Home / Жиноят ҳақиқати ва адолати / Ўғрининг югургани қора курсигача

Ўғрининг югургани қора курсигача

Кеч кириб, қоронғи тушгач, тирик жон борки ошёнига ошиқади. Бундай пайт тунги сукунатни шаҳарларда машиналарнинг шовқини, қишлоқларда эса итларнинг ҳуриши бузади.

Овқатланиб бўлгач, телевизор кўриб ўтирган Мурод (исм-фамилиялар ўзгартирилган) итларнинг безовта акиллашидан хавотирга тушиб, кўчага отланди. Ташқарига чиқиб, энди сигарет тутатган ҳам эди, узоқдан дўпиллаган овоз эшитилди. Ҳайрон бўлиб қараб турди, яқинлашгандан кейин кимдир мол ҳайдаб кетаётганини билди. Шу пайт «Мурод, ўзингмисан?» деган овоз эшитилди.

– Ҳа! Ким у?

– Танимадингми?

У жавоб беришга улгурмади. Қоронғиликдан мол етаклаган Зиёдулла, ундан кейин Мамарайим кўринди. Молларни қаерга олиб кетишаётганини сўраган эди, «пастга, оғайнимизга бериб юбориш керак» деган жавобни олди.

Яқин келгач Зиёдулла бирга бориб келишни таклиф қилди. Унинг бу таклифи уйда зерикиб ўтирган Муродга ёқди-ю, тўсатдан миясига келган фикрдан ҳам ўзи чўчиб кетди. Шу сабабли шоша-пиша «ўғирланмаганми?» деб сўради.

– Нималар деяпсан? – норози оҳангда тўнғиллади Зиёдулла. – Бир танишимга сотиш учун бериб юбораяпман.

Бу гапдан хотиржам тортган Мурод уларга қўшилди. Мўлжалланган жойга боришганда уларни Бобур билан Жасур қарши олишди. Кўп ўтмай узоқдан машина чироқлари кўринди. «Нива» русумли автомашина экан. Ҳайдовчи йиғилганлар билан гаплашди-да, тўсатдан машинасини ўт олдириб кетиб қолди. Улар нима ҳақда гаплашишди-ю, нима учун машина қайтиб кетди, Мурод айланиб сув бўйига тушгани учун билолмади.

Бир маҳал бошқа  машина  пайдо бўлди. Молларни апил-тапил ортиб, Жасурнинг уйига олиб бориб қўйишди ва шу билан тарқалишди. Бир-икки кундан кейин Жасур иккала қорамолни қўшнисига сотиб юборди.

Орадан кўп ўтмай иккита қорамол ўғирлангани, эгалари қидираётгани ҳақида гап чиқди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг тезкор суриштируви натижасида мол ўғрилари қўлга олинди.

Маълум бўлишича, яйловда эгасиз ўтлаб юрган молларни кўрган Зиёдуллада уларни ўғирлаб сотиш режаси пайдо бўлади ва бу ҳақда Мамарайимга маслаҳат солади. Унинг розилигини олгач, икковлон яйловга бориб, икки молни ўғирлаб келишади.

Жиноят ишлари бўйича Денов тумани суди мол ўғриларига қилмишларига яраша жарима жазоси тайинлади. Бунда икки молнинг жабрланувчиларга тилхат асосида қайтарилгани ҳамда уларнинг судланувчиларга нисбатан даъвоси йўқлиги ҳам инобатга олинди.

Миржалол ЧОРИЕВ,

Денов тумани прокурорининг
катта ёрдамчиси

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: