Home / Жиноят ва жазо / Қулоқ тешиб маломатга қолди

Қулоқ тешиб маломатга қолди

Ҳозир шаҳару қишлоқларда турли номдаги гўзаллик салонларига кўп кўзингиз тушади. Деярли ҳамма тўйини ёзга мўлжаллагани учун бу фаслда кунда-кунора тўй бўлиб, салонларда иш қизғин бўлади. Тўй-ҳашамга бормоқчи бўлган қиз-жувонлар салонга бирма-бир кириб чиқишади. Бундай гўзаллик масканларида баъзан кўнгилсиз воқеалар ҳам содир бўлиб турар экан.

Ҳафиза туман марказидаги бир бинони олиб “Дива” номли гўзаллик салонини юритаётганига ҳам олти йилча бўлиб қолди. Ҳозир ҳам тўй мавсуми, деярли ҳар куни иш қизғин. Олдиндан келиб кунини, вақтини белгилаб кетган қизлар ўша куни оппоқ либосда чиқиб кетишади.

Ўша куни ҳам салонда келин безатишаётганди. Шу пайт қулоқ тештиришга Зуҳра келиб қолди. Ҳафиза Зуҳранинг қулоғига белги қўйиб, ойнада кўрсатди. Зуҳра розилигини билдиргач, қулоғини тешиб, яна ишида давом этди. Зуҳранинг кўнгли тўлмади.

— Менга етарлича вақт ажратмадингиз. Қулоғимни нотўғри тешибсиз, — деди.

— Аввал белгилаб, сизга кўрсатдим-ку, мана белги қўйилган жой, — деди ҳайрон бўлган қиз.

Аммо Зуҳра эшитишни истамади. Жаҳл қилиб, салондан чиқиб кетди. Бироздан кейин унинг опаси Фотима келиб, нима бўлганига қизиқди. Ҳафиза унга бўлган воқеани айтиб берди. Зуҳра жаҳл билан салонга қайтди.

— Каттанг қани, чақир бу ёққа, — деб бақирди шу ердаги қизларга.

— Қулоғимдаги сирғани ечиб, пулларимни қайтариб бер, — деди у.

Ҳафиза сирғани ечиб, хизмат ҳақи­ни қайтариб берди. Зуҳра тинчгина чиқиб кетмади. Мижозлар олдида Ҳафиза ва бошқа қизларни куракда турмас сўзлар билан ҳақорат қилди.

— Салондан чиқиб кет, — деди унинг ҳақоратларига жавобан Ҳафиза. Шу ерда қизлар бир-бирининг юзи, сочи демай уришиб кетди. Салондаги қизлар уларни ажратиб қўйишди.

Зуҳра салончи устидан акасига шикоят қилди. Баҳриддин шаҳардан қайтаётганди. Тўғри Ҳафиза ишлайдиган салонга борди. На салом бор, на алик, воқеанинг асл сабабини сўрамасдан, Ҳафизани уриб, жароҳат етказди. Унинг қадр-қиммати, шаънини таҳқирлаб, ҳақорат қилди. Сочидан тортиб, “Юр, сени машинамга боғлаб, судраб ўлдираман”, — деди. Шу ердаги қизлар ва бинони ижарага берган киши Ҳафизани унинг қўлидан қутқариб олди.

Суд Баҳриддинга нисбатан иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда икки йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.

Жонибек РАУПОВ,

Нуробод тумани прокуратураси терговчиси

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: