Home /   / Тўлов интизоми — иқтисодиёт ривожининг муҳим омили

Тўлов интизоми — иқтисодиёт ривожининг муҳим омили

Бугунга келиб суд ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижросини таъминлашга, жа­миятда энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва ҳисоб-китобларни ўз вақтида амалга ошириш муҳитини ҳамда энергия ресурсларини талон-торож қилиш ҳолатларига нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу мақсадда Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Маж­бурий ижро бюросининг Тошкент шаҳар бошқармаси органларининг мутасадди ходимлари иштирокида соҳада амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар мунтазам равишда муҳокама қилиниб, йўл қўйилган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Хусусан, Республика турар жой ва нотурар жой фондини инвентаризациядан ўтказишга оид ташкилий тадбирларни белгилашга доир қўшма фармойиш ижроси юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси, Бюронинг шаҳар бошқармаси ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда пойтахтда турар ва нотурар жой фондини инвентаризациядан ўтказиш бўйича ишчи гуруҳлар тузилиб, бу борада амалга оширилган ишлар ўзининг самарасини кўрсатмоқда. Жумладан, Бюронинг Тошкент шаҳар бош­қармаси ва туман бўлимларининг иш юритувидаги 7,5 триллион сўмдан ортиқ 831 мингга яқин ижро ҳужжатидан 6,5 триллион сўм­лик 607 мингдан ортиғининг ижроси таъминланиб, шундан 3 триллион сўмга яқин пул маблағлари амалда ундирилди. Шунингдек, 2018 йил якунига кўра, 598 минг­дан ортиқ истеъмолчининг турар ва нотурар жой фонди хатловдан ўтказилиб, табиий газ бўйича ҳисоблагич мавжуд хонадонлардан 103 821 тасига, электр ҳисоблагич мавжуд хонадонлардан 165 072 тасига тамғалар ўрнатилди.

Истеъмолчилардан 130 102 нафарига замонавий технологиялар асосида автоматик тарз­да ишлайдиган, АСКУЭ тизимига уланган ҳисоблагичлар ўрнатилган.

Мазкур ҳисоблагичлар ўз нав­батида, истеъмолчиларнинг дебитор қарздорлигини камайтириш, тўлов интизомини мус­таҳкамлашга ижобий таъсир этмоқда.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳри бўйича электр энергияси ва табиий газдан фойдаланилганлик учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаганлиги натижасида юзага келган 346 миллиард сўмлик қарздорликни бартараф этиш юзасидан 537 мингдан зиёд жисмоний ва юридик шахсларга талабномалар берилди. 26 минг­дан ортиқ юридик шахсларнинг электр энергияси ва табиий газдан дебитор қарздорлигини камайтириш бўйича уларнинг банкдаги ҳисоб рақамларига 868 миллиард сўмдан зиёд инкассо топшириқномалари юборилди.

Шунингдек, ҳисоб-китобларни ўз вақтида амалга оширмаган, ноқонуний равишда тармоққа уланган ва энергия ре­сурс­ларини талон-торож қилган 20 мингга яқин юридик ва жисмоний шахслар электр энергия­си ва табиий газ тармоғидан узилди. Табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузган       1 минг нафарга яқин истеъмолчига 566 миллион сўм, электр энергияси бўйича 1 минг 300 дан зиёд истеъмолчига 652 миллион сўм­дан ортиқ маъмурий жарималар қўлланилди.

Бундан ташқари, ўтказилаётган хатлов жараёнида 2 301 та ҳолатда электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатлари аниқланиб, айбдор шахслар жавобгарликка тортилди. Ҳуқуқ­­бузарлик ҳолатлари юзасидан 8,6 миллиард сўмлик зарардан 5 миллиард сўмдан ортиғининг ундирилиши таъминланди.

2018 йилнинг январь-декабрь ойларида ўтказилган тадбирлар давомида жами 34 та, шу жумладан, энергия ресурсларини талон-торож қи­лиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 185-2-моддасига асосан 15 та жиноят иши қўзғатилиб, 19 та ҳо­латда етказилган зарарлар қопланганлиги сабабли, жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақидаги қарорлар қабул қи­линди.

Жумладан, Бюронинг Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари томонидан Чилонзор туманида ўтказилган текширувда «Grand Toffee MS» МЧЖ таъсисчиси Ж.Носировга тегишли уйда умумий фойдаланишдаги водопровод тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, ноқонуний фойдаланиб келинаётганлиги натижасида 20 миллион 821 минг сўм зарар етказилганлиги аниқланди.

Шунингдек, Бюронинг Учтепа туман бўлими ходимлари томонидан фуқаро Б.Ибрагимов истиқомат қилувчи Учтепа туманидаги хонадонда электр энергиясидан фойдаланиш ҳолати текширилганда, истеъмолчи кўзга кўринмас мослама орқали электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келганлиги маълум бўлди. Туман электр таъминоти корхонасининг қайта ҳисоб-китоб маълумотномасига кўра, Б.Ибрагимов электр энергиясидан 2015 йил 10 октябрдан 2018 йил 10 октябргача ноқонуний фойдаланиб келганлиги натижасида корхона манфаатларига 28 миллион 862 минг сўм миқдорида моддий зарар етказган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан айбдор шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК­нинг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилди.

Мухтасар қилиб айтганда, қонун ҳужжатлари устидан назорат аввало, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Шунингдек, қонун устуворлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш тараққиётнинг муҳим омили бўлибгина қолмай, ҳаётимизнинг янада фаровон бўлишига ҳам хизмат қилади.

Элбек ИНАМДЖАНОВ,

Тошкент шаҳар прокурорининг ўринбосари

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: