Home /   / Ваҳимага ўрин йўқ

Ваҳимага ўрин йўқ

Шу кунларда бутун дунёда катта таҳдидга айланган коронавирус пандемияси, афсуски, бизнинг мамлакатни ҳам четлаб ўтмади. Айни дамда барчамизнинг мақсадимиз бир – коронавирусдан одамларимизни асраш, уни талофатларсиз енгишдир.

Ҳукуматимиз коронавирус тарқалишининг олдини олиш борасида ишончли ҳамда тизимли чора-тадбирларни йўлга қўймоқда. Бош вазир томонидан ўтказилган йиғилиш ва ОАВ учун пресс-конференцияда давлат томонидан унга қарши керакли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, мазкур ҳолат бўйича барча захиралар яратилгани ва тиббиёт ходимлари шай ҳолатдалиги, илғор давлатлардан пандемияга қарши кураш тажрибаси ўрганилгани таъкидланди.

Албатта, бундай шароитда касаллик аниқланган шахслар ва улар билан мулоқотга киришганларни тиббий назоратга олиш коронавируснинг кенг қулоч ёйишига қарши зарурий чора эканини барчамиз англаб етмоғимиз шарт.

Коронавирус тарқалишининг олдини олиш борасида барча зарурий чоралар кўрилмоқда. Давлат органлари масъуллари ўз фаолияти йўналишидан келиб чиққан ҳолда астойдил ҳаракат қилмоқда.

Шулар жумласидан, мамлакатимизда санитарияга оид қонун ҳужжатлари ва эпидемияга қарши курашиш қоидалари бузилишининг олдини олиш мақсадида 2020 йил 16 март куни Бош прокуратурада Бош прокурор ўринбосари раҳбарлигида штаб, вилоят ва унга тенглаштирилган прокуратураларда вилоят прокурорлари раҳбарлигида ҳудудий штаблар, туман-шаҳар прокуратураларида туман прокурорлари раҳбарлигида ҳудудий ишчи гуруҳлар тузилди.

Штаблар ва ишчи гуруҳлар фаолиятига соғлиқни сақлаш, санитария-эпидемиологик осойишталик, санитария-эпидемиология назорати, солиқ, ички ишлар органлари вакиллари жалб этилди.

Штаблар ва ҳудудий ишчи гуруҳларга санитарияга оид қонун ҳужжатлари ва эпидемияга қарши кураш қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш, аҳоли орасида асоссиз ваҳима ва хавотирлар келиб чиқишига йўл қўймаслик ҳамда озиқ-овқат, дори-дармон ва тиббий буюмлар нархи барқарорлигини таъминлаш, қонунни бузган шахсларни жавобгарликка тортиш вазифаси юкланди.

Карантин эълон қилиниши муносабати билан Тошкент шаҳридан доимий яшаш жойига қайтиб кетаётган талаба ва ўқувчиларнинг транспортга талаби ўрганилиб, чипта нархини асоссиз ошириш ҳолатларининг олдини олиш чоралари кўрилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари бошчилигида “Ўзавтовокзал сервис” давлат унитар корхонасида штаб тузилиб, 13 та йўналишда 31 та қўшимча экспресс рейс ташкил этилди, талаба ва ўқувчиларга ярим нархида чипталар сотилиши йўлга қўйилди.

Жумладан, 2019-2020 ўқув йилида Тошкент шаҳридаги олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида таҳсил олаётган жами 618 минг нафар талаба ва ўқувчидан (олий таълим – 153 минг, ўрта махсус таълим – 465 минг) 81 минг нафари доимий яшаш жойига чиқиб кетиши режалаштирилган эди.

17 мартда 78 955 нафар, шундан 5 667 таси поезд, 180 таси самолёт, 1 020 таси автобус, 72 088 таси енгил автомашинада манзилига етказилди.

Шунингдек, 50 фоиз чегирма билан 6 867 та чипта (шундан 1 420 таси қўшимча ташкил этилган 10 та сайёр касса орқали) сотилди.

Шу билан бирга, аҳоли тўпланиб қолишининг олдини олиш мақсадида институт, университет ва талабалар тураржойлари жойлашган ҳудудларда қўшимча 26 та автобус қатнови ташкил этилди.

Транспорт қатнови, шу жумладан, йўл кира нархи барқарорлигини таъминлаш бўйича Транспорт вазирлиги, “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ, Тошкент жанубий вокзали, Тошкент марказий вокзали филиали ва “Ўзавтовокзал сервис” ДУК мансабдорлари расман огоҳлантирилди.

Товарларга ажиотаж талаб вужудга келишининг олдини олиш борасида рес­публикадаги 218 та деҳқон бозорининг барчасига, шунингдек кўп тармоқли ва йирик савдо объектлари, улгуржи савдо мажмуалари ва товар биржаларига Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ва Давлат солиқ қўмитасининг вилоят, туман-шаҳар тузилмалари раҳбарлари ва масъул ходимлари бириктирилди.

Шунингдек, бозорлар қошида 27 турдаги товарларни сотиш бўйича арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилди.

Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда ун, ўсимлик мойи, шакар ва нон нархи асоссиз ошишининг олдини олиш мақсадида кучайтирилган назорат ўрнатилиб, нарх-наво бўйича кескин ўзгаришларнинг олди олинмоқда.

Шу ўринда, санитарияга оид қонун ҳужжатлари ва эпидемияга қарши кураш қоидаларига қатъий риоя этиш лозимлигини, айни вақтда, ушбу меъёрларни бузганлик учун жавобгарлик мавжудлигини ҳам эслатиб ўтамиз.

Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига мувофиқ, эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдорларга эса ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Жиноят кодексининг 2571-моддасида эса одамларнинг оммавий касалланишига ёки заҳарланишига олиб келадиган тарзда санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Қонунда бундай жиноятни содир этганлик учун унинг оғирлик даражасидан келиб чиққан ҳолда, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдордаги жаримадан бошлаб беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазолар назарда тутилган.

Шу билан бирга, коронавирус ҳақида ёлғон ахборот тарқатганлик учун ҳуқуқбузарларга нисбатан Ўзбекистон қонунчилигига кўра жиддий чоралар кўрилади.

Азалдан халқимиз ҳар қандай синовни аҳиллик, бирдамлик, хотиржамлик, сабр-қаноат билан енгиб ўта олган. Буюк бобокалонимиз Ибн Сино айтганидек, ваҳиманинг ўзи ярим касалликдир. Хотиржамлик ярим соғлиқдир. Сабр эса шифонинг бошланишидир.

Фарҳоджон Назаров,

Бош прокуратура бошқарма катта прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: