Home /   / Ҳуқуқий маданият тарбия билан сингдирилади

Ҳуқуқий маданият тарбия билан сингдирилади


Юртимизда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ижтимоий муҳитни соғломлаштириш борасида ўзига хос тажриба тўпланган, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича институционал ва ҳуқуқий асослар яратилган.

Ушбу масала ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ор­ганларнинг энг муҳим вазифаларидан бири этиб белгилангани боис Ички ишлар вазирлигида Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бош бошқармаси тузилган. Шунингдек, милиция таянч пунктларида профилактика инспекторлари тизими шакллантирилган, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари фаолияти йўлга қўйилган. Бундан ташқари, маҳаллаларда ҳам умумий ва ўрта махсус таълим муассасалари билан биргаликда ўқувчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ёшларни фойдали машғулотларга жалб қилиш чоралари кўрилмоқда. «Вояга етмаганлар ўр­тасида назоратсизлик ва ҳу­қуқ­бу­зарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги ва «Ҳу­қуқ­бузарликлар профилактикаси тўғ­рисида»ги Қонунлар бу борада мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Мазкур қонун ҳужжатларида профилактика тизимига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан бир қаторда, таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасалари ҳам киритилган. Чунки ўсмирларнинг ҳуқуқбузарлик содир этишига таълим-тарбиянинг яхши йўлга қўйилмагани, таълим олувчиларнинг бўш вақти кўнгилдагидек ташкил қилинмагани, шунингдек, ёшларнинг иш билан таъминланмагани каби омиллар сабаб бўлади. Йўлга қўйилаётган ҳамкорлик тизими бундай камчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

«Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги Қо­нунда таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасалари раҳбарлари ички ишлар органларига ҳуқуқбузарлик фактлари ҳа­қида, одамларнинг ҳаётига ёки соғлиғига таҳдид соладиган низолар тўғрисида ва таълим олувчи шахснинг ғайриижтимоий хулқ-атвори, ҳуқуқ­бузарлик содир этишга мо­йил бўлган шахслар ҳақида хабар қилиши шартлиги мустаҳкамланган.

Таълим муассасаларининг вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдаги иштироки билан боғлиқ қоидалар «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги Қонунда ҳам мустаҳкамланган. Хусусан, унинг 13-моддасида таълимни бошқариш органлари ва таълим муассасалари зиммасига вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш билан боғлиқ муҳим вазифалар юкланган. Қонуннинг ушбу моддасига кўра, таълимни бошқариш органлари ўз ваколатлари доирасида вояга етмаганларда қонунга итоаткорлик хулқ-атворини шакл­лантиради, дарс­ларга ўз вақтида қатнашишини таъминлайди, уларга психологик ёр­дам кўр­сатади, якка тартибдаги профилактика ишларини олиб боришда иштирок этади, вояга етмаганларнинг бандлигини таъминлашда қатнашади. Таълим муассасалари ҳам вояга етмаганларга ижтимоий-психологик, педагогик ёрдам кўрсатади, дарс­ларга доимий қатнашишини таъминлайди, уларни спортга жалб этади, болаларининг тарбияси қийин бўлган оилаларга ёрдам кўрсатади.

Таълимни бошқариш ор­ганлари ва таълим муассасалари кўпроқ вояга етмаганларнинг онгига таъсир кўрсатиш, ҳуқу­қий маданиятини юксалтириш орқали кўзланган мақсадга эришишлари мумкин.

Жорий йилнинг 9 январь куни Президентимизнинг «Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони билан жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқу­қий маданиятни юксалтириш «шахс — оила — маҳалла — таълим муассасаси — ташкилот — жамият» принципи бўйича тизимли ва узвий ташкил этилиши белгилаб қўйилди.

Фармон билан тасдиқланган Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепциясининг асосий йўналишларидан бири сифатида таълим муассасаларида ҳуқуқий саводхонликни ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Концепция доирасида «Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганиш» ва «Инсон ҳуқуқларини ўрганиш» махсус ўқув курсларини барча таълим турлари бўйича ўргатиш жорий этилиши белгиланди.

Таъкидлаш лозимки, таълим хусусияти ва вояга етмаганларнинг ёшидаги тафовут туфайли умумий ўрта таълим ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларидаги ҳуқу­қий таълим фарқланади. Масалан, Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 16 августдаги қарори билан тасдиқланган умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартига кўра «Давлат ва ҳуқуқ асослари» фани 8-9-синфларга ҳафталик умумий 2 соат ҳажмда ўтилади. Бунда масаланинг икки жиҳатига эътибор қаратиш зарур. Биринчидан, бу фаннинг 8-синфдан бошлаб ўтилиши ҳуқуқий таълимнинг кечикишига сабаб бўлса, иккинчидан, ажратилган ўқув соатининг камлигидир (бир йилга 34 соат), икки йил давомида (9-синфдан «Конституциявий ҳуқуқ асослари» фани ўтилади, у ҳам 34 соат) давлат ва ҳуқуқ асослари тўғрисида мухтасар билим эгаллашни сезиларли даражада мураккаблаштиради. Натижада ҳу­қуқий демократик давлат барпо этиш, ёшларни ҳуқуқий маданиятли, қонунга итоаткор қилиб тар­бия­лаш, жамиятда қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлаш сингари олий мақсадларга эришиш жараёни секинлашади.

Юқоридаги стандартларни таҳлил қиладиган бўлсак, унда 1-4-синфларда ўқувчилар давлат тушунчасини, давлатнинг рамзий белгиларини, Ватан туйғусини англаши, ҳуқуқ ва ҳуқуқбузарлик ҳақида тасаввурга эга бўлиши, оилада фарзанднинг бурчини билиши шартлиги белгилаб қўйилган.

5-9-синфлар ўқувчилари эса давлат ва ҳуқуқ асосларига оид 18 турдаги билим, кў­никма ва малакаларни эгаллашлари шартлиги мустаҳкамланган. Улар ҳуқуқий таълим, давлат тузилиши, бош­қарув шакллари, бошқарув усуллари, давлат органлари, ахлоқ ва ҳуқуқ, ҳуқуқ меъёрлари, ҳуқуқ тизимлари, унинг соҳалари, ҳуқуқни қўл­лаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, ҳуқуқлардан фойдаланиш, ҳуқу­қий давлат, уни шакллантириш йўллари ва муаммолари, инсонпарвар, демократик, ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти қуриш асослари, ўзбек миллий давлатчилиги, Ўзбекистон Конс­титуцияси, инсон ва фуқароларнинг конс­титуциявий ҳу­қуқ­­лари ва эркинликлари тизимлари ва улардан фойдаланиш кафолатлари, Конституция ва қонунларга риоя қилиш, уларни ҳурмат қилиш, миллий давлат ва унинг маъмурий-ҳудудий тузилиши, давлат ҳо­кимият тизими: қонун чиқарувчи, ижро этувчи, суд ҳокимияти, Ўзбекистон Президентининг давлат бошлиғи сифатида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига, Ўзбекистон Конс­титуцияси ва қонунларига риоя этилишига кафил бўлиши, республика суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини муҳофаза қилиш, иқтисодий, сиёсий, маънавий, маърифий соҳаларга оид қонунлар, таълим соҳаси ва ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий тамойиллари, ёшларнинг маънавий, маърифий, жисмоний камолотининг ҳуқуқий асослари билан боғлиқ.

Шу билан бир қаторда, давлат ва ҳуқуқ асосларига оид билим, кўникма ва малакалар юзасидан қуйидаги фикр­ларни билдириб ўтиш лозим. Ҳуқу­қий таълимда ҳуқуқбузарлик ва унинг оқибатлари учун ёшига қараб боланинг ўзи ёки унинг васий ҳамда ҳомийси жавобгар бўлиши маcала­ларини алоҳида белгилаб қў­йиш мақсадга мувофиқ бўлиб, бу ёшлар ўртасида ҳу­қуқ­бузарликлар содир этилишининг олдини олишга, болаларни қонунга итоаткор этиб тарбиялашга хизмат қилади.

Вояга етмаганларнинг ҳу­қу­қий таълимини самарали ташкил этишда Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 7 август­даги «Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш тўғ­рисида»ги Қарори ҳам муҳим аҳамият касб этади. Мазкур қарор билан давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларининг айрим фанлар чуқур ўрганиладиган уч тури белгиланган: айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар, шунингдек, футбол бўйича ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар. Бизнингча, келгусида давлат ва ҳуқуқ асосларига, ҳуқуққа ихтисослашган синфлар тузиш амалиётини ҳам жорий этиш мақсадга мувофиқдир.

Шунингдек, умумтаълим мактабларининг 2-9-синф ўқувчилари учун ўтиладиган тарбия­вий соатлар мавзуларини таҳлил қиладиган бўлсак, уларда асосий эътибор йўл ҳаракати қоидаларига қаратилган. Гарчанд, тарбиявий соатлардан кўзланган мақсадлардан бири ўқувчиларни тартиббузарлик, тамаки чекиш, спиртли ичимликлар истеъмол қилишнинг зарари ҳақида огоҳлантириш бўлса-да, ўтиладиган мавзулар доирасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалалари етарли даражада қамраб олинмаган. Умумий ўрта таълимнинг барча синфларида Конститу­ция­га бағишланган дарслар борлиги эътиборга лойиқ. Ам­мо аксарият мавзулар йўл ҳаракати қоидалари билан боғлиқ бўлиб қолган. Шу боис, фикримизча, умумтаълим мактабларида ўтиладиган тарбиявий соатларда айнан қонунга итоаткорликнинг мазмун-моҳиятини, жамият ва давлат та­рақ­қиё­ти учун аҳамиятини кўрсатиб берадиган мавзуларни кўпайтириш зарур.

Мухтасар айтганда, юқорида таклиф қилинаётган янгиликларни жорий этиш, шу жумладан, «Давлат ва ҳуқуқ асослари» фанини ўқитишни эртароқ, масалан, 5-синфдан бошлаш ва дарс соатларини юқори синфларга ўтган сари ошириб бориш вояга етмаганларни юксак ҳуқуқий маданиятли этиб тарбиялашга, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга, қонунийликни мус­таҳкам­лашга хизмат қилади.

Санжар МАВЛОНОВ,

Қашқадарё вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: