Home /   / Қўшничилик — минг йилчилик эмасми?..

Қўшничилик — минг йилчилик эмасми?..

Ҳар гал қўшнисининг уйига ўғирликка тушганлар ҳақида эшитганимда, беихтиёр 5-6 йил аввал ўзим истиқомат қиладиган уйнинг орқа томонида жойлашган кўп қаватли уйлардан бирида юз берган воқеа эсимга тушади. Хуллас, эрта билан юк машинаси келиб, подъезд олдида тўхтайди. Уч-тўрт нафар эркак учинчи қаватдаги хонадон ичидан буюмларни олиб чиқиб, машинага ортишни бошлайди. Подъезд олдида суҳбатлашиб ўтирган қўшниларнинг эса улар билан иши йўқ, «Ҳа, кўчиб кетаяпсизларми?», — дейишади-да, ҳамма нарсани ортиб бўлишгач, ўғриларга оқ йўл тилашади. Маълум бўлишича, уйни ўмарганлар хонадон соҳиби оила аъзолари билан дам олишга кетганидан фойдаланишган экан.

Одамнинг ишонгиси келмайди, худди кинолардагидек, тўғрими? Аммо афсуски, бу аччиқ ҳақиқат.

Кейинги подъезддаги бир қўшни эса ўзи яшайдиган хонадонни гиёҳвандлар йиғиладиган масканга айлантириб олган экан. Яхшики, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари уни шериклари билан жиноят устида қўлга олишибди. Қўни-қўшнилар ҳайрон, “туппа-тузук бола эди” дейишдан нарига ўтишмабди. Бошқа бир йигит кечаси уйга қайтганида лифтда унга безори ҳужум қилибди. Тўполонни эшитиб чиққан акасидан бошқа ҳеч ким эшигини ҳам очмабди. Эрталаб эса лифт­даги қон доғларини кўриб, ҳамма “нима бўлди?” дея бир-биридан сўрармиш…

Онда-сонда бўлса-да, учраб турадиган бундай ҳолатларнинг юз беришига, бундан-да ачинарлиси, турли кўринишдаги жиноятларнинг тобора урчиб бораётганига “Менга нима?” қабилида иш кўришимиз, лоқайдлик, бепарволикка берилишимиз сабаб эмасмикан?!

“Мен менга нима десам, сен менга нима десанг… ”

Шу ўринда анча йиллар бизга қўшни бўлиб яшаган Ўзбекистон халқ артисти Мукамбар Раҳимовани эслаб ўтишни жоиз деб билдим. Айни пайтда маҳалламиздан кўчиб кетган бу аёлни кўпчилик Мукамбар “ака” деб чақирар ва бунинг ўзига яраша сабаби бор эди. Дейлик, лифт ишламай қолди. “Ака” шу заҳоти ишга киришар ва муаммо тезда бартараф этиларди. Ёки кимдир уйини таъмирлаш мақсадида қурилиш материаллари олиб келиб, лифтда ташимоқчи бўлса, қаршилик кўрсатарди. “Лифт одам ташишга чиқарилган. Бузилиб қолса, ёш болали ёки қариялар қандай қилиб юқорига кўтарилишади? Нарсаларингни зинадан олиб чиқ” деб туриб оларди. Бундан ташқари, нафақат бизнинг подъезд, балки уйимиз атрофига кўз-қулоқ бўлар, айниқса, бегона одам пайдо бўлса, дарҳол сўраб-суриштиришга тушарди. Шу боис бўлса, керак, чироқ ўчса ҳам, иссиқ ё совуқ сув келмай қолса ҳам қўшнилар Мукамбар “ака”ни қидириб қолишарди. Ҳамма нарсага аралашаверганидан бояқишни кўпчилик ёмон ҳам кўрар, бу ҳақда гап очиб, “Сизга нима? Билганини қилмайдими?” деганимда жаҳли чиқиб, “Мен менга нима десам, сен менга нима десанг, қолганлар ҳам шундай деса, инсон эканлигимиз қаерда қолди? Бепарволикнинг эртаси нима бўлишини биласанми?” дея танбеҳ берган эди…

Таъкидлаш лозим, ер юзидаги бирор миллат ёки элатда айнан ўзбек халқигагина хос ва мос бўлган урф-одатлару қадриятларни топиш мушкул. Айниқса, қўни-қўшничилик борасида. Яхши эслайман, болалик пайтларимда маҳалламиздаги деярли барча ҳовлиларда девордан қўшниникига ё эшик ўрнатилган, ёки туйнук очилган эди. Кимнингдир уйида тансиқ таом тайёрланса, шу туйнук орқали қўшнисига илинарди. Бирор хонадондаги бўйи етган қизга совчи келганда эса онаси уйда йўқ бўлса, қўшни аёл бемалол совчиларни кутиб олаверарди… Энди-чи…

1973 йилда отам жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказиб, касалхонага тушиб қолди. Қаҳратон қиш, онам касалхонадан қайтаётиб йиқилиб тушиб, қўлини синдириб олади. Биз болалар “ейман-ичаман” деган ёшдамиз. Каттамиз 16, кенжа синглимиз эса эндигина бир ёшга тўлган. Ўшанда қўшниларимиз навбат билан бизникига чиқиб, галма-гал овқат пиширишгани, кийимларимизни ювиб, дазмоллашгани сира ёдимдан чиқмайди.

Шу ўринда яқин ўтмишга қайтишни лозим топдим. Хуллас, вақти келиб, отам касалхонада оламдан ўтди. Уйга олиб келишимиз билан ортимиздан уч-тўрт нафар ёши улуғ қўшниларимиз кириб келишган ва таъзия билдириб, “Биздан нима ёрдам керак?” дея сўрашган эди. Онам барча нарсаларни тайёрлаб қўйганини айтгач, жанозага ўзлари бош-қош бўлиб, маҳаллага ҳам хабар беришлари, агар бирор нарса керак бўлса, бемалол мурожаат қилишимиз мумкинлигини айтиб, қайтиб кетишганди.

Шукрки, бундай қўшнилар ҳозир ҳам бор. Яқинда бир оғайнимнинг отаси қазо қилди. Эшитган заҳоти етиб бордик. Отахоннинг тўрт нафар ўғли эшик олдида қўл қовуштириб турибди. Хизматда эса қўшнилари — бири қабристонга югурган, иккинчиси ғассолни олиб келишга жўнаган, яна бири уч-тўрт нафар ўспиринларга бош бўлиб, тобутни тайёрлаш билан машғул, қолганлари ака-укалар қаторида туриб, жанозага келаётганларни кутиб олишмоқда…

Қўшнинг тинч — сен тинч!

Тан олиш керак, вақт ўтган сайин қўшнисини ўзининг туғишганидек қабул қиладиган, яхши-ёмон кунларида камарбаста бўладиган инсонлар камайиб бормоқда. Биргина мисол, ҳовлимиз бузилгач, кўп қаватли уйга кўчиб ўтдик. Шунга ҳам 35 йил тўлибди. Уйимиз бир подъездининг ўзида 48 та хонадон жойлашган. Илгари ҳар бир хонадон аҳлини яхши танирдим. Йиллар ўтиб, эски қўшнилар кўчиб кетди, ўрнига янгилари келди. Айни дамда 48 та хонадондан 15 та эски қўшнини ҳисобга олмаганда, яна 15 таси билан салом-алик қилишим баробарида, қолган 18 тасини умуман танимайман. Уларнинг орасида кўчиб келгач, ярим йил, бир йил яшаб, яна кўчиб кетганлари қанча…

Аслини олганда, қўшни билан танишиш, аниқроғи, ўзини таништириш янги кўчиб келгандан лозим эмасмикан?! Кўп гувоҳи бўлганман, яқин ўтмишда бирор оила кўчиб келгач, вақтини топиб, ён-атрофдаги қўшниларини йиғиб, дастурхон ёзарди. Бир пиёла чой баҳона, янги қўшни меҳмонларга ўзини таништирар, “Мана қўшни бўлдик, энди тобуткашмиз. Тўй ё маъракаларга бизни ҳам чақиринг­лар” дея улар билан танишиб оларди. Икки-уч соат ўтгач эса унинг аёли ҳам танишиш мақсадида қўшни аёлларни меҳмонга чақирарди.

Бу ерда гап бир пиёла чой билан ярим коса овқатда эмас, асло! Шукрки, нон билан чой ҳамманинг ҳам уйида топилади. Гап йўқолиб кетаётган қадриятларимизни, қўшничилик одобларини сақлашдан ташқари, энг асосийси — содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олиш ҳақида кетмоқда.

Энг ачинарлиси, бугунги кунда айрим кимсалар қўшнининг ҳаққидан қўрқмай қўйди. Ўқияпмиз, эшитаяпмиз, — кимдир қўшнининг деворидан ошган, яна кимдир очиқ дарвозадан, бошқаси деразадан кирган. Қўшнининг ҳаққидан қўрқишни эса парвойига ҳам келтирмайди…

Қўшнининг ҳаққи

Қўшничилик масаласига муқаддас динимизда ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) муборак ҳадисларида шундай марҳамат қилган эканлар: “Жаброил менга қўшничиликнинг ҳақ-ҳуқуқлари тўғрисида шунчалик узоқ уқдирдиларки, мен ҳатто қўшнилар бир-биридан мерос олишни ҳам тайинласа керак деган хаёлга бордим”.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ эса “Яхшилик ва силаи раҳм” номли китобларида қўшничилик ҳақида қуйидаги жумлаларни битганлар: “Билиб қўйингларки, мусулмон — қўшниси ундан саломат бўлган кишидир”. “Ислом”, “мусулмон” сўзлари “саломатлик”, “тинчлик” маъноларини ифода этади. Шунинг учун “мусулмон — ўзга одамлар, хусусан, қўшниси унинг ёмонликларидан тинч ва саломат бўлган шахс­дир” дейилмоқда.

“Нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, ҳеч бир киши, агар қўшниси унинг ёмонлигидан омонда бўлмас экан, жаннатга кирмайди”.

Ҳадисдан қўшнининг ҳақлари, қўшнига ёмонлик етказмаслик, балки унга яхшилик қилишнинг нақадар улуғ амаллар эканини билиб оламиз. Одамларга ёмонлик қилмаслик, зарар етказмаслик, уриб-сўкмаслик, жонига, молига, обрўсига путур етказмаслик — буларнинг барчаси иймон, Ислом, ҳижрат, яхшилик аломатлари экан. Қўшниларига ёмонлик қилиб юрадиган, қўшнилари унинг ёмонлигидан қўрқиб турадиган одам жаннатга кирмас экан.

Ушбу ҳадисдан қўни-қўшнилар билан муомалани яхшилаш, уларга озор бермаслик вожиблигини ўрганиб олар эканмиз. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин. Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхшиликни гапирсин ёки жим турсин” дедилар.

Менинг маҳалламда жиноят содир этилмаслиги керак!

Шу ўринда табиий савол туғилади. Дейлик, бирор хонадонда ўғирликми ё бошқа жиноят содир этилгач, биринчи галда ён қўшнилардан, профилактика инспекторидан, қолаверса, МФЙ раисидан сўраб-суриштирилади. “Кўрмадим-эшитмадим-билмадим” қабилида иш кўрувчи қўшнилар ҳақида юқорида фикр билдирдик. Профилактика инспекторларига келсак, илгари ишлаганларини танир эдим, ҳозир тез-тез алмашиб туришади. Эшитишимча, яқинда яна янгиси тайинланибди, уйларга ташриф қоғозини тарқатиб чиқибди. Энди навбат МФЙ раисига: очиғи, сўнгги беш-олти йилда улар кўп марта алмашди, сабабини билмайман. Орада бу ўрин анчагача бўш ҳам турди. Таъкидлаш лозим, маҳалла фуқаролар йиғини раиси лавозими шунчаки мансаб эмас. Аслида бу лавозимга кўпни кўрган, тажрибали, кези келганда, орасидан гап қочган қўни-қўшнини муросага келтира оладиган, ҳалол-пок инсонлар сайланиши керак.

Яқинда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқ­ариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашининг 1-ярим йиллик якунларига бағишланган видеоселектори ўтказилди. Уни олиб борган кенгаш раиси Шавкат Жавлоновнинг маълум қилишича, жорий йилнинг ўтган даврида мамлакатдаги     6 107 та маҳаллада умуман жиноят содир этилмаган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 4 378 тани ташкил этган. Маҳаллалардаги умумий жиноятлар сони эса 12 171 тани ташкил этган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30,4 фоизга камайган. 1 138 та маҳаллада эса жиноят сони ошган.

Ўрни келганда яна бир гап. Ушбу мақолани тайёрлаш жараёнида қўни-қўшничилик муносабатлари, “Менинг маҳалламда жиноят содир этилмаслиги керак” деган шиорнинг ижроси юзасидан жойлардаги МФЙлар томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши бошқаруви раиси Шавкат Жавлоновнинг фикрларини билишни мақсад қилдим. Аммо кенгаш раиси билан учрашишнинг иложи бўлмади. Ҳар борганимда “Раис йиғилишда” деган жавоб билан ортга қайтавердим. Қилган қўнғироқларимга ҳам худди шундай жавоб олгач, ҳайрон бўлдим. Наҳотки, раиснинг куни фақат йиғилишлар-у тадбирлар билан ўтса?! Балки раиснинг бундан хабари ҳам йўқдир? Ёки ходимлари ундан мурожаатимни яширишгандир?! Бироқ, нима бўлганда ҳам амалдаги қонунларимизга кўра, ОАВ ходими раҳбар қабулида бўлиш ҳуқуқига эга бўлатуриб, бу ваколатидан фойдаланишда баъзан турли тўсиқларга дуч келаётганлигини таъкидлаган ҳолда, бирор юмуш билан мурожаат қилмоқчи бўлиб, охир-оқибат сарсон-саргардон бўлаётган фуқаронинг аҳволини тушуниб олаверинг…

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, мақоламиз аввалида айтганимиздек, қўшничилик азалий қадриятларимиздан бири бўлиб, бугун унинг қадрига етмас эканмиз, эртага йўқотиб қўйишимиз ҳеч гап эмас. Қолаверса, халқимизда “Қўшничилик — минг йилчилик!” деган гап ҳам бор. Шундай экан, инсоний фазилатларнинг гўзал бир намунаси бўлган қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашимиз, ён-атрофимизда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ қарамаслигимиз, инсон фақат ўз дарди билан эмас, ўзгалар дарди билан ҳам яшаши эса унинг бу номга қанчалар лойиқ эканлигини кўрсатиб беришини асло унутмаслигимиз шарт!

Ғофуржон АЛИМОВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: