошқа махсус жиҳозланган ўқув хоналарида ўтказилди.

Ўқиш жараёнида курс тингловчилари таҳлилий фикрлаш қобилияти, чет тилларда сўз­лаш ва шу каби самарали фао­лият юритиш учун зарур бошқа кўникмаларни ривожлантириш имкониятига эга бўлдилар.

Курс дастури прокуратура органлари фаолиятини ташкил этиш, қонунчилик ижроси устидан назорат, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, судларда прокурор ваколатини таъминлаш ва умумий компетенцияларга оид ўқув блокларидан ташкил топди.

Ҳар бир ўқув блоки бўйича аудитория машғулотлари пойтахт туманлари прокуратураларида амалиёт ўташ билан бирга ташкил этиб борилди. Бу тингловчиларда терговга қадар текшириш ва тергов ҳаракатларини ўтказиш, иш юритиш, мурожаатлар билан ишлаш ва тергов-прокурорлик фаолиятига оид бошқа кўникмаларнинг шаклланишига хизмат қилди.

Бирламчи ихтисослашув шаклидаги қайта тайёрлаш курслари зарур ахлоқий, психологик фазилатлар ҳамда ҳар томонлама билим ва юқори малакага эга бўлган муносиб номзодларни танлаб олиш имконини берадиган, прокуратурага хизматга қабул қилишнинг мутлақо янги моделига асос солди.

Марат ПАЛВАНОВ,

Бош прокуратура Академияси бўлим бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: