Home / Тавсия этимиз / Ҳушмуомалалик — инсон зийнати

Ҳушмуомалалик — инсон зийнати

Тасаввур қилинг, эрталаб яхши кайфиятда ишга отландингиз. Хонага киргач, ҳамкасблар билан салом-алик қилиб, ўзгача иштиёқ билан ишингизни келган жойидан давом эттира бошладингиз. Шу пайт телефон жиринглаб, фикрингизни бўлади. Гўшакни кўтариб, «Алло» дейишингиз билан у томондан салом йўқ, алик йўқ, «Фалончи?» деган дағал овоз эшитилади. Сиз «фалончи» хонада йўқлигини айтасизу шу заҳоти «Қачон келади?» деган савол янграйди. Сиз «фалончи» иш билан чиққанини айтгунингизча гўшакни тарақлатиб қўйиб қўяди.

Қарабсизки, бояги кайфиятдан асар ҳам қолмайди, ишингизда ҳам унум бўлмайди. Биргина ножоиз сўздан кун бўйи дилингиз хуфтон бўлиб юради, асабийлашасиз. Бу эса соғлиғингизга аста-секин салбий таъсир кўрсатади.

Куни кеча ҳамкасблар билан айнан  телефон орқали мулоқот маданияти ҳақида суҳбатлашиб турганимизда, тў­сатдан қўл телефоним жи­ринг­лаб қолди. «Эшитаман» дедим-у шу заҳоти аёл кишининг «Бу кимнинг телефони?» деган овози янгради. «Меники!» дейишга ҳали улгурмасимдан, қўнғироқ қилган аёл телефонини ўчириб қўйди…

Афсуски, бундай ҳолатлар гоҳида бўлса ҳам учраб туради. Ваҳоланки, инсоннинг билими, дунёқараши, ахлоқи муомаласидан маълум. Муомала эса асосан тил орқали бўлади.

Тилнинг аҳамияти ҳақида таниқли тилшунос Алибек Рус­тамов «Сўз хусусида сўз» рисоласида қуйидагича фикр билдирган: «Бутун мавжудотнинг, хусусан инсоннинг тузилиши, юриш-туришида қанчадан-қанча етуклик, жумладан, гўзаллик бор. Аммо табиий гўзалликдан ташқари яна инсон вужудга келтирадиган сунъий гўзаллик ҳам бор. Ҳунарманду санъаткорлар буюмларга, иншоотларга гўзал тус берадилар. Уста деҳқонлар гўзал боғу роғларни вужудга келтирадилар. Куйчилар куй, ашулачилар ашула, рассомлар расм, ҳайкалтарошлар ҳайкал яратадилар.

Мана шуларнинг ҳаммаси ва уларнинг гўзаллиги тил воситасида акс эттирилади. Бу тилнинг гўзалликни ифодалашдаги хизматидир. Аммо тилнинг ўзи ҳам гўзаллик моддаси сифатида сўз усталари томонидан ва умуман халқ тарафидан фойдаланилади. Чунки тил етук ҳодисалардан бў­либ, унда гўзаллик учун зарур бўлган ҳамма сифатлар мавжуддир».

Таъкидлаш лозимки, муомала маданияти ҳамма жойда керак. Кўча-кўйда, ишда, транспортда, уйда ва ҳоказо. Бундан ташқари, энг асосийси, инсоннинг қанчалик ақл-заковат эгаси эканлиги муомаласи орқали намоён бўлади. Ахир кийимингга қараб кутиб олишади, муомалангга қараб кузатишади деб бекорга айтилмаган-да!

Одатда киши обрў-эътиборни нафақат меҳнати, балки муомаласи, юриш-туриши билан ҳам топади. Зеро, инсоннинг маънавий даражасини кўрсатадиган, иш юритишда фойдага асос бўладиган, соғлиғини барқарорлаштирадиган асосий омил ҳам унинг муомаласидир.

Муқаддас динимизда ҳам инсонлар бир-бирига ширинсуханлик ва самимийлик билан муомала қилишлари лозимлиги таъкидланади. Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад(саллоллоҳу алайҳи васаллам)даги мулойимлик ва унинг чиройли оқибатларини инсонларга намуна қилиш мақсадида қуйидаги ояти каримани туширган: «Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас уларни афв этинг, (гуноҳлари учун) кечирим сўранг ва улар билан кенгашиб иш қилинг! (Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг, зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севар» (Оли Имрон сураси, 159-оят).

Абу Ҳурайра (розийаллоҳу анҳу) пайғамбаримиздан (с.а.в.) келтирган ҳадиси шарифда эса «Табассум билан айтилган чиройли сўз — садақадир» дейилади. Бу билан одамларнинг ўзаро муомаласи қай даражада иззатланиши таъкидланмоқда. Гоҳида кичкинагина эътиборсизлик ҳам катта нохушликларга сабаб бўлади. Саҳобалар Расулуллоҳ (с.а.в.)дан «Инсонга ато қи­линган энг яхши нарса нима?» деб сўрашганда, «Гўзал хулқ» деб жавоб берган эканлар. Бошқа бир ҳадисда «Пайғамбар қи­либ юборилишимнинг боиси гўзал ахлоқни такомилига етказишдан иборатдир» дейдилар (Имом Молик ривояти). Шунингдек, Аллоҳ таоло Қуръони каримда «Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ барча кибрли ва мақтанчоқ кимсаларни суймас» дея марҳамат қилган (Луқмон сураси, 18-оят).

Шу ўринда яна бир муҳим ҳолатни қайд этиш даркор. Айтмоқчимизки, ота-онанинг вазифаси фақат фарзандни дунёга келтиришдангина иборат эмас. Ота-она фарзандини ақлли, эс-ҳушли, соғлом, диёнатли, эътиқодли, эл-юртга фойдаси тегадиган инсон қилиб тарбиялаш билан бирга, уни ёшлигидан жамоат орасида ўзини чиройли тутиш, самимий, камтарин бўлиш каби одобларга ўргатиши керак. Масалан, овқатланиш, саломлашиш, рухсат сўраш, сўзлашиш, ҳазил-мутойиба, касал кўриш, таъзия билдириш, аксириш ва эснаш, меҳмондорчилик ва шу каби ижтимоий одобларни билиш ва уларга риоя этиш лозим. Самимий муомалада бўлиш инсонга фақатгина яхшилик келтирар экан, фарзандини ўйлаган ота-она бу жиҳатда унга ибрат бўлиши шарт.

Бундан ташқари, биз, катталар ҳам, ушбу жараёнда бир четда қўл қовуштириб туришимиз керак эмас. Ёшларга ўрнак бўлиш баробарида, жуда бўлмаганда уларни рағбатлантиришнинг уддасидан чиқишимиз лозим. Масалан, кўчада ёш-яланглар сизга салом берди дейлик. Шундай пайтда алик олиш билан чекланмай, «Баракалла! Бахтли бўлгин!» деб қўйсак, асакамиз кетмайди. Ёки метро ё автобусда мактаб ўқувчиси жой берса, унга миннатдорчилик билдириш билан бирга, «Отангга раҳмат деб қўйгин!» десак, у ер-бу еримиз кама­йиб қолмас. Болакай эса кеч­қурун отаси ишдан келганда «Бугун автобусда бир амаки сизга раҳмат айтиб юборди» дея бу гапни албатта унга етказади. Табиийки, отаси ўша амакининг кимлиги билан қизиқади. Фарзанди жой бергани учун раҳмат эшитганини билганидан кейин эса кўнгли тоғдай кўтарилади, боласига катталарни ҳурмат қилиш лозимлигини уқтиради. Ваҳоланки, ўша болакай сизга жой бўшатишга мажбур эмас, унинг ҳам худди сиз каби ўтириб кетишга ҳаққи бор. Катталарга жой бериш эса менталитетимизга хос одоб намунаси ҳисобланади.

«Қобуснома» асарида Кайковус ўғлига шундай насиҳат қилади: «Халқ олдида гапирадиган сўзинг гўзал бўлсин, бу сўзни халқ қабул қилсин. Халойиқ сенинг сўзинг билан баланд даражага эришганингни билсин, чунки ақлли кишини сўзидан биладилар. Эй фарзанд, сўзлаганингда ҳар бир сўзни ўйлаб, маъноли гапир, шунда айтган сўзингдан пушаймон бўлмагайсан. Ҳар бир сўзга қулоқ сол, шошилма. Ўйламасдан сўзлама. Ҳар қандай сўзни эшитишдан сиқилма. Совуқ сўз сўзлама…».

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтмоқчимизки, инсон фақат ўзининг манфаати учун яшаб, манманликка юз тутгани сари муомала маданиятидан, одоб-ахлоқидан йироқлашиб боради. Инсонга лавозими, тутган мавқеи, бойлигига қараб эмас, балки чиройли муомаласи туфайли баҳо берилади.

Психологларнинг фикрича, эркаклар учун нимани, аёллар учун қандай айтиш муҳим экан. Шунингдек, суҳбат чоғида овоз қанча паст бўлса, олинадиган натижа шунча юқори бўларкан. Шу сабабли овозни назорат қилиш, бу билан мулоқотни осонлаштириш керак.

Бундан ташқари, психологлар ким билан мулоқот қилиш қийинлигини ҳам қайд этишган. Маълум бўлишича, манман ҳамда андишасиз одамлар билан мулоқотга киришиш қийинчилик туғдираркан. Манман одам ўзи ҳақида жуда юқори, бошқалар ҳақида эса жуда паст фикрда бўлиб, атрофдагиларга улар лойиқ бўлмаган муносабатда бўлаётганини билдириб турар экан.

Андишасизлар эса одамнинг заиф жойини билиб олиб, унга қайта-қайта тегаверишар, омадсизларга рақибнинг муваффақияти, касалларга тақиқланган нарса ёки бу хасталикнинг ёмон оқибати ҳақида гапиришар экан. Улар бирор инсон эсдан чиқаришни истаган ҳолатни ҳаммадан олдин ил­ғаб олиб, кўнгилни оғритувчи сўзларни топиб айтиш қобилиятига эга бўлишаркан.

Хулоса шуки, «Яхши гап билан илон инидан, ёмон гап билан қилич қинидан чиқади» деган гап бор. Яхши гап билан не-не тош кўнгилларни эритиш мумкин. Демак, одамларнинг меҳрини қозониш ҳам, нафратига дучор бўлиш ҳам инсоннинг ўзига боғлиқ.

Ғафуржон АЛИМОВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: