Home /   / Ваколатга кирмайдиган иш

Ваколатга кирмайдиган иш

Маърифатхон опа (исм-фамилиялар ўзгартирилган) тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишни ният қилди. Уйига яқин ерда фермер хўжалиги ташкил қилмоқчи бўлиб, Риштон тумани ҳокимлигининг қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими ходимларига учради. «Анор етиштирсам, дегандим. Ўғилларим дои­мий ишли бўлишарди», деди ўзини Икромжон деб таништирган йигитга.

Туман фермер хўжаликлари бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш маркази директори Икромжон келаси куни тушлик пайти қўл остида ишлайдиган Асадбекни Оқтепа қишлоғидаги чойхонага бошлаб борди. Уларни Маърифатхон дугонаси билан қарши олди. Бирга тушлик қилишди. Марказда директор бўлишидан аввал, туман ҳокимлиги ҳузуридаги ер танлаш ва ажратиш масалаларини ҳал қилувчи комиссиянинг котиби бўлиб ишлаган Икромжон  Маърифатхон опага  туман ҳокимлиги захира ерида анор етиштириш йўналишида ер танлаш ва фаолиятни бошлаш йўл-йўриқларини тушунтирди. «Ерни ажраттириб бераман», деб ишонтирди.

Келаси куни  Асадбекка Т.Аҳмедов номли ММТП ҳудудида жойлашган 6 гектарлик бўш ер майдонини Маърифат опага кўрсатиб келишни тайинлади. Ерни кўриб келганларидан сўнг Икромжон  аёлга, «Паспортингиз ва дипломингизнинг нусхаси керак,  тўлови бор», деди.

— Қанча бўлади тўлови? — сўради Маърифат опа.

— «Тўртта».

— Тўрт минг долларми?

— Ҳа.

— Уйдагилар билан маслаҳатлашиб кўрайлик.

Тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилиш қонун-қоидаларидан бохабар   Маърифат опа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилди. Бир неча бор Икромжон билан кўришиб ва телефонда  гаплашди. У туман ер ажратиш комиссиясининг ижобий хулосасини ва қарорини чиқартириб беришини айтиб, 4 000 долларни келтириб беришни тайинлади.

Маърифат опа Икромжоннинг хизмат хонасини очиб, ўтирганлар билан сўрашди. Икромжон хонасидан чиқди. Аёлнинг паспорти нусхасига ўралган пулни олди-ю, ўзининг хонасига эмас, ёнидаги хонага кириб чиқди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига «Ҳеч кимдан ҳеч қанақа пул олганим йўқ», дея пулни ўз ихтиёри билан топширишдан бош тортди. У кириб чиққан хонадан ашёвий далил — 4000 АҚШ доллари холислар иштирокида олинди.

Суд мажлисида ҳам гўё ҳужжатларни расмийлаштириб бериш учун пул сўраганини, паспорт нусхаси орасида қанча пул борлигини билмай олганини айтиб, қилмишидан тонмоқчи бўлди. Инкор этиб бўлмас далиллар, гувоҳ ва холисларнинг кўрсатмалари билан туман фермер хўжаликлари бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш марказининг собиқ директори  И.Турсуналиевнинг ваколат доирасига кирмайдиган ер майдони ажраттириб беришни ваъда қилиб,  алдаб пул олгани тасдиқланди. Ўттиз икки яшар фирибгар қилмишига мувофиқ жазога тортилди.

Аброржон Раҳимов,

Департаментнинг Учкўприк туман бўлими бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: