Home / Тавсия этимиз / Уларсиз муаммо ечилмайдими?

Уларсиз муаммо ечилмайдими?

Давлат ташкилотларида ишлаётганлар ҳам инсон. Улар ҳам иссиқ жон эканлигини хаёлимизга келтирмаймиз. Яқинда ҳеч қаерда ишламайдиган, аммо блогерлар билан ҳамкорлик қиладиган «шогирд блогер»нинг сўзларини тинг­лаб ёқа ушладим. Наҳотки шунчаликка боришса? Аждодларимизни хотирласак, уларнинг фаолиятига назар солсак, фахрланамиз. Биз-чи, келажак авлодга нима қолдираяпмиз? Ёшлар қайси жиҳатимиздан ўрнак олади? Ҳисоб-китоб қилсак, бирор арзигулик жиҳатимиз бормикан?

Кейинги пайтларда кимгадир мурожаат қилиш лозим бўлса, кимдир йўриғимизга юрмаса ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга ҳаракат қилаяпмиз.

Шогирд блогернинг сўзларини аслидек ёзаяпман. Сиз ҳам бир эътибор беринг-а.

– …Менга фарқи йўқ. Ким бўлса ҳам мурожаат қилса бўлди. Унинг ҳақ ёки ноҳақлиги умуман қизиқтирмайди. Икки оғиз гапи ёзилган видеоси, қўлида бир энлик хати бўлса бўлди. Ўшани интернетга чиқариб юборавераман. Ўзим-ку, унчалик тушунмайман. Ҳамкорлик қиладиган устоз блогерларим бор. Улушни ҳам бўлиб оламиз. Баъзан кўпроқ қисми менга қолади. Ахир жойларга бориб маълумот олиш, тайёрлаш, инсонларнинг ишончига кириш осон дейсизми?! Компьютерни яхши биладиган устоз блогерлар хонасидан чиқмай, қимирламай ўтиради. Ҳудудлардаги маълумотларни биз юборамиз. Оқни қора, қорани оқ қилиб видео тайёрлашни, қарсни бир қўлдан чиқаришни дўндирамиз ўзиям. Мана яқинда бир қўшнимни боплаб интернетга чиқардим. Бечора ўзига ёғдирилган бўҳтонлардан ёқа ушлаб қолди. Яна тағин «Ҳеч кимга ёмонлик қилган бўлмасам. Оддий фермерда ишчи бўлсам. Кимдир менга душманлик қилиб, съёмка қилиб олибди. Эшитсангиз, ундай гапларни ҳеч қачон айтмайман. Катта ўғлим айтди, овоз ҳам меники эмас экан. Ким чиқариб юборганини ҳам билмайман. Бир нечта қўшниларга ёрдам бергансиз-ку, менга ҳам ёрдам беринг. Нима десангиз розиман. Фақат ёрдам беринг» деб арзиҳол қилиб келди. Бечора бу ишларнинг бошида ўзим турганимни қаердан билсин. Ҳар доимгидек, унга «бу иш осонликча ҳал бўлмайди. Бироз харажати бор. Видеони тайёрлаганлар меҳнат қилган, улар бу жараённи чиқариш учун ишлаган» дея берилиши керак бўлган суммани айтгандим. Обрўси, шаънини ҳимоя қилиш учун дарров рози бўлақолди. Шу суммасини бироз паст айтибман-да, сал кўпроқ айтсам ҳам рози бўларкан… Афсус, энди кеч. Мана яқинда бир фермернинг маълумотларини чиқардик. Ўша заҳоти давлат ташкилотида ишлайдиган ходимларнинг югуришини кўрмадингиз-да. Ўзи 10 йил ишлаган бўлса ҳам ўша фермер бирор марта режани бажармаган. Кенг яйловни эгаллаб олиб, одамларнинг қўй-қўзисини боқишдан нарига ўтмаган. Бунақа ишламайдиган, давлатнинг еридан ўз нафси йўлида фойдаланадиган фермер менга ҳам керак эмас аслида. Қонунан унинг фермер хўжалиги тугатилгани йўқ, фақатгина яйлови борасидаги ижара шартномаси бекор қилинган холос. Ҳа энди етарлича қорамоли бўлмагандан кейин шартнома бекор қилинади-да. Буни билсак-да, ишимиз, танишимиз деб, шу акага ҳам ёрдам берайлик деб ҳаракат қилдик. Ҳаракатимиз наф бермаслигини олдиндан билгандим.

– Ижтимоий тармоққа чиқарган маълумотингиз асоссизлигини билсангиз ҳам мурожаат қилдингизми?! Наҳотки давлат идораларида ишлаётган ходимлар ҳеч нарсани билмайди, улар яхшигина ишлаб турган фермернинг фаолиятини осонгина, бекордан-бекорга тугатиб юбораверадиган даражада билимсиз деб ўйлаган бўлсангиз. Ҳар ҳолда нотўғри қарор ўз-ўзидан чиқиб кетмаслигини биласизми?!

– Билганда қандоқ… Ўрта мактабни ҳам тўлиқ битирмаганимни билиб туриб, шу саволингиз билан жиғимга тегаяпсизми? Мен қаердан биламан, давлат ишида ишлаб кўрмаган бўлсам? Айтдим-ку, фермерлик фаолияти тугатилмаган, чорваси бўлмагани учун фақат яйловдан фойдаланиш учун тузилган ижара шартномаси бекор бўлган холос. Бу ижтимоий тармоқда чиқарган ҳар бир маълумотимиз асоссиз дегани эмас. Асослилари ҳам бор. Айримлари ўрганилгандан сўнг ижобий ҳал этилаяпти. Тўғри, баъзиларига бир томонлама ёндашганимиз учун нотўғри бўлаётган бўлиши мумкин. Ҳа энди, ҳаётда ҳамма нарса бўлади…

Мана гап қаерда. Қарс икки қўлдан чиққанидек, блогерлар кўтариб чиқаётган хабар ёки мурожаатларнинг ҳаммасини ҳам тўғри деёлмаймиз. Кимдир ўзининг шахсий хусумати, яна кимдир мансаб талашиб блогерларнинг хизматидан фойдаланади. Улар бераётган маълумот тўғри ёки нотўғрилигини аниқлаш учун ҳар томонлама ўрганмайди. Ўрганишга ҳаракат ҳам қилмайди. Уларнинг наздида мурожаатчи ҳақ. Балки шунинг учун кейинги пайтларда ўқиган ҳам, ўқимаган ҳам блогерман деб кўксига ураётгандир. Шунинг учун ҳам яхши ишлаётган, қўлига тушган маълумотни ҳар томонлама ўрганиб, хулоса чиқараётган блогерларнинг хизмати сезилмаётгандир.

Бир мисол. Яқинда номдор каналларнинг бирида эълон қилинган мурожаатни кўриб ҳайрон қолдим. Ноҳақлик қилаётган раҳбарларни айблай бошладим. Мурожаатчи йигитнинг масаласини астойдил ўрганишга, унга ёрдам беришга ҳаракат қилдим. Буни қарангки, мен ўйлаганчалик мутасадди раҳбарлар айбдор эмас экан. Йигитнинг оилавий аҳволи бироз оғирлиги туфайли қўшниси ўзининг ерини вақтинча фойдаланиш учун бериб тургани, бундан фойдаланган йигит эса видеомурожаатида айтганидек 2018 йилнинг февраль-март ойларида эмас, 2019 йилнинг учинчи чорагида яшашга мослаштирилмаган бир хонали уй тиклаб олгани маълум бўлди.

Яна бир тадбиркорнинг фаолияти туман ҳокимлиги томонидан асоссиз тўхтатилаётгани, тадбиркорга ёрдам бериш кераклиги ҳақидаги видеомурожаатни ҳам синчиклаб ўргандик. Аслида тадбиркорнинг фаолияти 2012 йилда суд қарори билан тугатилган экан.

Асоссиз мурожаатни фақат бир томонлама ўрганиб, ўзининг каналига жойлаштираётган блогерлар балки энди бироз ҳушёрроқ бўлишар.

Энди блогерлар кўтариб чиқаётган муаммоларнинг ҳал этилаётгани ёки этилмаётганига тўхталадиган бўлсак, ижобий ечим топаётганлари ҳам бор. Аммо мурожаатчи ноҳақ бўлса иши битмаслиги тайин.

Дарвоқе, шогирд блогерга «Сизларнинг хизматингиз пуллими? Ижтимоий тармоқларда бу борада ҳеч бир фикр ёки сўзга дуч келмаган эканман» деб берган саволимга олган жавобни ёзишни унутаёзибман. «Бу нима деганингиз? Кимдир ёзганига, кимдир тикканига, кимдир пиширганига, яна кимдир сотганига, бошқа биров эса қўйган-ю чиқарганига яраша ҳақ олади-ку. Биз ҳам чиқарганимизга ҳақ оламиз. Бунинг ёмон томони йўқ-ку».

Албатта, ҳар ким танлаган касби орқали оиласини боқади. Аммо мурожаатнинг асоссизлигини била туриб, унинг ортидан югуриб ҳақ олишни нима деб аташ мумкин?

Нигина ШОЕВА,
журналист

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: