Home /   / Xиëнaт opтидaги жинoят

Xиëнaт opтидaги жинoят

Ғарбий Австралия университети олимлари ўтказган тадқиқот натижаси эркакларнинг юзига қараб, шахснинг ўз турмуш ўртоғига нисбатан хиёнатга қанчалик мойил эканини юқори даражада аниқлаш мумкинлигини кўрсатди. Бироқ олимлар аёлларнинг юзи ўз эгасини «сотмаслиги»ни таъкидламоқда.

«Эркак ва аёл иштирокчилар биргаликда эркакларнинг юзидан хиёнатга мойиллигини деярли тўғри тахмин қила олдилар, лекин аёллардаги бундай белгиларни аниқлашнинг у қадар имкони бўлмади», – дейилади тадқиқотда.

Балки шунинг учун ҳам Талъат Юнусов  турмуш ўртоғининг анчадан буён хиёнат қилиб юрганини сезмагандир. Унинг аёли телеграм орқали ўзига жазман орттирди ва эрининг бошига етди. Воқеани батафсил ҳикоя қиладиган бўлсак, у 2016 йилга бориб тақалади (марҳум ва жабрланувчининг исм-фамилияси ўзгартирилган).

Талъат Юнусов пойтахтимиздаги кўз касалликлари хусусий клиникасида шифокор бўлиб ишлар эди. Қирқ ёшни қоралаган шифокор эрталаб ишга кетгач, ўзидан етти ёш кичик бўлган турмуш ўртоғи Шаҳина уйда ёлғиз қоларди. Эрини ишга кузатган аёл уй ишларини апил-тапил бир ёқли қилиб, телефонини қўлга олиб интернетдаги ижтимоий тармоқларда турли шахслар билан “смс”лашиб ўтиришни одат қилади. Телефондан бошини кўтармай ўзига “ўргимчак тўри” орқали таниш орттириб, кунини кеч қилаётган Шаҳина бир кун келиб, бошқа бир эркак учун эрмак бўлиб қолишини хаёлига келтирмасди.

Шундай кунларнинг бирида у телеграм орқали Сарвар Тошмуҳаммедов билан танишиб қолади. Икки тенгдош ўртасидаги ёзишмалар бора-бора ишқий мавзуларга уланиб, уларни учрашувга ундайди. Икки томон ҳам оилали бўлса-да, шайтонга хайф беришмайди. Шаҳина биринчи учрашувдаёқ Сарварни ўзига мафтун қилади. Хуллас, улар тез-тез учрашишни одат қилишади. Бундай учрашувлар эса хиёнатга йўл очади.

2016 йилнинг август ойидан бош­ланган ишқий муносабатлар аста чуқурлашиб борар, энди Сарвар оилали аёлга ўз хотинидек муносабатда бўларди. Шаҳина турмуш ўртоғини ишга кузатгач, Сарварга қўнғироқ қилиб уйига чақирар, номаҳрам эркак билан кечгача бирга бўларди.

Бир куни вақт алламаҳал бўлганда Шаҳина эри келиб қолишини айтиб, Сарварга тезроқ кетишини айтади. Аёлни гўёки бутунлай ўзиники қилиб олган эркакка унинг бу гаплари ёқмайди. “Эринг билан ажраш, сени никоҳимга оламан” дейди Сарвар кийимларини қўлига тутқазаётган Шаҳинага. “Ҳозир тезроқ кетишингиз керак, бу масалани телеграм орқали гаплашамиз” дея жазманини кузатиб юборади аёл. Эртасига Шаҳина эри билан ажрашмаслигини айтиб, унинг таклифини рад этади. Унинг бу жавоби Сарварнинг ғазабини қўзғатади. Хаёлида агар эрини бир ёқлик қилса, аёл билан бирга уй-жой ҳам ўзига қоладигандек эди.

С.Тошмуҳамедов тузган режасини амалга ошириш учун ўзига шерик қидира бошлайди. Сўраб-суриштириб, бу ишга лаббай дея жавоб берадиган шахсни топади. Тахмин қилинганидек, Сарварнинг чорловига Мустафо Темиров йўқ демади. 1995 йилда туғилган бу шахс аввал ҳам талончилик қилгани учун бир неча йилга озодликдан маҳрум этилиб, жазо муддатини ўтаб чиққан эди.

Икковлон келишиб олгач, бунинг учун керак бўладиган нарсалар, яъни арқон ва скотч сотиб олишади, пойтахтнинг чеккароқ жойидан уй ҳам топиб, қабиҳ ишларини ўша ерда амалга оширишни режа қилишади. С.Тошмуҳамедов режага асосан Т.Юнусов ишлаётган клиникага боради. Уни топиб, касал борлигини, юра олмаслиги сабабли уйда муолажа қилишини илтимос қилиб, алдайди. Ҳеч нимадан хабари йўқ Т.Юнусов унинг гапларига ишонади ва беморга ташхис қўйишда керак бўладиган тиббий асбоб-анжомларини олиб чиқади. Сарвар шифокорни ўз машинасида қабиҳлик учун тайёрлаб қўйилган манзилга олиб келади. Т.Юнусов уйга кириши билан икковлон уни уриб, тепиб, оёқ-қўлини боғлаб ташлашади. Бу ҳам етмаганидек, ожиз аҳволда қолган Т.Юнусовни қийноққа солишади. Унинг “Нима учун, айбим нима?” деган саволига С.Тошмуҳамедов “Сенинг хотининг менинг жазманим, у билан кўнгилхушлик қилишимга шунча вақтдан буён халақит қилиб келдинг, энди бунга чек қўяман” деб дағдаға қилади.

Инсонийлик қиёфасини йўқотган икковлон Т.Юнусовни оёқ-қўллари боғлиқ ҳолда уч кун мобайнида сувсиз, овқат бермасдан ўша жойда сақлашади. Учинчи куни С.Тошмуҳамедов “Бунинг жони қаттиқ экан, ёрдамлашиб юборамиз шекилли” дея қўлига арқон олиб, уни бўйнидан бўғиб ўлдиради ва жасадни гиламга ўраб қўяди. Тун ярмидан оққанида Сарвар таниши М.Мераимовга қўнғироқ қилиб, юк борлигини, Бектемир туманига олиб бориш кераклигини айтади. “Газель” машинасида айтилган манзилга келиб “юк”ни кўргач М.Мераимовнинг ҳуши бошидан учаёзади. С.Тошмуҳамедов эса унга кўрганларини ҳеч кимга айтмаслигини тайинлайди, гиламга ўралган жасадни Чирчиқ дарёси қирғоғига кўмиб ташлашади.

Шундан сўнг марҳумнинг тиббий асбоб-ускуналари, телефонларини со­тиб юборишади. Пластик картасидаги 4 миллион сўмдан ортиқ пулни ҳам Сарвар ўз эҳтиёжи учун сарфлаб юборган экан. С.Тошмуҳамедов ёпиқ қозон ёпиқлигича қолади, ундан ҳеч ким хабар топмайди деб қаттиқ янг­лишди.

Ўғли бир неча кундан буён йўқолиб қолганини билган Т.Юнусовнинг онаси бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар беради. Тезкор-қидирув ва суриштирув жараёнида Т.Юнусовни сўнгги бор С.Тошмуҳамедов олиб кетгани маълум бўлади. Клиникадаги кузатув камералари ёрдамида Сар­варнинг шахси аниқланиб, қўлга олинади. Дастлабки тергов жараёнида унинг ҳамтовоқлари ҳам ушланади. Фойдаланаётган телефонлари уланган мобил компаниялардан қотилларнинг ўзаро суҳбатлари ёзилган аудио­тасмалар олиб эшитилганда ҳам уларнинг мақсадига аниқлик ки­ри­тилади. Мурда кўмилган жойидан олиниб, ДНК экспертизаси ўтказилади ва жасад ҳақиқатан Т.Юнусовники экани маълум бўлади.

Афсусланарлиси, М.Мераимов қотилликда иштирок этмаса-да, мазкур қабиҳлик ҳақида тегишли жойга вақтида хабар бермагани учун жавобгарликка тортилди.

Суд ҳукмига кўра С.Тошмуҳамедов 18 йил, М.Темиров 17 йилга озодликдан маҳрум қилинган бўлса, М.Мераимовга ҳам қилмишига яраша жазо тайинланди.

Элбек ИНАМДЖАНОВ,

Тошкент шаҳар прокурорининг ўринбосари

Камолиддин АСҚАРОВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: