Home /   / «Вазирликнинг мусодара бўлими ходими» кимларнинг маблағини «мусодара» қилди

«Вазирликнинг мусодара бўлими ходими» кимларнинг маблағини «мусодара» қилди

Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг очиқ суд мажлисида Ражаб Матназаровнинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) жиноят иши кўриб чиқилди. Аввал ҳам икки маротоба жиноят содир қилиб, амнистия туфайли жазодан қутулиб қолган бу шахс яна олдинги ҳунарини давом эттиради. Пойтахтда киракашлик қилиб, содда одамларни осонгина «тузоғига» илинтиради ҳамда алдаш ва ишончни суиис­теъмол қилиш йўли билан фуқароларни чув туширади.

Ражаб ўзини машинасига ўтирган йўловчиларга Ички ишлар вазирлигининг масъул ходими, яъни вазирликнинг мусодара бўлими бошлиғи ўринбосари сифатида таништиради.

Ўтган йилнинг август ойларида Р.Матназаров фуқаро Илғор Асилов билан танишиб қолади. Ражаб ўзаро суҳбатларда ҳар доимгидек ўзини бўлим бошлиғи ўринбосари, деб таништириб, «ҳожатбарор» қиёфасига киради. У Илғорга айбланувчиларнинг етказган зарарларни қоплаш учун давлат фойдасига мусодара қилинган автомашиналаридан бирини арзон нархда олиб беришини айтади. Гаплари ишончли бўлиши учун у кимларгадир қўнғироқ қилиб, гўёки ўзини ички ишлар ходимлари билан гаплашаётгандек тутади. Бошқа телефон рақамлардаги ижтимоий тармоқлар орқали ўзининг телефонига республикамизда ишлаб чиқарилган, эгаси томонидан реклама сайтлари орқали сотувга қўйилган автомобилларнинг расмларини жўнатиб, уларни ҳамкасблари юборганлигини билдиради ва И.Асиловга кўрсатиб, бирини танлаб олишини айтади.

Илғор расмлар ичидан «Кобальт» русумли автомашинани танлайди. Шундан сўнг Р.Матназаров дастлабки тўловни амалга ошириш кераклигини рўкач қилиб, ундан 17 миллион 210 минг сўм пул олади ва ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборади. Аввалига Илғорнинг қўнғироқларига турли баҳоналар билан жавоб беради, кейинчалик эса телефон рақамини алмаштириб, у билан алоқани узади.

Орадан бироз вақт ўтгач, Ражаб Сергели туманида фуқаро Дилором Элтоева билан танишиб қолади. Аёлнинг телефон рақамини олган Ражаб аввалига унга меҳрибонлик қилиб, кичик муаммоларини ҳал этиб, ишончига кириб олади. Унинг уй сотиб олишини билиб олгач, яна аввалги найрангларини ишга солади. Ўзини ИИВнинг мусодара масалалари билан шуғулланувчи ходими, деб таништириб, Д.Элтоевага давлат фойдасига мусодара қилинган уйлардан бирини олиб беришга ваъда беради. Унинг гапларига ишонган Дилором пешона тери билан йиғиб қўйган 4000 АҚШ долларини унга бериб юборади. Бир содда одамнинг маблағларини қўлга киритган Ражаб пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади.

Орадан бир неча ойлар ўтса-да, ишлари ҳал бўлмаганидан сўнг, бу фуқаролар алданганликларини тушуниб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга мурожаат қилишади. Фуқароларнинг аризалари бўйича олиб борилган суриштирув-қидирув ишлари натижасида сохта ходим қўлга олинади.

Р.Матназаровнинг қилмишларини атрофлича кўриб чиққан суд унга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлаб, ҳукм чиқарди.

Бахтиёр Касимов,

Департаментнинг Бектемир туман бўлими

бошлиғи ўринбосари

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: