Home /   / ҲУҚУҚ ВA БУPЧ МACЪУЛЛИГИ болаликдан бошланади

ҲУҚУҚ ВA БУPЧ МACЪУЛЛИГИ болаликдан бошланади

Болалик – беғуборлик. Инсон ёши улғайганида болалигини ширин хотиралар билан эслаши шундан. Болалар – миллатнинг келажаги ва ғурури. Шунинг учун юртимизда ёшларга ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатилади.

Инсон ҳуқуқлари бола ҳуқуқидан бош­ланади деган сўзлар бутун дунё тан олган Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг асосий мазмун-моҳиятини ташкил этади. Бугунги кунда мамлакатимиз жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида мазкур конвенцияда мустаҳкамланган тамо­йилларни миллий қонунчилигида тўлиқ акс эттирган. Зеро, болаларнинг эркин улғайиши, камол топиши учун шароит яратиб бериш демократик фуқаролик жамиятига хосдир.

Болалар ҳам вақти келиб катта бўлади. Шундай экан, уларни келажакка тайёрламоғимиз, жамиятда бурчлари қатори ҳуқуқлари ҳам борлигини уқтириб бормоғимиз лозим.

Президентимизнинг 2020 йил 29 май куни қабул қилинган «Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида ҳам айнан биз тилга олаётган жиҳатлар қамраб олинган.

Маълумки, Президентимизнинг 2019 йил 22 апрелдаги «Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилган эди. Мазкур қарор билан эса вакилнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари белгилаб берилди.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини бажариш стратегиясини ва бола ҳуқуқлари масалалари бўйича бош­қа ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади. Болалар ва уларнинг қонуний вакиллари орасида бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тушунтиради, бола ҳуқуқлари ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолияти ҳақидаги халқаро ҳамда миллий нормаларни тарғиб қилади. Жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан, болалар ҳамда уларнинг қонуний вакилларининг бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши тўғрисидаги мурожаатларини кўриб чиқиш орқали боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижросини ўрганади. Бундан ташқари, имконияти чекланган болалар, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тарбия муассасаларини тамомлаганидан кейин уларнинг ижтимоий мослашувига, уй билан таъминланишига кўмаклашади.

Мазкур қарорда Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари билан бир қаторда, унинг ваколатлари ҳам белгилаб берилган.

Қарорга кўра, вакил ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари ва уларнинг мансабдорларига тобе бўлмаган тарзда бажаради. У дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланади ва Олий Мажлис палаталарининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас. Аҳамиятлиси, вакилга нисбатан жиноят иши фақат Бош прокурор томонидангина қўзғатилиши мумкин. Уни мажбурий келтиришга, ушлаб туришга, шунингдек, шахсий буюмлари, юки, транспорти, уйи ва хизмат хонасини кўздан кечиришга йўл қўйилмайди. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) вакилнинг фаолиятини мувофиқлаштириб боради.

Вакил Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўзининг жамоатчилик асосида фаолият юритувчи минтақавий вакилларига эга бўлади. Бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тартибда вакил билан келишилади.

Қарорда ўзига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун вакилнинг ҳуқуқлари ҳам белгилаб берилди.

Вакил давлат органлари ва ташкилотларидан ўз ваколатига кирадиган масалалар юзасидан статистик, таҳлилий ва бошқа ахборот ва материаллар сўраши, давлат органларининг маълумотлар базасидан белгиланган тартибда фойдаланиши, бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари бузилган ҳолатлар ҳақидаги хабарни ваколатли давлат органлари, мансабдорлар ва нодавлат ташкилотлар вакиллари билан биргаликда текшириши, Ўзбекистон конституциявий суди кўриб чиқиши учун қонунга мувофиқ масалалар киритиши, мазкур суднинг мажлисларида қатнашиши ва кўриб чиқилаётган барча масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини баён этиши, бола ҳуқуқлари соҳасидаги вазиятни мониторинг қилиш ва мурожаатларни кўриб чиқиш доирасида давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарларига бола ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишини бартараф этиш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиши мумкин. Бундан ташқари, қарорда вакилга яна бир қатор ҳуқуқлар берилди.

Шунингдек, мазкур қарор билан бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини мониторинг қилиш мақсадида вакил ҳузурида Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жамоатчилик кенгаши ташкил этиладиган бўлди. Қарорда кенгашнинг асосий вазифалари ҳам белгилаб берилди.

Мазкур кенгаш таркибига обрўли фуқаролар, олимлар, экспертлар, нодав­лат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари киритилади.

Қарорда омбудсманга манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда халқаро тажрибаларга таянган ҳолда «Ўзбекистон Рес­публикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги қонунга мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартишларни киритишни назарда тутувчи, шунингдек, «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳамда вакилни давлат божини тўлашдан озод қилинадиган жисмоний ва юридик шахсларнинг қатъий рўйхатига қўшиш бўйича ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи иккита қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш тавсия этилди.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, оилада, жамиятда бўладиган муносабатлар фарзанд тарбияси учун нечоғли аҳамият касб этса, жамиятда бола ҳуқуқ ва мажбуриятларининг бу тарздаги ҳимояси ҳам уларнинг камолоти учун шунча муҳим. Шундай экан, бу борадаги эзгу ишлар кўлами ортиши жамият равнақи йўлидаги дадил қадам деб бемалол айта олишимиз, бу ишда ўзимиз ҳам фаол қатнашишимиз керак.

Фарҳоджон НАЗАРОВ,

Бош прокуратура бошқарма катта прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: