Home / Тавсия этимиз / Ҳуқуқингиз ҳимояланганига ишончингиз комилми?

Ҳуқуқингиз ҳимояланганига ишончингиз комилми?

Мамлакатимизда фуқароларнинг меҳнат манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан биридир. Бу соҳада бугун кенг кўламли ислоҳатлар амалга оширилаётгани ҳам сир эмас.


Касаллик варақаси, меҳнат таътили ва тушлик вақти

Чуқур ислоҳотлар олиб борилаётган бўлса-да, ҳалигача ҳуқуқий маданиятнинг етишмаслиги аҳолининг кўплаб муаммоларга дуч келишига сабабчи бўлмоқда. Фуқароларнинг меҳнат фао­лияти давомида билиб-билмай ҳуқуқий меъёрлар бузилмоқда. Ҳатто касаллик варақаси олиш, меҳнат таътилига чиқиш тартиби юзасидан юртдошларимизни қизиқтирадиган масалалар ҳам бор.

Меҳнат кодексининг 285-моддасида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси касал бўлинганда, меҳнатда майиб бўлган ёки бошқача тарзда шикастланганда, шу жумладан, турмушда жароҳатланганда, оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилганда, карантин эълон қилинганда, санаторий-курортда даволанганда ва протез қилинганда тўланади, дейилади.

Агар фуқарога тўланаётган нафақа ҳамкасблариникидан фарқ қилса, буни тўғри қабул қилиш керак. Бунда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси меҳнатда майиб бўлиш ва касб касаллигига чалинганда иш ҳақининг тўлиқ миқдорида, бошқа ҳолларда эса, ходимнинг давлат ижтимоий суғуртаси бадалларини тўлаган муддатига (умумий иш стажига), қарамоғидаги вояга етмаган болаларининг сони ва бошқа ҳолатларга қараб, иш ҳақининг олтмиш фоизидан юз фоизигача миқдорда тўланиши белгиланганини тушунишнинг ўзи етарли.

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасининг энг кам миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан оз бўлмаслиги ва нафақа ҳисоблаб чиқариладиган иш ҳақи миқдоридан ортиб кетмаслиги лозим.

— Мен ишлаган компанияда ҳомиладорларни ишдан бўшатиш ҳолларига гувоҳ бўлганман, — дейди жиззахлик Гулчеҳра Обидова. — Бунга қонунчилик йўл қўядими? Шундан сўнг одамларда ишончсизлик пайдо бўлган ва норозиликлар билдирилган. Аммо буни инобатга олишмаган. Биз эса ҳалигача ҳақ-ҳуқуқимизни тўлиқ билмаймиз.

Аслида ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиниши мумкин эмас. Агар корхона бутунлай тугатилаётган бўлса, шундай қилиниши мумкин. Лекин бундай ҳолларда ҳам меҳнат шартномаси ишчиларни албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади. Мазкур аёлларни ишга жойлаштиришни маҳаллий меҳнат органи уларни ишга жойлаштириш даврида қонун ҳужжатларида белгиланган тегишли ижтимоий тўловлар билан таъминлаган ҳолда амалга оширади. Бундай ҳолатлар Меҳнат кодексининг 237-моддасида аниқ кўрсатиб ўтилган.

Муддати тугагани сабабли меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳолларда ҳам иш берувчи ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатиб ўтилган аёлларни ишга жойлаштириши шарт. Ишга жойлаштириш даврида бу аёлларнинг иш ҳақи сақланиб қолади, бироқ бу муҳлат муддатли меҳнат шарт­номаси тугаган кундан бошлаб уч ойдан ошмаслиги керак.

— Бир неча йил олдин иш жойимдан белгиланган йиллик меҳнат таътилимни уч йил ололмаганман, — дейди Азиз Ортиқов. — Меҳнат таътили берарди, лекин ишга чақириб ишлатарди. Дам ололмасдан саломатлигим ёмонлашган. Ҳуқуқларимни ҳимоя қила олишимга ишончим комил бўлмагани учун ишдан бўшаб кетишга мажбур бўлганман.


Хўш, бу ҳолатда қандай чора кўриш керак?

Меҳнат кодексининг  тегишли моддаларига мувофиқ барча ходимлар, шу жумладан, ўриндошлик асосида ишлаётганлар, дам олиш ва иш қобилиятини тиклаш учун иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда йиллик меҳнат таътилларини олиши керак.

Ўн тўрт ёшга тўлмаган битта ёки ундан ортиқ болани (ўн олти ёшга тўлмаган ногирон болани) тарбиялаётган ёлғиз ота, ёлғиз онага (бева эркаклар, бева аёллар, никоҳдан ажрашганлар, ёлғиз оналарга) ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг хотинларига, 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлари бўйича уларга тенглаштирилган шахсларга, вояга етмаганларга хоҳишига кўра, ёзги ёки улар учун қулай бўлган бошқа вақтда берилиши қонун билан асосланган.


Ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилган бўлса, у кимга, қай тартибда мурожаат этиши мумкин?

Баъзан иш берувчи ва ходим ўртасида меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар, меҳнат шартномасида назарда тутилган меҳнат шартларининг қўлланиши юзасидан келишмовчиликлар ҳам бўлиши мумкин.

Ходим меҳнат низосини ҳал қилиш учун ўз хоҳишига кўра, меҳнат низолари комиссиясига ёки бевосита туман (шаҳар) судига мурожаат этишга ҳақли бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Давлат меҳнат инспекцияси фаолият юритади. Унинг асосий вазифаларига:

Инспекция фуқароларнинг меҳнат шароитлари хавфсизлигини таъминлашда меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга оширади. Ногиронларни ижтимоий муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига амал қилиниши ва улар учун зарурий меҳнат шароити яратилиши, манфаатдор вазирлик, идора ва жамоатчилик ташкилотлари билан бирга мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ва тўлиқ бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқади ва амалга оширади. Шунингдек, соҳа масалалари бўйича ишчилар ва иш берувчиларга, шу билан бир қаторда, тадбиркорлик субъектларига  маслаҳат ва услубий кўмак бериш ва ишлаб чиқаришда жароҳатланиш, бахтсиз ҳодисалар олдини олиш бўйича амалий фаолият олиб боради.

Маълумки, бугун ишсизликка бутун дунёда катта муаммо сифатида қаралмоқда. Шу сабабли баъзи мамлакатларда мигрантлар сони ошиб кетаётгани ҳам ҳақиқат.

Агар фуқаролар ишга жойлашишда кўмак олиш учун маҳаллий меҳнат органларига мурожаат қилган ва улар томонидан иш қидирувчи сифатида рўйхатга олинган бўлса, ишсиз деб эътироф этилади. Уларни ишсиз деб топиш тўғрисидаги қарор маҳаллий меҳнат органи томонидан улар иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган кундан эътиборан ўн биринчи кундан кечиктирмай қабул қилинади. Бироқ бирор киши меҳнат органларида рўйхатга олинган кундан бошлаб ўн кун ичида таклиф этилган мақбул келадиган ишни икки марта рад этган бўлса ёки рўйхатга олинган кундан бошлаб ўн кун ичида мақбул келадиган ишни қидириш мақсадида узрсиз сабабларга кўра меҳнат органига келмаса, ишсиз деб эътироф этилмайди. Ва меҳнат органига келмаган кундан бошлаб ўттиз календарь кун ўтганидан кейингина ўша фуқаро иш қидираётган сифатида қайта рўйхатдан ўтишга ҳақли бўлади.

Ишсизлик нафақаси ишсизларга маҳаллий меҳнат органида рўйхатга олинган биринчи кундан эътиборан ёзилади ва тўланади. Ишсизлик нафақаси кўпи билан ишдан ва иш ҳақидан маҳрум бўлган ёки узоқ танаффусдан кейин меҳнат фаолиятини қайта бошлашга ҳаракат қилаётган шахсларга ўн икки ойлик давр мобайнида йигирма олти календарь ҳафта даврида тўланади. Илгари ишламаган ва биринчи бор иш қидираётган шахсларга эса ўн икки ойлик давр мобайнида ўн уч календарь ҳафта тўланади.

Давлат ҳамиша фуқаролари манфаатини ҳимоя қилади. Аммо аҳоли ҳар доим ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқларини билавермайди.

— Педагогика соҳасини тугатганман, — дейди Ҳимоят Отабекова. — Узоқ вақт ишламадим. Лекин кейинчалик қаерга иш сўраб борсам, иш стажи сўрашди. Эшитишимча, мутахассислигимга талаб бор экан. Лекин негадир ишга олишни хоҳлашмайди.

Шу ўринда савол туғилади. Юртимизда қайси соҳада кадрлар етишмаслиги кузатилади?

Меҳнат бозорини ўрганиш натижаларига кўра бир қатор мутахассисларга талаб бор. Юртимиздаги давлат ва хусусий ташкилотлар тиббиёт, ахборот технологиялари (дастурчилар, тизим администраторлари), уй-жой коммунал хўжалиги (сантехник, механик, муҳандис, иситиш тизимлари, сантехника ва шамоллатиш ускуналари, иссиқлик, энергия ва сув таъминоти усталари, таъмирчи-слесарлар), қурилиш (газ, электр пайвандловчилар, дурадгорлар, кранчилар, ландшафт дизайнерлари) соҳаларида кадрлар етишмаслиги мавжуд. Қишлоқ жойларида, айниқса, агросектор (ветеринар, зоотехник, боғбонлар, агрономлар) ва соғлиқни сақлаш (жарроҳлар, умумий амалиёт шифокорлари, педиатрлар, стоматологлар)да кадрлар етишмаслиги сезилади.

Бугунги кунда айни муаммони ҳал этиш мақсадида кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Ёшларни хорижда ўқитиш, олий таълим муассасаларининг ҳудудий филиалларини ташкил этиш юзасидан чоралар кўрилмоқда. Бу каби саъй-ҳаракатларнинг натижасини эса вақт кўрсатади.

Инсон умри давомида меҳнат қилиш билан боғлиқ бўлади. Шу боис бу борада муаммолар бўлиши, тушунмовчиликлар юзага келиши ҳам табиий ҳол. Қонун ҳужжатлари ўз ўрнида ишласагина, муаммо ечимини топади. Сўнгги вақтларда юртимизда жадал олиб борилаётган ислоҳотлар вазирлик, ташкилот, идораларнинг иш ҳажми ошишига ҳам олиб келди. Шиддатли замондан ортда қолмаслик учун меҳнат қилувчилар ҳам белгиланган вақтдан ортиқча ишлашига тўғри келмоқда.


Муддатидан зиёд ишлашга қандай ҳақ тўланади? Қонун ҳужжатларида бу қай тартибда белгиланган?

Ходим учун белгиланган кундалик иш (смена) муддатидан ташқари ишлаш иш вақтидан ташқари иш ҳисобланади. Иш вақтидан ташқари ишлар ходимнинг розилиги билан қўлланиши мумкин. Бунда иш сменасининг муддати ўн икки соатдан иборат бўлса, шунингдек, меҳнат шароити ўта оғир ва ўта зарарли ишларда иш вақтидан ташқари ишларга йўл қўйилмайди. Шунингдек, уларнинг розилигисиз ҳомиладор ва 14 ёшгача фарзанди бўлган аёлларни жалб этиш ҳам мумкин эмас.

Иш вақтидан ташқари ишлар, дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланиши керак. Тўланадиган ҳақнинг аниқ миқдори жамоа шарт­номасида кўрсатилади. Агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланади. Байрам ёки дам олиш кунидаги иш ходимнинг хоҳишига қараб бошқа дам олиш куни бериш билан қопланиши мумкин. Ходимнинг илтимосига биноан иш вақтидан ташқари иш учун белгиланган иш вақтидан ташқари бажарилган иш соатларига тенг келадиган миқдорда дам олиш куни белгиланиши ҳам мумкин. Байрам ёки дам олиш кунидаги иш ёхуд иш вақтидан ташқари бажарилган иш учун бошқа дам олиш куни берилган тақдирда, бундай ишлар учун камида бир ҳисса миқдорда меҳнат ҳақи тўланиши кераклиги қонун билан белгилаб қўйилган.

Ташкилотларда ишчи, хизматчиларнинг манфаатларини ҳимоя этадиган касаба уюшмаси бўлимлари фаолият юритади. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиш учун давлатимизда Меҳнат кодекси ва бошқа бир қатор ҳужжатлар қабул қилинган. Келишмовчилик ёки тушунмовчиликлар бўлган тақдирда кимга мурожаат қилишни билсангиз бас.

Барно Мелиқулова,

журналист

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: