Тезкор хабарлар
Home / Тавсия этимиз / Ҳуқуқий таълимда изчиллик зарур

Ҳуқуқий таълимда изчиллик зарур

Sizda qanday fikr bor?

Ҳуқуқий фанларнинг асосий қисмини ижтимоий фанлар ташкил этади. Бироқ, афсуски, олий таълим тизимида уларга доимо бир хил муносабатда бўлинмаяпти. Ушбу фанларнинг баъзилари бугун ўқув режаларига киритиляпти, айримлари олиб ташланяпти ёки дарс соатлари қисқартирилмоқда.

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида Ўзбекистон тарихини, унинг бой меросини ўрганиш, шу мақсадда тадқиқотлар олиб бориш лозимлиги кўрсатиб ўтилган бўлса-да, бакалавр таълим йўналиши бўйича 1-босқич талабаларига мўлжалланган Чет мамлакатлар (хорижий) ва Ўзбекистон давлати ва ҳуқуқи тарихи курс­лари олиб ташланди. Буни қандай тушуниш керак? Ўзбекистон тарихи, бой маданий-маънавий меросимиз тарихини лозим даражада ўқимаган мутахассиснинг маънавияти қандай бўлиши мумкин? Бундан таш­қари, чет мамлакатлар билан алоқаларимиз ривожланиб бораётган, уларнинг давлатчилик тарихига, ҳу­қуқий таълим, ҳу­қуқий маданиятига эътибор кучаяётган бир вақтда уни ўқув режаларидан олиб ташлашдан мақсад нима?

Жорий ўқув йили ўқув режасида ихтисосликнинг ярмини ташкил қиладиган ҳуқуқ таълимига кам соат ажратилиб, ихтисослик учун жами юклама 9 072 соат бўлгани ҳолда юридик фанларга 1 170 соат ажратилгани ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди, назаримизда.

Барча юридик фанларга асос бўлган Давлат ва ҳуқуқ тарихи фанларини ўқитмаса ҳам бўлади, дейдиганларнинг бу ишини нотўғри деб ҳисоблайман. Аввалига Ўзбекистон тарихини ўқитиш бекор қилинди ва яна қайта тикланди. Энди эса деярли 80 йилдан бери ўқитилиб келинаётган Давлат ва ҳуқуқ асослари ёки Ҳуқуқшунослик фанини ўқитиш ҳам тугатилди.

Конституцияни ўрганиш курси 15 йил мобайнида «Ҳуқуқшунослик. Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганиш» деб аталиб, бунинг учун 114 соат ажратилган, дастур, услубий ва ўқув қўл­ланмалари яра­тилганди. «Жамиятда ҳу­қу­қий маданиятни юксалтириш Концепцияси»да «Асосий қо­нунимизни умум­таълим мактабларида, олий ўқув юрт­­ларида, маҳалла ва меҳнат жамоаларида тизимли равишда ўрганиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқишимиз лозим», де­йилганига қарамасдан бу курс ҳам тугатилди.

Ўйлаймизки, ушбу ҳужжат олий таълим тизимидаги ҳу­қуқий таълим берадиган фанларнинг қайтадан ўз ўрнига қўйилишига, жамиятимизда ҳуқуқий таълим ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга хизмат қилади.

Зиёдулла МУҚИМОВ,

профессор

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: