Home / Жиноят ва жазо / «Уч сўм пул, бир калла қанд…» ва беш сутка қамоқ

«Уч сўм пул, бир калла қанд…» ва беш сутка қамоқ

Меҳр-муҳаббат асосига қурилган оила мустаҳкам бўлади. Ўн саккиз ёшдан ошган, ФҲДЁга ариза берган бўлажак куёв ва келинга синов муддати берилади. Аҳдлари қатъий ёшлар никоҳланади. Қонунчилигимизда ФҲДЁда никоҳи қайд этилганидан кейин шаръий никоҳдан ўтиш мумкинлиги белгиланган. Ушбу талабга амал қилмасдан, Ўзбекистон мусулмонлари идорасидан бериладиган ваколатга эга бўлмаган ҳолда шаръий никоҳ ўқиш маъмурий жавобгарликни келтириб чиқаради.             

яқинда Қўштепа туманидаги 15-болалар мусиқа ва санъат мактаби биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида эллик ёшдан ўтган ҳуқуқбузар М.Бойдадаевнинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) иши кўрилди. У 2020 йилнинг 18 май куни никоҳ ёшига етмаган, 17 ёшга кирган М.Қодировани Д.Ёрқуловга шаръий никоҳлаб, диний маросимларни ўтказиш қоидасини бузган.

– Ҳақиқатан фуқаро Дадабой Ёрқуловга вояга етмаган Муножат  Қодировани никоҳладим, – деди айбига тўлиқ иқрор бўлган ҳуқуқбузар. – Куёвнинг онаси олдимга келавериб ҳоли-жонимга қўймади. Никоҳ ўқиганим учун хизмат ҳақи олдим. Қилмишимдан астойдил пушаймонман, бу бошқа такрорланмайди.

Ҳуқуқбузар М.Бойдадаевга базавий ҳисоблаш миқдорининг 12 баробарига тенг жарима жазоси тайинланди.

Шунга ўхшаш ҳуқуқбузарликни илгари тўрт марта маъмурий жавобгарликка тортилган 52 яшар Қ.Валижонов ҳам содир этган.

– Раҳимжон Жумаевга беш йил аввал турмушга чиққанман. Келишмовчиликлар туфайли мени ота-онамникига кеткизиб юборишди.  Турмуш ўртоғим 2020 йил апрель ойида ноқонуний никоҳ ўқитиб бошқа аёл билан яшаб келаяпти. Ўртамизда қонуний никоҳ бор, турмуш ўртоғим билан яшаш ниятидаман. Бир боламизнинг тақдири билан ҳеч ким қизиқмаяпти. Никоҳ ўқиган домлага қонуний чора кўришингизни сўрайман, – деди жабрланувчи Зиёдахон Жумаева.

Ҳуқуқбузар Қ.Валижонов оилавий келишмовчиликлар туфайли рафиқаси билан яшамай қўйган жиянининг қонуний никоҳини бекор қилишга уринишгани, бўлмаганидан сўнг уни бошқа қизга никоҳлаб қўйганини тан олди. Ҳеч қандай ваколатга эга бўлмагани ҳолда амалдаги қонун талабларини бузиб никоҳ ўқигани учун унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Маҳалла раислари билан биргаликда юқоридаги каби вояга етмаган қизларни турмушга узатишнинг, тушунмовчилик туфайли ажралишларнинг олдини олиш, тарафларни муросага келтириб оилани тиклаш тадбирлари ўтказиб келинмоқда.

Садирали Мирзокаримов,

Қўштепа тумани прокурорининг ўринбосари

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: