Home /   / Xaлққa xизмaт — oлий caoдaт

Xaлққa xизмaт — oлий caoдaт

Фарҳод ЗУФАРОВ, Самарқанд вилояти прокурори

– Фарҳод Муҳаммаджонович! Аввало касб байрамингиз 8 январь – Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари куни билан қизғин табриклайман! Сизга ва жамоангизга соғлиқ, ишларингизга омад тилайман.

Бугунги суҳбатимиз фақат рақамлардан иборат ҳисобот эмас, амалий ишларга бағишланган, самимий бўлишига ҳаракат қилсак.

– Раҳмат! Ҳақиқатан касбимиз шарафли, шу билан бирга масъулиятли. Давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибори билан 8 январь – Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари куни деб белгиланиши биз учун юксак эътироф намунаси бўлди.

Кейинги уч йилда катта ўзгаришлар рўй берди. Давлатимиз раҳбари прокуратура органларини халқ прокуратурасига айлантириш вазифасини қўйди. Шу сабабли соҳа ходимлари зиммасидаги масъулият янада ортди.

– Байрам муносабати билан фахрийлар билан учрашувлар бўлди. Кўпчилик бугунги шароит ҳақида ҳавас билан гапирди. Шу ҳақда икки оғиз гапириб берсангиз.

– Фахрийларимизнинг ҳаваси бекорга эмас. Бугунги шароит ҳақиқатан яхши. Уни кечаги кун билан солиштириб бўлмайди. Мен ҳам кўп йиллик тажрибага эга катта авлод вакилиман. Кеча ва бугунни таққослашга ҳар томонлама ҳақлиман.

«Иш қуролинг соз бўлса, машаққатинг оз бўлур» деган нақл бор. Замон билан ҳамнафас ҳолда прокуратура органларининг шароити, техник имкониятлари яхшиланиб, бу иш сифати ва самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Катта авлод ходимлари яхши эслашади, асосий иш қуролимиз ёзув машинкалари эди. Бир неча ўнлаб жилд бўлиб кетадиган жиноят ишлари ва бошқа материалларни ёзиш учун тунларни тонгга улардик. Бир саҳифани ёзиб тугатар чоғда хато ўтиб қолса, шу саҳифани қайта ёзишга тўғри келарди. Айниқса, битта ҳолатни ўн марталаб кўчириб ёзиш-чи? Бу заҳматларни бугунги ёшлар тасаввур қилолмайди. Мен ҳали озгинасини айтдим, холос. Бу ёқда фотоаппаратлар, овоз ёзиш ускуналари, криминалистика ашёлари… Ҳаётимизга компьютер техникалари кириб келганда энг кўп хурсанд бўлганлар бизнинг соҳа ходимлари бўлса керак.

Бугунги кунда тизим энг янги компьютерлар билан таъминланган. Айниқса, интернет тармоғи, юқори сифатли телефон алоқаси, электрон ҳужжат алмашиш тизими катта қулайлик яратаяпти.

Илгари иш шароити ҳам ўзига яраша эди. Аксарият туман ва шаҳар прокуратуралари мослаштирилган биноларда иш юритарди. Четдан келган ходимларнинг яшаш шароитини ҳеч ким ўйламасди. Ҳар ким ўзи ижарага уй топиб жойлашар, баъзилар узоқ масофадан қатнаб ишларди. Иш кабинетида ётиб ишлаганлар қанча. Овқатланиш ҳам муаммо эди, фақат кўчадаги ошхоналарга боришга тўғри келар, бу эса қатор ноқулайликлар келтириб чиқарарди. Бу, биринчидан, каттагина харажат, иккинчидан, вақтни исроф қилиш дегани, учинчидан, чекка туманларда кечга бориб ошхоналар ёпилиб қолгани учун оч-наҳор ишланарди. Чунки ярим кечгача ишлаш ходимлар учун оддий ҳол эди.

Бугунги кунда прокуратура бинолари янгидан қурилди ёки реконструкция қилинди. Уларда ҳар бир ходимга вазифасига мос шароитли алоҳида хона, янги мебеллар, фуқароларни қабул қилиш хонаси мавжуд. Ҳовлилар ободонлаштирилган. Гулзорлар, мевали дарахтлар яшнаб турибди.

Барча шароитга эга ошхоналар ишлаб турибди. Ҳам вақт, ҳам маблағ тежалаяпти. Бирга овқатланиш фикр алмашиш, айрим масалаларни муҳокама қилиш, шунингдек аҳилликка замин яратаяпти.

Узоқдан келиб ишловчилар ҳамда иш кўпайган чоғларда кеч қолганлар, қизғин иш пайтида чарчаганлар дам олиши учун барча шароитга эга меҳмонхоналар мавжуд.

Ходимларнинг ижтимоий ҳимоясига ҳам катта эътибор берилмоқда. Ёш ходимлар уй, автомашина олиши учун имтиёзли кредитлар ажратилаяпти. Яхши натижага эришган ходимлар ҳам маънавий, ҳам моддий рағбатлантириб борилмоқда.

Бундай шароит нафақат фахрийларнинг, бошқа касб эгаларининг ҳам ҳавасини келтириши табиий. Лекин масъулият ҳам шунга яраша.

– Прокуратура органлари коррупцияга қарши курашнинг олдинги сафларида туради. Бировга ақл ўргатиш учун аввало ибрат бўлиш лозим. Шу маънода тизимнинг ўзида коррупцияга қарши қандай курашилмоқда?

– Юқоридаги айтганларимнинг ҳаммаси тизимда коррупцияга қарши курашишга қаратилган. Коррупция қачон авж олади? Ходим ўз меҳнати самарасидан қониқмаса, жонини жабборга бериб ишласа-ю уйида маиший муаммолари қийнаб турса, фидокорона меҳнати қадр­ланмаса…

Бугунги кунда раҳбариятимиз ходимларнинг муаммоларини ҳал этишга катта эътибор бераяпти. Ходимларимизнинг катта қисми ёшлар. Энди тасаввур қилинг, олий ўқув юртини тугатиб нуфузли органга ишга кирган ходим яхши шароитда ишласа, иш ҳақи етарли бўлса жону дили билан ишлайдими? Фидо­йилик билан ишлагандан кейин албатта яхши натижаларга эришади. Шундай пайтда раҳбарият унинг меҳнатини қадрлаб рағбатлантириб турса янада руҳланади. Натижада аста-секин лавозими, унвони, жамоадаги обрўси ошиб бораверади. Энди шундай ширин ва мазмунли ҳаётини гаровга қўйиб кимнингдир чойчақасига учади деб ўйлайсизми? Тўғри, беш қўл баробар эмас, лекин ишонч билан айтаманки, ходимларимиз бугунги муваффақиятларининг қадрига етадиган даражада фаросатли.

Шунингдек, корруп­ция­га қарши курашиш борасида янги амалиёт йўлга қўйилди. Кимдир прокуратура ходимига қанчадир пул таклиф қилса, ходим бу ҳақда раҳбарига маълум қилади ва дарҳол тадбир уюштирилади. Пора берувчи кимса пул бераётганда қўлга олинади ва жавобгарликка тортилади. Ходим эса фидойилиги, касбига содиқлиги, прокуратура органлари шаънига доғ туширмагани, коррупцияга қарши курашга ҳисса қўшгани учун ўша таклиф қилинган сумма миқдорида қонуний мукофот олади. Бунга бир нечта мисол келтиришим мумкин. Бу амалиёт ҳам катта натижа бераяпти.

Демак, ҳалол ишлаш – фаровон ҳаёт ва порлоқ келажак гарови. Буни ходимларимиз яхши тушунади.

– Суҳбатимизни бевосита вилоят прокуратурасининг фаолияти мавзусида давом эттирсак. 2019 йилдан кўнглингиз тўлдими? Қонун устуворлиги қай даражада таъминланди? 

– Қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинлик­ларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида 2019 йили кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Битта суҳбатда бу ишларни акс эттириб бўлмайди. Шунинг учун фаолиятимизнинг айрим жиҳатларига тўхталамиз.

Аҳоли турмушини яхшилашга қаратилган қонун ва қарорлар ижросини таъминлаш борасида кўрилган чоралар, шунингдек давлат органларининг ҳуқуқий  ҳужжатларини ўрганиш натижасида 9 мингга яқин прокурор назорати ҳужжатлари қўлланди ва 3,5 минг кишининг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Ноҳақликка учраган фуқаро жамиятдан, давлатдан норози бўлади. Ҳамма нарсадан кўнгли совуган инсон жамиятга фойда эмас, зарар келтира бошлайди. Йил давомида 3,5 мингдан зиёд фуқаронинг бузилган ҳуқуқларини тиклаб, уларни қонун ҳимоя қилишини исботладик. Демак, шунча одамда ватанга ҳурмат, қонунга ишонч ҳисси юксалди. Аслида ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқи биз учун катта аҳамиятга эга.

Ўтказилган текширувлар ва жиноятларни тергов қилиш жараёнида 107 млрд. сўмлик зарарнинг ундирилиши таъминланди. Қўпол қонунбузилишлар бўйича 356 та жиноят иши қўзғатилди. Етказилган зарарнинг ундирилиши ҳам катта профилактик тадбир. Ҳолатни кўриб турган ва зарар етказишга мойил кимсалар фикридан қайтади, «барибир ундириб оларкан, давлатнинг пули беэга эмас экан» деб ўйлайди.

Шунингдек, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, муҳтож оилаларни кўмак бериш орқали кам таъминланганлар рўйхатидан чиқаришга алоҳида эътибор қаратилди.

Прокурорларнинг ёрдами билан 75 марта меҳнат ярмаркаси ўтказилиб, 2921 киши иш билан таъминланди ва 7400 кишига ҳуқуқий маслаҳат берилди. Иш билан таъминланган ҳар бир инсон аввало оиласи, қолаверса, жамиятга фойда келтира бошлади. Жуда кўп иллат бекорчиликдан келиб чиқади. Шу билан бирга, инсон ишлаб даромад ола бошлагач, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар сони ҳам камаяди. Булар ҳаммаси бир-бирига узвий боғлиқ. Бир камчилик иккинчи хатони келтириб чиқаради, бир яхшилик иккинчи яхши ҳолатга замин яратади.

– Тўғри айтдингиз. Суҳбатимиз бошидаёқ амалий ишлар ҳақида гап­лашамиз деб келишган эдик. Вилоят прокуратураси асосий фаолиятидан ташқари яна қандай яхши ташаббус­ларга қўл урди? 

– Пайариқ туманининг Накурт қиш­лоғида 18 минг киши яшайди. Ана шу аҳолининг етти минг нафари айни кучга тўлган, ишлайман деган ёшда. Лекин аксарияти бекор. Деҳқончилик қилишга сув йўқ, саноат йўқ. Атроф фақат қир-­адирлик. Туман маркази эса 40-60 километр узоқда, қатнаб ишлаб бўлмайди. Шунингдек, у ерда тоза сув ҳам катта муаммо экан. Энг ачинарлиси, шундай катта қишлоқда мактабгача таълим муассасаси йўқ, болалар кўча чангитиб катта бўлар экан.

Ҳудуднинг муаммоларини батафсил таҳлил қилдик. Қиймати 2,5 млрд. сўмлик 180 ўринли мактабгача таълим муассасаси қурилди.

Учта сув иншооти қурилиб, 18 км. масофага сув тармоғи тортилди. 650 та хонадон, учта мактаб, битта МТМ ва иккита ҚВП тоза сув билан таъминланди.

Фойдаланилмай келинаётган лалми ерларни ўзлаштириш мақсадида 20 та қудуқ қазилди. 50 га ерда 12 та фермер хўжалиги ташкил этилиб, интенсив боғ ва токзорлар барпо этилди. Натижада 500 дан ортиқ ёшлар иш билан таъминланди.

– Суҳбатимиз давомида асосан ёшлар масаласида кўпроқ фикр юритаяпсиз. Дарҳақиқат, ёшларга эътибор келажакка эътибордир.

– Юқорида ёш ходимларни тўғри тарбиялаш, қўллаб-қувватлаш орқали ишчан жамоани шакллантириш ҳақида гапиргандим. Ҳозир эса ишсиз ёшларни иш билан таъминлашнинг фойдалари ҳақида гаплашдик. Энди масалага янада кенгроқ ёндашамиз.

Прокуратура органлари томонидан мазкур йўналишда 750 та ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди. 230 та текширув якуни бўйича 3800 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланди.

Вилоят прокуратураси томонидан дастур ишлаб чиқилиб, Прези­дентимизнинг бешта ташаббуси ижроси бўйича меҳрибонлик уйларида «Умид» ва «Лочин» футбол жамоалари, шашка, шахмат, муайтай, ўзбек қўл жанги спорт секциялари, «Ёш китобхон» каби тадбирлар ташкил этилди. Уларга тажрибали ўқитувчи ва мураббийлар бириктирилиб, турли мусобақалар уюш­тирилди.

Эътибор қилаяпсизми, ўрта мактаб­лар, мактабгача таълим муассасаларини тўлиқ қамраб олган ҳолда, меҳрибонлик уйларига ҳам кириб бораяпмиз. Аслида уларга кўпроқ меҳр кўрсатиш керак.

Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар натижасида вояга етмаганлар содир этган жиноятлар 2018 йилда 8 фоиз, 2019 йилда 39 фоиз кама­йишига эришилди. Тиббиётда касални даволашдан кўра, унинг олдини олган маъқул деган гап бор. Биз фарзандларимизни ёшлигидан тўғри тарбиялаб борсак, бунинг роҳатини ҳам ўзимиз кўрамиз.

«Huquq» газетаси мухбири
Азимжон ҚОДИРОВ суҳбатлашди

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: