Home /   / ЯХШИДАН БОҒ ҚОЛАДИ… камтарин ҳам бағрикенг инсон эди!

ЯХШИДАН БОҒ ҚОЛАДИ… камтарин ҳам бағрикенг инсон эди!

Ҳакимбой Аширович билан 2008 йилдан бошлаб, яъни у киши Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари вазифасида иш бошлаганидан бошлаб, ўн йилдан зиёдроқ давр мобайнида бақамти ишлаш насиб этди.

У киши билан тез-тез телефонда боғланиб, фуқаролик низоларига биргаликда ечим излаган пайтларимиз кўп бўлган. Шунингдек, Ҳакимбой ака лавозими тақазосига кўра Олий суд Пленуми, Олий суд раёсати мажлисларида қатнашар, кўрилаётган масалаларга ўзининг қатъий  муносабатини билдирар эдилар. Шунга кўра, вақти-вақти билан бевосита кўришиб, фикр алмашиб ҳам турар эдик.

Ҳакимбой Аширович туман прокурорининг ёрдамчилигидан то Бош прокурор ўринбосарига бўлган узоқ, сермашаққат йўлни босиб ўтган, кўпни кўрган инсон эдилар.

Шу боис  кўпчилик, шу жумладан, ўзимиз ҳам у кишини ҳурматлаб, Ҳакимбой оға, деб мурожаат қилардик.

Ҳакимбой оғанинг энг сара фазилатларидан бири ҳаммага бирдай муносабатда бўлишларида эди. Ўзидан ёши каттага ҳурмати, кичикка иззати бўлакча эди. Ҳам феъли Қорақалпоқ ерлари каби кенг эди десак, хато бўлмас. Ҳам камтарин ва куюнчак инсон эдилар. Биров учун суюниши ҳам, куйиниши ҳам ўзгача эди.

Ўз ишига муносабатда доим одамлар манфаатини биринчи ўринга қўяр, фуқаролик иши бўладими, жиноят иши бўладими миридан-сиригача ўрганиш одати эдилар.

Орадан йиллар ўтиб, 2017 йилга келиб Ҳакимбой Аширович Ўзбекистон Рес­публикаси Президентининг Қорақалпоғистондаги Халқ қабулхонаси раҳбари бўлиб ишлаган даврида фуқароларни қабул қилиш жараёнида  илғаганим у киши ўз элининг чин маънодаги дарғаларидан  бири эканлиги, халқнинг у кишига ҳурмати жуда баланд эканлиги бўлди.

Ҳа, Ҳакимбой Ҳалимов Қорақалпоқ элининг суйган фарзанди, ҳам бутун юрт таниган намояндаси эдилар.

Ҳакимбой оғанинг охиратлари обод бўлсин!  Халқимизда яхшидан боғ қолади, деган нақл бор. Ҳакимбой оғадан ҳам шогирд, фарзанд ва набиралардан иборат катта боғ қолди ва улар тимсолида Оғанинг ишлари даъвом этади, ёди мангуга эл билан бирга қолади!

                                                                       Холмўмин Ёдгоров,

Олий суд раисининг ўринбосари

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: