Home / Жиноят ва жазо / Ўзи учун қазилган қабр

Ўзи учун қазилган қабр

Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман судида кўрилган жиноят тафсилотларини эшитиб, ҳайратдан ёқа ушлашингиз тайин. Чунки, қонун устувор бўлган мамлакатда яшаётган бўлишимизга қарамай айрим билагининг кучига ишонган кимсалар зўравонлик билан ўзгалар ҳаётига очиқдан-очиқ таҳдид қилиб, пул ундириш билан шуғулланаётган экан.

Фермер фермерга «тиш қайради»

Жарқўрғон туманидаги фер­­мер хўжаликларидан бирини бошқариб келаётган Нурулло Исаев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳеч қаерда ишламайдиган танишлари — Нозим Тешаев ва Ҳикмат Алиевлар билан биргаликда бошқа бир фермер хўжалиги раҳбари Азамат Эшмуродовдан пул ундириш борасида режа тузишади.

Н.Исаев судда сувдан қуруқ чиқиш мақсадида жиноятга алоқаси йўқлигини исботлашга тиришди.

— Азамат Эшназаров билан кўп йиллардан буён ҳамкорликда ишлаймиз. Фаолиятимиз бир-бирига ўхшаш бўлгани учун бир неча маротаба олди-берди ҳам қилганмиз. 2017 йилда қарз сўраганида, унинг фермер хўжалиги ҳисоб рақамига 20 миллион сўмни пул кўчириш йўли билан қарз сифатида ўтказгандим. Бироз вақт ўтиб, ушбу пуллардан    18 миллион сўмини қайтариб, қолган 2 миллион сўм­ни ке­йинроқ беришини айтганди. Қарз берган бўлсам ҳам бирор марта унга зўравонлик қилганим йўқ. Унга нисбатан ғараз ниятда ёки ғай­ри­қо­нуний йўллардан фойдаланиб, пул олиш хаёлимга ҳам келмаган.

Ўзи тўқиган эртакка ўзи ҳам ишониб қолган фермер қилган ишимни ҳеч ким билмайди, у ошкор бўлмайди деб ўйлашдан аввал ёмон ниятда бўл­маслик кераклигини англаб етмаган кўринади. Нурулло Исаев судда ёлғон кўрсатма бергани маълум бўлгач, фермер кўпчиликнинг олдида уятга қолди. Суриштирув давомида АТБ «Агробанк» Жарқўрғон филиалининг 2018 йил 18 ноя­бр­­­даги хатига кўра, икки фермер хўжаликлари ўртасида яқин 10 йил ичида пул маблағлари ўтказилмагани аниқланди. Хуллас, фермернинг гап­лари ғирт ёлғон бўлиб чиқди.

Жабрланувчи ролидаги жиноятчи

Ўтган йилнинг 2 сентябрь санаси. Учовлон келишув асосида ишга киришади. Н.Исаев ҳамкасбини уйига чақиртириб, уни Нозим Тешаев билан учраштириш вазифасини аъло даражада бажаради. Азамат фермер танишининг уйига бориб, Н.Исаев ва Н.Тешаев билан тарвузхўрлик қилади. Кетар чоғида Нозим Азаматдан Жарқўрғон тумани, «Пахта­обод» маҳалласида жойлашган бильярдхонага олиб бориб қўйишни сўрайди. Фермер уни ўзининг бошқарувидаги «Кобальт» русумли автоуловига миндириб, йўлга тушади.

Айтилган манзилга етиб келишганида Нозим машинадан тушар экан, А.Эшназаровга шу ерда кутиб туришини, бир жойга бориб келишини айтиб, ичкарига кириб кетади. Бир муддатдан сўнг у биль­ярдхонадан белкурак, оқ полиэтилен пакетда пичоқ ва арқон олиб чиқиб, фермерга «Узумзор» маҳалласи ҳудудидаги адирликка олиб бориб қўйишни сўрайди. Азамат бу сафар ҳам унинг сўровини рад этмай машинасини адирлик томон ҳайдайди.

Йўлда уларга Ҳикмат Алиев рўпарў келади. Аслида бари олдиндан тузилган режа асосида кетаётган эди. Улар Ҳикматни ҳам машинага миндириб олишади. Манзилга етгач, кутилмаганда Ҳикматга ташланиб қолган Нозимнинг важоҳатини кўрган фермернинг капалаги учиб кетади. Нозим Ҳ.Алиевни дўппослагани етмагандай, унинг қўлларини боғлаб қўяди. Бу ҳаракатларнинг бари Азамат Эшмуродовнинг руҳий ҳолатига таъсир ўтказиш учун қилинаётган эди.

Шундан сўнг Нозим Азаматнинг қўлига белкуракни бериб, қабр ковлашни буюради. Фермер қўрқув ва ҳадик остида зўравоннинг буйруғига итоат этиб, белкурак билан ер қа­зишга киришади. Қабр ковлаган Азамат нигоҳлари мўлтираб турган Ҳикматга тушганида унинг олдида ўзини айбдордек ҳис қилади. Аммо бу қабрни ўзи учун қазиётгани етти ухлаб ҳам тушига кирмаган эди. Кутилмаганда Нозим унга қабр шаклида қазилган чуқурликка тушишни буюради. Фермер барзангининг муштидан чўчиб, ноилож қабрга тушади. Зўравон эса ўзи билан олиб келган арқон билан А.Эшмуродовнинг қўлларини боғлаб, бўйнига пичоқ тирайди, худди қўчқорни бўғизламоққа шайланган қассобдай. Фермернинг кўз­лари қинидан чиқиб кетай дейди. Нозим унга ўлдириш билан таҳдид қилганида эса тамом бўлади.  Шунда у жонини сақлаб қолиш учун зўравондан нима қилса, ўлдирмасдан қўйиб юборишини сўрайди. Нозимга айни шу керак эди. Дарҳол муддаога ўтади.

— Агар 50 миллион сўм берсанг, сенга тегинмайман.

— Бунча пулим йўқ, — дейди А.Эшмуродов.

— Нега бўлмаскан, ана машинанг бор. Шуни сотамиз, — дейди зўравон.

Бўғзига пичоқ тиралган одамнинг кўзига мол кўринармиди. Фермер унинг шартига кўнади. Нозим уни озод қи­лишдан аввал агарда талаб қилинган пулни бермаса, ўл­дириб шу қазиган қабрга кўмиб кетишини, оила-аъзоларини ҳам ўлдириб юборишларини айтиб огоҳлантиради. Ҳикмат эса зўравоннинг гапларини маъқуллаб туриб, А.Эшмуродовга Нозимга қаршилик кўрсатмаслик ҳақида тавсиялар беради.

— Тўғрисини айтсам, ўзимдан кўра оиламни, фарзандларимни йўқотишдан қўрқ­дим, — дейди А.Эшмуродов суддаги кўргазмасида.

Дарвоқе, фермер 2018 йилнинг ёзида яхши ниятлар билан банкдан турмуш ўртоғининг номига «Кобальт» русумли автомашинани кредит асосида сотиб олиб, сентябрь ойи­гача автомашина кредитларини ўз вақтида тўлаб келган.

«Қабр азоби» етмаганидек, тунни «қамоқ»да ўтказди

Иш режадагидек силлиқ кечди. Шундан сўнг улар эртасига бозорга солинадиган автоуловда ортларига — биль­ярд­хонага қайтишади. Шу ердан машинани талон-тарож қилиш жараёни бошланади. Гап шундаки, Нозим қариндошини чақириб, «Кобальт»нинг 4 та ғилдирагини ечиб бериб юборади. Лекин бу ҳаммаси эмасди.

Шу куни соат 23:00 ларда фермерни бильярдхона ичкарисига бошлаб кирган зўравон уни шу ерга қамаб қўйиб, режага асосан аслида унга кўз-қулоқ бўлиб туриш вазифаси зиммасига юклатилган Ҳикматни ҳам шу ерда қолдиради. Шу тариқа А.Эшмуродов тунни бильярдхонада ўтказишга маҳкум этилади.

Эртаси куни соат 06:00 ларда эшик очилиб, савлат тўкиб зўравон кириб келади. У ердан Азамат ва Ҳикматни чиқариб, уларни гўё отасининг пулига сотиб олгандай «Ко­бальт»­га миндириб, Денов туманига йўл олади. Манзилга боргач, автомашинани сотиш учун харидор излаб, уловни Денов туманида яшовчи фуқаро билан 91 миллион сўмга сотишга келишди. Харидор келишган пулнинг 37 миллион сўмини жойида санайди, қолган 43 миллион 500 минг сўмни автомашинанинг кредити учун ўзи тўлашга ва 10 миллион 500 минг сўмни эса расмийлаштириш давомида беришни ваъда қилади.

Гўё ўзининг молини сотган одамдай пулларни қуртдай санаб олган Нозим шунга қаноат қилишни хоҳламайди. «Жон» учун келишилган сумманинг асосий қисмини қўлга киритган Н.Тешаев фермердан яна 12 миллион сўм беришни талаб қилади. Ундан гўёки қарз олганлиги тўғрисида тилхат ёзиб беришни талаб қилиб, Азамат унинг талабини бажараётганида жараённи ўзининг уяли телефонига видеотасвирга тушириб олади. Бу ор­қали фермернинг қўл-оёғини ипсиз боғлашни мақсад қилган эди.

Эҳсон гуноҳларини ювармиди?

Жиноий йўл билан қўлга киритилган маблағларни тенг тақсимлаб олган учовлон буни қарангки, хайрли, савобли ишлар ҳақида ҳам ўйлар экан. Гап шундаки, ўртада қолган      3 миллион сўмни улар Жар­қўрғон туманидаги масжидлардан бирига эҳсон қилишади. Аммо ўзгани қақшатиб, зўравонлик билан олинган маблағдан қилинган эҳсон қабул бў­лармикан? Яратган уларнинг гуноҳидан ўтармикан?..

Енгиллик берган қози

Тилхатни рўкач қилиб, Нозим фермерни қистовга олаверади. Бу ҳолатдан хабар топган Н.Тешаевнинг қариндоши Самар Авазов (автомашина ғилдиракларини ечиб олган шахс) Нозим, Ҳикмат ва Азаматни Жарқўрғон тумани марказига чақиртириб, қозилик қилади. У ҳолатни муҳокама қилиб, талаб қилинаётган суммани тенг ярмига, яъни 6 миллион сўмга туши­ради. Гўё шу орқали А.Эшмуровга енгиллик бергандай бўлади.

Жиноятга жазо муқаррар

Зўравонларнинг таҳдиди жонидан ўтган жабрланувчи ниҳоят бир қарорга келди. Қонундан паноҳ излаб, ҳуқу­қ­ни муҳофаза қилувчи орган­ларига мурожаат қилди. Унинг аризасига асосан 2018 йил 18 октябрь куни ўтказилган тезкор тадбирда Нозим талаб қилинган маблағни С.Авазов орқали олаётган вақтда қўлга олинди.

Суд томонидан Н.Исаев     4 йил, Н.Тешаев 5 йил-у 3 ой, Ҳ.Алиев 3 йил-у 6 ой, С.Авазов  эса 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Бахтиёр МАММАДИЕВ,

Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман суди раиси

Нигина ШОЕВА,

журналист

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: