Home /   / Ўғирланган чигит

Ўғирланган чигит

Кенжабек (исм-фамилиялар ўзгартирилган) «Пахта тозалаш» АЖда тайёр маҳсулот ва логистика бўлими техник чигит товаршуноси бўлиб ишлайди. Жамиятда ишлаб чиқарилган чигитнинг ҳисоб-китобини юритиш, тарозиларнинг тўғри ишлашини назорат қилиш, маҳсулотнинг талабгорларга етказилишини ва сифатли сақланишини таъминлаш учун жавобгарлик Кенжабекнинг зиммасида эди.

Бир куни уни бошқа туманда яшовчи таниши Ботир йўқлаб келди.

Ботир анча йиллардан бери чорвачилик билан шуғулланади. Айни қиш пайти ем-хашак излаб келганди.

Салом-аликдан сўнг муддаога кўчди.

Аслида жамиятдан юк хатисиз маҳсулот чиқариш мумкин бўлмаса-да, Кенжабекка пул зарурлиги боис йўқ демади. «Ими-жимида ишни битирсам, ҳеч ким билмайди», — деб ўйлади.

— Майли, ем бераман, — деди.

— Нархи қандай бўлади? — деб сўради Ботир.

— Килосига 1,5 сўмдан берасиз.

— Менга маъқул. Неча тонна бўлсаям оламан. Эртага машина юбораман.

Ботир эртаси куни юк машиналари турадиган жойга борди. Уч-тўрт ҳайдовчи бор экан. Уларга иш борлигини, зарур ҳужжатлар асосида молларига ем олиб келиш кераклигини, танишлари бўлса чақиришини айтди. Ҳар бир ҳайдовчига 1 миллион сўмдан хизмат ҳақи ваъда қилиб, 11 та юк машинасини 3 та тиркамаси билан бирма-бир «Пахта тозалаш» АЖга жўнатди.

Ўзи ҳам уларнинг ортидан етиб келиб, Кенжабек билан учрашди.

Кенжабек бу ёқда ишни пишитди. Уларнинг жамият ҳудудига тўсиқсиз киришини таъминлаш учун гўё юк машиналари омборхонадан юк хати асосида маҳсулот олиб чиқиб кетишини қоровулга билдириб қўйди.

— Бўлди, ем ортишаяпти. Тайёр бўлгандан кейин чиқариб юбораман, — деб Кенжабек Ботирни хотиржам қилиб изига қайтарди.

Омбордан машиналарга умумий қиймати 115 687 186 сўмлик 96492 кг чигит ортилди. Энди ходимларнинг кетишини кутиш керак. Кенжабек бунинг ҳам йўлини топиб қўйган эди.

— Юк ҳужжатлари тайёр бўлмаяпти. Тайёр бўлгунча кутасизлар, — деб алдади.

Ҳайдовчилар овқатланишга чиқиб кетишди. Уларнинг ортидан Кенжабек ҳам чиқиб:

— Машиналарга маҳсулот ортилган, улар бугун шу ерда қолади, — деб чиқиб кетди.

Тун ярмидан ўтиб, соат 4:40 ларда ҳайдовчилар машиналарини олиб кетишга келди.

Чиқиб кетишида қоровул улардан юк хатларини сўради. Тайинли жавоб ололмагач, Кенжабекка қўнғироқ қилди.

«Уларнинг ҳужжатлари менда, қўйиб юбораверинг. Бир-икки соатда олиб бораман» деганидан сўнг машиналарга рухсат берди. Лекин Кенжабекдан дарак бўлавермади. Чиқиб кетаётган юк машиналари тарозида ўлчаниб, қайд қилиш дафтарига ёзилмагани қоровулда шубҳа уйғотди. У бўлган воқеа ҳақида катта қоровулга хабар берди.

Йўлга чиққан машиналардан иккитасини ИИБ ЙҲХБ ходимлари тўхтатди. Юк ҳужжатларини тақдим қилолмагач, жарима майдончасига қўйишди. Бундан хабар топган Ботир Кенжабекка қўнғироқ қилиб уларга ҳужжат қилиб беришини сўради.

Кенжабек кўп куттирмади. Юк машиналарининг рақамини сўраб, жамиятнинг қатъий ҳисобида бўлган товар-транспорт юк хатларини қалбакилаштирди. Сохта маълумотлар киритиб, ИИБ ЙҲХБ ходимларига тақдим қилиш учун жиноий шериги Ботирга етказди.

Ботир сохта ҳужжат билан машиналарни жарима майдончасидан чиқаришга эришди.

Кўп ўтмай Кенжабекнинг қилмиши ошкор бўлди. У Ботирдан олган пулини жамиятга тўлади.

Судда жамият ҳуқуқшунос-маслаҳатчиси етказилган зарар тўлиқ қопланганини, жамиятнинг судланувчиларга нисбатан даъвоси йўқлигини баён қилди.

Суд ҳукми билан Кенжабек Назировга 40 546 000 сўм жарима жазоси ҳамда ойлик иш ҳақининг 30 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йилу 5 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Ботирга 44 600 600 сўм жарима солинди.

Умиджон ҲАКИМОВ,

Самарқанд  вилояти прокуратураси бўлим АМИБ катта терговчиси

Назиржон ШУКУРОВ,

вилоят прокуратураси бўлим АМИБ терговчиси

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: