Home /   / Янги кредитлар жорий қилинади

Янги кредитлар жорий қилинади

Меҳнаткаш халқимизнинг ишбилармонлик салоҳияти оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, касаначилик, чорвачилик, ҳамда деҳқончиликни кенгайтириш учун катта тажриба мавжудлигидан далолат беради.

Оилаларнинг барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун шарт-шароит яратиш мақсадида “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурининг жорий қилиниши фаровонлик калити бўлиб хизмат қилмоқда.

2018-2019 йилларда аҳолининг тадбиркорликка кенг жалб қилиниши айниқса чекка ҳудудлардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг иқтисодий ҳолати яхшиланишига сабаб бўлди.

Шу билан бирга, кичик бизнес, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, банк хизматларининг оммабоплигини ошириш орқали аҳоли, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорлик субъект­лари билан тўлақонли шерикчилик муносабатларини ўрнатиш талаб этилади. Шу мақсадда 2019 йил 24 октябрь куни давлат раҳбарининг “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларни кредитлаш тартибини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ 2020 йил 1 январдан бошлаб кичик бизнес, оилавий тадбиркорлик, аҳолининг ўзини ўзи банд қилишини ривожлантириш, аёллар учун имкониятларни ошириш ва ёш авлодни қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат дастурлари доирасидаги лойиҳалар Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси бўйича устувор равишда Халқ банки, «Микрокредитбанк» ва «Агробанк» орқали молиялаштирилиши белгилаб қўйилди.

Яхши янгилик: энди қарорда келтирилган ва бошқа жамғармалар ҳисобидан кичик бизнес, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, хотин-қизлар ва ёш авлод ташаббусига ваколатли банклар томонидан ажратилган кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация ва субсидиялар беришга рухсат этилади.

Бундан ташқари, мазкур дастурларни молиялаштириш учун тегишли жамғармалар томонидан ажратиладиган ресурсларнинг 2020-2022 йилларда тўланадиган қисми ҳар ойда ваколатли банкларга дастурлар доирасидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун йўналтирилади, бунда ресурслар бўйича фоиз ставкаси қайта молиялаш ставкасидан 4 фоиз паст қилиб белгиланади.

Қарорга кўра барча ҳудудларда «банк хизматлари офислари»нинг кенг тармоғи яратилади, ахборот технологияларини қўллаш орқали янги банк хизматлари ҳамда «модулли» кредитлаш асосида янги кредитлар жорий қилинади.

Жамшид НЕМАТОВ,

Бош прокуратура бошқарма прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: