Тезкор хабарлар
Home / Муносабат / Ўзи бир хил — нархи ҳар хил

Ўзи бир хил — нархи ҳар хил

Dolzarb mavzu

мазкур жумбоққа жавоб изладик

Айни пайтда дорихоналардаги дори воситалари нархларининг юқорилигидан норози бўлган ёки уларнинг турлича эканлигига эътироз билдирган истеъмолчиларни истаганча топиш мумкин. Бу ҳақда бир неча йилдирки, кўп ва хўп айтилди ва ёзилди. Хўш, нима ўзгарди?

Республикамизга кириб келаётган дори воситаларининг назорати, сифати ҳамда ижтимоий дорихоналар ҳақида маълумот олиш мақсадида Дори воситалари ва тиббий техника воситалари сифатини назорат қилиш ва сертификатлаш Бош бошқармаси ДУКга мурожаат қилдик. Аммо у ерда аввалига бизни қизиқтирган барча саволларга «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонундан жавоб топишимиз мумкинлигини тушунтиришди. Биз саволларимизга айнан мутахассиснинг жавоби кераклигини айтганимизда эса ҳар қандай масала юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилиш лозимлигини билдириб, гапни қисқа қилишди. Начора, вазирликка йўл олдик. Бироқ, вазирликда бизни қабул қилган мутасаддиларнинг биринчи саволи ДУКдагиларникидан ҳам ошиб тушди: «Қоғозингиз қани?»

Бу даргоҳда қоғозбозлик ҳанузгача биринчи ўринда эканлигидан ҳайрон бўлсак-да, ташрифимиз сабабини яна бир бор ётиғи билан тушунтирдик. Шундан кейингина бир рақамга қўнғироқ қилишни маслаҳат беришди. Гўшакни кўтарган ходим бу масалалар билан шахсан вазир ё ўринбосари шуғулланишини айтиб, бошқа телефон рақамини берди. У ердан эса иложи бўлса хат билан мурожаат қилиш кераклигини тушунтиришди. Шу ўринда ҳайратимизни янада оширган ҳолатга тўхталиб ўтсак: мурожаатимизни эшитгач, барча саволларимизга тегишли қонундан жавоб олишимиз мумкинлигини тушунтирган ДУК ходими-ю, биздан расмий қоғоз сўраган вазирликдаги ходим ҳам «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасида мурожаатлар оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда бўлиши мумкинлиги, шунингдек, «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасида ҳам ахборот олишга доир сўров оғзаки, ёзма шаклда, шу жумладан ахборот тизими орқали электрон шаклда ифодаланиши мумкинлиги белгилаб қўйилганини наҳотки билмаса?!

Қолаверса, оммавий ахборот воситаларининг биринчи галдаги вазифаларидан бири жамиятда бўлаётган воқеа-ҳодисалардан аҳолини тезкор хабардор қилиш эканлигини инобатга олган ҳолда, таҳририят томонидан мурожаат қилинган мутасадди ташкилотлар қонунларга итоат қилган ҳолда, сўровларга ўз вақтида жавоб беришса, ортиқча гап-сўзларга, тушунмовчиликларга ўрин қолмасди…

Хуллас, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг талабига кўра, расмий хат билан мурожаат қилдик ва Фармацевтика тармоқларини ривожлантириш агентлиги директори вазифасини бажарувчи С.Кариевнинг имзоси билан қуйидаги жавоб хатини олдик.

Маълумки, Президентимиз томонидан дори воситаларининг сифати ва самарадорлигини ошириш талаб этилмоқда. Бу ўз навбатида, маҳаллий корхоналарнинг халқаро стандартлар талабларига жавоб беришини тақозо этади.

2017-2019 йиллар давомида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга «Яхши ишлаб чиқариш амалиёти» (GMP) сертификати бериш бўйича ўрнатилган тартибда фаолият олиб борилди. Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази ҳузуридаги Тиббий маҳсулотларни сертификатлаштириш органи ва Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат марказининг тиббий маҳсулотларни сертификатлаштириш органи томонидан 2018 йилда дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникага 7 639 та, шу жумладан, маҳаллий маҳсулотларга 2 471 та мувофиқлик сертификати расмийлаштирилган бўлса, 2019 йилнинг биринчи чорагида дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникага 1716 та мувофиқлик сертификати, жумладан, маҳаллий маҳсулотларга 519 та мувофиқлик сертификати берилган.

Сертификатлаштириш идоралари томонидан 2018 йил ва 2019 йилнинг  1 чораги давомида 197 та фармацевтика фаолияти билан шуғулланувчи корхона ва ташкилотлар томонидан 123 номдаги 183 сериядаги 4 миллион 405 минг 382 ўрам ва 1 миллион 273 минг 717 дона, 140 минг флакон дори воситалари ва 152 номдаги 225 сериядаги 8 миллион 846 минг 946 ўрам, 101 комплект ва 4 миллион 710 минг 108 дона тиббий буюмлар ва 43 номдаги 61 серия 42 тонна 705 кг. субстанцияларига мувофиқлик сертификатларини расмийлаштириш рад этилган

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 15 июлдаги 200-сонли «Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Республика божхона қўмитаси ва ҳудудий бўлинмаларидан тушган 597 та мурожаат асосида 2018 йил ҳамда 2019 йилнинг 1 чорагида фуқаролардан олинган 6 329 турдаги 482 759 ўрам дори воситалари ва тиббий буюмлар намуналарининг экс­пертиза ишлари олиб борилиб, қуйидагилар аниқланди:

— 633 турдаги 26 199 ўрам яроқлилик муддати ўтган, (сифатсиз);

— 1 815 турдаги 338 585 ўрам мувофиқлик сертификати мавжуд эмас;

— 3 326 турдаги102 764 ўрам давлат рўйхатидан ўтмаган;

125 турдаги 27 413 ўрам ёрлиқлаш бўйича меъёрий ҳужжатлар талабига мос келмайди..

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 майдаги 334-сон «Ижтимоий дорихоналар фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги Қарори ижросини таъминлашни кўзлаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ижтимоий дорихоналар ташкил этиш мақсадида давлат-хусусий шериклик номзодини танлаш комиссиясининг қарори билан 17 та юридик шахс билан давлат-хусусий шерикчилик тўғрисида шартнома тузилиб, 2 241 та ижтимоий дорихона ташкил этилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 июнь ПФ-5460-сонли «Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш самарадорлигини ошириш ва аҳолини улар билан таъминлашни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини қатъий нархларда сотиш тўғрисидаги талаб бекор қилиниб, ижтимоий дорихоналар томонидан юқоридаги фармонга кўра, ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини сотиш устамаси қўлланилган ҳолда амалга оширилмоқда. Бу эса республиканинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини дори воситалари ва тиббий буюмларга бўлган эҳтиёжини қондириш имконини беради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 октябрда ПҚ 2647-сонли «Аҳолини дори воситалари билан таъминлашни янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» Қарори тасдиқланган бўлиб, импорт қилинган ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан сотиб олинадиган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг улгуржи ва чакана реализацияси, етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, белгиланадиган чекланган савдо устамаларини қўллаш йўли билан амалга оширилиб, улгуржи реализация учун — сотиб олиниш нархидан 15 фоиздан ортиқ бўлмаган, чакана реализация учун — улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда амалга оширилиши йўлга қўйилди.

Дорихоналарда дори воситалари нархларида тафовутларнинг келиб чиқиши нимага боғлиқ? Бу нафақат улгуржи корхоналардаги нархларнинг шаклланиши, балки дорихоналардаги дори воситаларига қўйиладиган устама нархларнинг ҳар хиллигига ҳам боғлиқ. Мисол учун «L-лизина эсцинат амп 0,1% 5 мл №10» дори воситаси нархларининг шаклланишини қуйидаги жадвал орқали улгуржи савдо билан шуғулланувчи корхоналарни нархни шакллантиришига мисол келтирамиз.

L-лизина эсцинат амп 0,1% 5 мл №10

  Улгуржи корхоналар Савдо устамаси База нархи Шаклланган нарх
  1-улгуржи корхона 5% 90 000 94 500
  2-улгуржи корхона 10% 90 000 99 000
  3-улгуржи корхона 15% 90 000 103 500

Энди дорихоналарда нархларнинг шакллантирилишини қуйидаги жадвалдаги мисоллар   орқали кўриб чиқамиз.

  Дорихоналар Улгуржи корхонадаги нархи Дорихонанинг савдо устамаси Шаклланган нарх
  1-дорихона 94 500 10% 103 950
  2-дорихона 94 500 15% 108 675
  3-дорихона 94 500 20% 113 400
  4-дорихона 99 000 10% 108 900
  5-дорихона 99 000 15% 113 850
  6-дорихона 99 000 20% 118 800
  7-дорихона 103 500 10% 113 850
  8-дорихона 103 500 15% 119 025
  9-дорихона 103 500 20% 124 200
  10-дорихона 103 500 5% 108 675

Юқоридаги ҳолат шуни кўрсатадики, улгуржи корхоналар ва дорихоналардаги нархлар истеъмолчига етгунига қадар нархларни шаклланиш механизми ҳар бир корхона учун индивидуал бўлиб, улар ўзининг молиявий аҳволидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 октябрь ПҚ 2647-сонли «Аҳолини дори воситалари билан таъминлашни янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори билан тасдиқланган, белгиланадиган чекланган савдо устамаларини қўллаш йўли билан шакллантирган бўлса-да, дорихоналарнинг қайси улгуржи корхона билан шартнома асосида савдони амалга оширишга ва ўзининг савдо устамасини қўллаш йўли билан нархини шакллантиради. Шунинг учун ҳам 2-жадвалда шаклланган нархлардаги ҳолатни барча дори воситаларида кўриш мумкин. Бу эса республикадаги барча дорихоналардаги нархлар ҳар хил бўлиши табиий ҳол эканлигини кўрсатади.

Агентликнинг таҳририят талабларидан келиб чиқиб, маъносини сақлаган ҳолда қисқартиришлар билан чоп этилган жавоби шулардан иборат. Таъкидлаш лозим, бизни қизиқтирган саволларга деярли жавоб берилган. Аммо жавоб хати билан танишиш жараёнида яна айрим саволлар пайдо бўлди. Жумладан, хатда: …импорт қилинган ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан сотиб олинадиган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг …улгуржи реализация учун — сотиб олиниш нархидан 15 фоиздан ортиқ бўлмаган, чакана реализация учун — улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда амалга оширилиши йўлга қўйилди, дейилган. Дори воситасини улгуржи нархидан 20 фоиздан ошиқ бўлмаган миқдорда сотилишининг белгиланиши мақсадга мувофиқ бўлгани ҳолда, истеъмолчи бирорта дорининг устига 20 фоиздан ошиқ қўйилганми ёки йўқми, буни қандай билиши мумкин? Ахир гоҳида айрим дорихонадаги баъзи дори воситасининг нархи иккинчисиникидан сезиларли даражада фарқ қилади-ку?!

Fофуржон АЛИМОВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: