Home /   / Вазифасига тикланди

Вазифасига тикланди

Даъвогар Нилуфар Қадамбоева Нишон агроиқтисодиёт коллежи раҳбарининг 2018 йил 27 августдаги буйруғини бекор қилиб, компьютер инжиниринги техниги ихтисослиги бўйича ишлаб чиқариш таълими устаси вазифасига ишга тиклашни, мажбурий ишламай юрган кунлари учун иш ҳақини ва етказилган маънавий зарарни ундириб беришни сўраб, фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судига мурожаат қилган эди.

Бироқ, фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро суди томонидан даъвогарнинг талаблари рад этилиб, буйруқ ўз кучида қолдирилди.

Суднинг ушбу ҳал қилув қароридан норози бўлган даъвогар Н.Қадамбоева ҳамда унинг адвокати апелляция тартибида фуқаролик ишлари бўйича вилоят судига шикоят қилди. Унда суд ишни ҳар томонлама чуқур ва холисона ўрганиб чиқмасдан, шошма-шошарлик билан қарор қабул қилгани, жавобгар ихтиёрида айнан Н.Қадамбоева эгаллаб келган штат бирлиги мавжуд бўла туриб, иш берувчи томонидан амалдаги меҳнат қонунчилиги нормалари талаблари жиддий бузилганлиги кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 375-моддасига кўра, иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўлиқ аниқланмаганлиги, суд аниқланган деб ҳисоблаган иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги, суднинг ҳал қилув қарорида баён этилган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ келмаслиги, моддий ҳуқуқ ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги суд ҳужжатини апелляция, кассация ва назорат тартибида бекор қилишга ёки ўзгартиришга асос бўлади.

Шу боис, апелляция инстанция суди фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судининг 2018 йил 5 октябрдаги ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвогар Н.Қадамбоевани ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқни ғайриқонуний деб топди. Бекор қилиш, ишга тиклаш, мажбурий прогул учун иш ҳақларини ундириш ҳақидаги даъво талабларини қисман қаноатлантириш ҳақида янги ҳал қилув қарорини қабул қилди.

Унга кўра, даъвогар Н.Қадамбоева аввалги компьютер инженеринги техниги ихтисослиги бўйича ишлаб чиқариш таълими устаси вазифасига тикланди. Жавобгар Нишон агроиқтисодиёт коллежидан жабрланувчи фойдасига мажбурий прогул учун 3 миллион 502 минг 803 сўм ундириладиган бўлди. Шунингдек, юқорида қайд этилган коллеждан даъвогарнинг фойдасига 500 минг сўм маънавий зарар ҳам ундиришга қарор қилинди. Шу билан ҳақ жойида қарор топиб, ноҳақликка барҳам берилди.

Хулоса қилиб айтганда, судлар томонидан меҳнатга оид муносабатлардан келиб чиқадиган низолар атрофлича ўрганилиб, холисона ҳал қилиниши ва адолатли қарор қабул қилиниши даъвогарларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда ҳамда жамиятда қонун устуворлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Неъмат СОБИРОВ,

Қашқадарё вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: