Home /   / Уй билaн тaъминлaш aҳвoли қaндaй?

Уй билaн тaъминлaш aҳвoли қaндaй?

Бош прокуратура томонидан оғир вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни арзон уйлар билан таъминлашга оид қонунчилик ижроси таҳлил қилинди.

Аниқланишича, 2019 йилда уй олиш учун мурожаат қилган 8716 нафар хотин-қизнинг 7140 тасига рад жавоби берилиб, уйга муҳтожлар рўйхатига киритилган 1576 нафар хотин-қизнинг 1492 таси ёки 94 фоизига уй сотиб олиши учун 25,8 млрд. сўм бошланғич бадал Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳисобидан тўлаб берилган. Хусусан, Қорақалпоғистонда 91, Андижонда 132, Бухорода 88, Жиззахда 110, Қашқадарёда 110, Навоийда 54, Наманганда 92, Самарқандда 120, Сурхондарёда 110, Сирдарёда 90, Тошкент вилоятида 180, Фарғонада 154, Хоразмда 95 ва Тошкент шаҳрида 66 нафар аёлга ажратилган арзон уйнинг бошланғич бадали тўланган.

Таҳлиллар туман ва шаҳар ҳокимлик­лари ҳузуридаги уйга муҳтож талабгорларни танлаш комиссиялари фаолияти тўғри ташкил этилмагани, юкланган вазифалар тўлиқ бажарилмаётгани, ҳа­қиқатдан муҳтож аёлларни уй билан таъминлаш аҳволи қониқарсиз эканлигини кўрсатмоқда. Хусусан, айрим ҳудудларда арзон уйлар қурилмагани оқибатида уйга муҳтож сифатида рўйхатга киритилган аёлларнинг 84 нафари, шундан Қорақалпоғистонда 47, Навоийда 22, Сирдарёда 8, Бухорода 4, Сурхондарёда 2 ва Хоразмда 1 нафари уй олмаган. Масалан, Нукус, Тахтакўпир, Шуманай, Конимех ва Зарафшон туманларида яшовчи муҳтож аёлларнинг бирортасига ҳам уй берилмаган.

Республика бўйича 100 дан ортиқ ҳолатда ночор хотин-қизлар ўрнига муҳтож бўлмаган аёлларга уй ажратиб берилган. Мисол учун, Наманган туманида 51 нафар ночор аёл уй учун навбат кутиб турган бўлса-да, туман хотин-қизлар қўмитаси мутахассиси С.Б. уйга муҳтож бўлмаган онаси Ж.Б.га кўп қаватли уйдан икки хонали хонадон ажратилишига эришган. Мазкур ҳолат юзасидан Наманган туман прокуратураси томонидан туман ҳокимининг ўринбосари Т.С. ҳамда қўмита мутахассиси С.Б. интизомий жавобгарликка тортилиб, Ж.Б.га ажратилган хонадон 1-гуруҳ ногирони Ю.Боқиевага берилиши таъминланган.

Шеробод тумани хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси Н.А. ижтимоий ҳимояга муҳтож Д.Б.дан уй ажратиш эвазига 7 млн. сўм пора олгани учун жиноий жавобгарликка тортилган.

Ҳукумат қарорига асосан 2020 йилнинг 20 мартига қадар 1576 нафар уйга муҳтож аёлларнинг рўйхати шакллантирилиши лозим бўлса-да, фақат 1116 нафар аёлнинг рўйхати тузилган.

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир қонунчилик ижроси устидан прокурор назорати самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги «Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 5938-фармонига асосан хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга, шу жумладан ногирон аёлларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатилиши устидан доимий назорат ўрнатиш; оғир ижтимоий вазиятдаги ва банд бўлмаган хотин-қизларни иш билан таъминлаш учун уларга «Ҳар бир оила – тадбиркор», «Yoshlar – kelajagimiz» дастурлари асосида имтиёзли кредит ажратилишига оид қонун ҳужжатлари ижроси устидан назоратни кучайтириш; ҳудудий комиссиялар аъзолари ўртасида уйга муҳтож талабгорларни танлаб олиш ва уларга ёзма тавсия беришда қонун бузилишига йўл қўймаслик бўйича профилактик тадбирларни ўтказиш;  уй ажратиш жараёнидаги қонунбузилишларни ўз вақтида аниқлаб, айбдорларга нисбатан жиноий жавобгарликка тортишгача бўлган чораларни қўллаш каби йўналишларда иш олиб борилмоқда.

Адҳам Одинаев,

Бош прокуратура бошқарма прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: