Home / Тавсия этимиз / Тузфуpуш мaнқуpт

Тузфуpуш мaнқуpт

У яқинлари билан онасидан қолган, ўзи оиласи билан яшаётган кўп қаватли уйдаги иккала квартирани сотиб пулига биронта ҳовли олиш ҳақида маслаҳатлашди. Ўзларига тинч акалари, опаси ва синглиси жуда соз ўйлабсиз дея маъқуллашди. Мерос – биринчи қаватдаги бўш турган хонадонни бир неча йил аввал шаҳар ҳокимлигида бирга ишлаган, кейинчалик ош тузини қадоқлаш корхонасини очган тадбиркор сотиб олмоқчи бўлди.

Қўнғироқ қилди. «Дадам билан бориб кўрайлик», – дейишди. Кечки пайт ишдан кейин Олимжон (исм-фамилия­лар ўзгартирилган) ота-болани кутиб олди. Шаҳар марказида, эскича андозада қурилган, кенг хоналарининг шифти баланд хонадон бир пайтлар Марказий универсал магазиннинг директори бўлиб ишлаган Шарифнинг отасига ҳам маъқул тушди. Нархини келишиб олишди. Эртаси куни Шариф «Ака, пулнинг ярми нақд, қолганини бир ойга қолдирмай бераман» деди. Олимжон бирга ишлаган, укасидай бўлиб қолган йигитнинг лафзига ишонди. Нотариал идорада олди-сотди шартномасини имзолаб, хонадон калитини берди. Шариф уйни таъмирлади. Янги деразалар ўрнатди. Хотини Ойсара билан бирга тура бошлади.

Орадан бир ой ўтди. Олимжон уйнинг қарзини сўраб келганида уч-тўрт кунда ўзим элтиб бераман дея кўнглини хотиржам қилди. Олимжон қизларини турмушга узатган, ҳовли олиб, университетни битириб ишлаётган кенжа ўғлини уйлантирмоқчи эди.

Шаҳардаги сотиладиган ҳовлиларни бориб кўрди. Таниш йигитнинг уйига харидор бўлди. Унга Шарифдан олган 14 минг АҚШ долларини берди. Олди-сотдини қолган пулни тўлаганидан кейин расмийлаштиришга келишиб олишди. Бироқ Шарифдан дарак йўқ эди. Қўнғироғига жавобан «Фирмамиз касодга учради, қурилиши тугалланаётган кўп қаватли уйда улушим бор, олган заҳоти қарзимни узаман» деб тағин аравани қуруқ олиб қочди. Орадан яна бир ой ўтди. Ҳовлининг эгаси хонадонига кириб келди.

– Ака, сиздан кейинги харидорларни уй сотилган деб қайтараяпман. Қолган пулни бериб уйни олсангиз олинг.

– Яна бироз сабр қилинг.

– Ортиқ кутолмайман.

– Бўпти, сизни бекор боғлаб қўйибман, харидорни қайтарманг.

Олимжон ичидан зил кетди. Олдиндан бериб қўйган пулни қайтариб олишга мажбур бўлди. Шариф эса турли баҳоналарни қалаштириб орадан бир йил ўтиб кетса-да, қолган 14 минг долларни бермай юраверди. Олимжон  опасига ёрилди. Мунисахон оқизмай-томизмай акасига етказди.

– Эй ярамас-эй, шунча пайт алдаб юрибдими? – деди Одилжон бўғилиб. – Тилхат ёздириб олганмикан?

– Ваъдасига ишонибди-да…

Одилжон келаси куни саҳарда қарзини «тузлаб» қўйган тузфурушнинг  деразасини чертди.

– Келинг, ака, – Шариф кўчага чиқди. – Уйга юринг.

– Шу ерда гаплашамиз. Укам Олимжонга қарзингизни қачон берасиз?

– Узоғи билан бир ҳафтада ўзим учрайман.

– Бу ёққа юринг-чи, – Одилжон уни кўчанинг нариги юзидаги адвокатурага бошлади. Йўлакдаги столга ўтирғизиб, қўлига оқ қоғоз билан ручка берди. У «Мен, Шариф Сайрамов, Олим ака Иномжоновдан сотиб олган хонадоннинг берилмай қолган пули – 14 минг АҚШ долларини бир ҳафтада тўлайман» деб тилхат ёзиб, сана ва имзо қўйди. Одилжон тилхатни Олимжонга элтиб берди. Орадан ўн кунча ўтиб қўнғироқ қилди. Тузфуруш  тағин алдабди, сотилган уйнинг қолган пулини бермабди.

Олимжонга синглиси қўнғироқ қилди: «Шарифнинг отасининг уйини суриштириб билдим. Бориб айтайлик, йўлга солар». Отаси ўзини гўлликка солди. «Ҳалиям бермабдими? Тўлаб қўяди», – дея ваъдани қуюқ қилиб кузатиб қўйди. Кейинги гал боришганида эса мен ҳеч нимани билмайман дея тўнини тескари кийди. Ота-бола бир гўр, манқуртлик болага отасидан юққан экан.

Орадан беш йил ўтди. Шариф бир-икки мингдан бўлиб-бўлиб қарзини бериб турди. Майдалаб қайтарилган пулнинг баракаси учди. Олимжон ҳовли ололмади. Ўғлини уйлантираётганида Шариф қарзнинг яна бир қисмини берди. Бундан ташқари Олимжон тўй харажатлари учун банкдан кредит олди. Никоҳ тўйидан сўнг Шарифдан қарзининг қолганини беришни талаб қилди. У яна пайсалга солди. Олимжон кўксидаги оғриққа чидай олмай  шифокорга учради. Дастлабки таҳлилларни кўздан кечирган врач онкология  шифохонасида даволанишни маслаҳат берди. Шифохонада ўпкасида ўсимта борлигини аниқлашди. Саратон касалини даволаш учун кимё терапиясини қўллашди. Даволашни уйида давом эттиришди. Дори-дармон фалон пул. Шариф қолган қарзини яқин орада тўлаши даргумон эди. «Фуқаролик судига ариза бериш керак», – деди Олимжонга акаси Одилжон.

Кундан кунга ҳолсизланиб бораётган Олимжон акаси билан фуқаролик судининг иккинчи қаватига аранг кўтарилди. Судда Шариф 2300 доллар қарзи қолганини тан олди-ю…

– У пайтда долларнинг сўмга нисбатан қиймати икки баробар паст эди, – деди безрайиб иймонини пуллаб юборган манқурт.

– Нимага ўшанда ўн тўрт мингни ўша қийматда тўламадинг? Бир ойда қилиб бераман деб беш йил алдаб келган ким! – Олимжон унга тикилди. У кўзини олиб қочди.

– Ака ростгўй, инсофли экан, – деди ёш судья. – Даъво аризасига тилхатдаги ўн тўрт минг қарзингизни ёзиб берганида нима қилардингиз?

– Қарзимни тўлаб бераман, – деди Шариф.

Орадан йигирма кун ўтиб кучга кирган суд қарори МИБнинг шаҳар бўлимига келиб тушди. Бироқ… Бир ойга етмай тонг саҳарда Олимжон  оламдан ўтди. Таъзияга келган, ҳамдард бўлиб бевақт вафотининг сабабини сўраганларга Одилжон «Тангри берган умри шу экан-да» деди. Шариф қорасини кўрсатмади. Рўбарў келганида соғ қўймасди.

Исроил Иброҳимов,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: