Home /   / “Ўқишга киритиб қўяман!” деган кимсаларга ишонманг, улар аслида фирибгар

“Ўқишга киритиб қўяман!” деган кимсаларга ишонманг, улар аслида фирибгар

Олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари яқинлашгани сари ўзини “танка” ҳисоблаб, “ҳожатбарор” қиёфасига кириб олган кимсалар анча­йин ғимирлаб қолади. Мақсад – абитуриент йиғиш, иложи бўлса, танбаллик қилиб, мактабларда ҳаминқадар ўқиган, олийгоҳга кириш учун ўз билимига ишонмайдиган, аммо пули бор йигит-қизларни тўплаш. Абитуриентлар имтиҳонлардан бир-икки ой аввал йиғилса-ку, улар учун нур устига нур бўлади. Чунки ўтган давр ичида уларда “репетиторлик” қилиш имкони ҳам юзага келади-да.

Масалан, имтиҳон остонасига келган йигит ёки қизни алдаб, ўқишга киритиб қўйишларини айтиб, мўмайгина “кўк”и олинса, аввалроқ “қармоқ”қа илинганларидан бир неча ой давомида репетиторлик учун  3-4 миллион сўм ундириш ҳам мумкин бўлади. Аммо масаланинг чатоқ томони шундаки, ўша “ҳожатбарор”ларнинг абитуриентни имтиҳонларга пухта тайёрлаб, ўқишга кирита олишига кафолат йўқ. Уларга абитуриентларга қилган шунчаки репетиторлиги-ю имтиҳонга деб олинган мўмайгина пулдан бошқасининг деярли қизиғи йўқ. Яъни улар ўқишга киритиш баҳонасида керакли пулни жам­ғаради-да, кейин жуфтакни ростлаб қолишади – еру кўкдан уларнинг қорасини тополмайсиз.

Тўрткўллик Шерқўзи Ботиров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам ана шундай учарлардан бири экан. У ўқишга кириш учун олийгоҳ остонасига келган айрим йигит-қизлар ёки уларнинг ота-оналарига ушбу университетда ишлашини айтиб, “тўр” ташлаб кўради. Ўзини хушмуомала қилиб кўрсатиб, абитуриентларнинг шароитини билиб олади. Пуллари борлигига амин бўлгач эса уларни илинтиргунча ҳатто ўз пулини ҳам аямайди. Бирга овқатланишса, тушликни ёки кечки овқатни ўзининг ҳисобига ёзаверади.

Бундай такаллуфдан соддадил ота-она ҳам йиллар давомида йиққан бор-йўғини боласини ўқитиб олиш дардида бояги фирибгарнинг қўлига қандай тутқазганини билмай қолади. Пул беришдан олдин эса ноқонуний йўл билан ўқишга кириб, болам эртага ким бўлади, – деган савол хаёлига ҳам келмайди.

Фуқаро Сардор Ҳусанов ҳам шу саволни ўзига бериб кўрмади. Фарзанди Ўктамбойни Тошкент давлат педагогика университетининг жисмоний тарбия факультетига ўқишга киришида Шерқўзининг ёрдамига ишонди. Улар университетга киришни 8 минг АҚШ долларига баҳолашди. С.Ҳусанов келишилган сумманинг бир қисмини Ш.Ботировга тут­қазди. Аммо бу билан иш битмади. Шерқўзининг нафси ҳакалак отиб, қолганини ҳам тезроқ келтириб беришни сўрайди. С.Ҳусанов эса қолган пулни топа олмайди. “Ҳожатбарор” эса қолган пулни ҳам талаб қилаверади. Гап орасида эса қолганини бермаса, фарзанди ўқишга кирмаслигини, берган пуллари ҳам қайтарилмаслигини писанда қилади. Боши берк кўчага кириб қолганини ҳис қилган С.Ҳусанов ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат қилади. Департаментнинг Олмазор туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда Ш.Ботиров аризачидан талаб қилинган пулларни олган вақтида қўлга олинди.

Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди томонидан унга нисбатан ҳукм ўқилди. Унга кўра Ш.Ботиров 2 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Акмал ЭШБЕКОВ,

Департаментнинг Олмазор туман бўлими бошлиғи ўринбосари

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: