Home / Жиноят ва жазо / Тўкис турмушга қаноат қилмаган аёл қўли қонга ботди

Тўкис турмушга қаноат қилмаган аёл қўли қонга ботди

Нурмат (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2011 йили Сайхун маҳалласида қурилган намунали уйга оиласи билан кўчиб келди. Дастлаб ҳаммаси яхши эди. Нурмат энг сўнгги русумдаги машинасида таксичилик қилади. Турмуш ўртоғи Моҳира туман тиббиёт бирлашмасида ҳамшира. Бир қиз, бир ўғил камол топаётган бу оила бир қарашда бекаму кўстдек эди.

2014 йили уларга қўшни бўлиб қарама-қарши томондаги уйга Мансур оиласи билан кўчиб келди.

Кейинги йили баҳорда Мансур уйининг орқа томонида ер чопаётганди, турмуш ўртоғи Нигина қизчасини олиб кўчага чиқди. Бу пайтда қўшни Моҳира ҳам кўчада эди. У Нигинанинг қизини кўтариб кўча бошигача бориб келди. Нигина қизни қўлга олганда ундан қўшни аёл атирининг ҳиди анқиб турарди. “Шунчалик ҳам ҳиди ўткир бўладими?” деб хаёлидан ўтказди аёл.

Ўша куни кечки пайт чиқиндиларни ташлаб келган Мансурдан худди шундай атир иси келаётганини сезиб қолди.

— Сиздан қандай ҳид келаяпти, аёллар атирининг ҳидими? — деб сўради.

Мансур сир бой бермай, аёлини уришиб ташлади. Нигина бу ҳақда қайтиб сўрамади, лекин ичига ғулғула тушди. Ундан шубҳаланиб қолди. Шуб­ҳа-гумонлар икки аёлни мушт­лашишгача олиб борди. Рўз­ғорни бутлайман деб кўпинча уйида тунамайдиган Нурмат аёлининг қилмишларидан хабарсиз эди.

Айрим боши очиқ аёллар меҳнатдан қочиб, “тирикчи­лик”­нинг енгил-елпи йўлини танлайди. Ўзини ана шу ҳаётда бахтли ҳис қилади. Аммо Моҳира сингари тўкис турмушига қаноат қилмай, остонасини наҳс бостириб, умр йўлдошининг кўзини шамғалат қи­либ, айшини сураётганларни нима дейишга ҳайронсан киши. Бу “ошиқ-мошиқ” қўшнилар вақтида этагини йиғиштириб олмади.

2018 йилнинг ёзи эди. Мансур кеч бўл­ганда уйига маст бў­либ келди. Телевизор кўриб ўтирган хотини дарров ўзи­ни ухлаганга солиб ётиб олди. Мансур учун қулай фурсат бўлди, индамай уйдан чиқиб кетди. Зимдан кузатиб юрган Нигина деразадан қараб, эрининг қўшниникига кириб кетганини кўрди.

Нигинанинг хўр­лиги келди, жаҳли чиқди. Миясида чарх ураётган хаёллар уни қўш­ниникига бошлади. У жаҳл билан кириб борганда Моҳира тунги кийимда, эри эса ярим ялан­ғоч ҳолда ўтирарди. Аёлнинг фиғони фалакка чиқди…

Нигина эрининг аврашларига ишонди ёки фарзандларини тирик етим қилмаслик учун ҳаммасига кўз юмишга қарор қилдими…

Эл оғзига элак тутиб бўл­майди. Қўшнилар ўртасидаги ишқий муносабат ҳақидаги гаплар маҳалладан чиқиб, Моҳиранинг ишхонасигача етиб борди.

Маҳалладаги гап-сўзлар Нурматнинг кўнглини совутди.

Бир куни у Мансурни уйидан чиқаётганда тутиб олди. Оғиздан-оғизга ўтиб юрган мишмишлар ўз исботини топганди. Шунча пайтдан бери алданиб юрганини билган Нурматнинг қони қайнади. Унга қарата тош отди. Қўшни эркак белига тош текканига қарамай, ўзи қўлга тушиб қолмаганидан хурсанд бўлиб қочиб кетди.

Нурмат уйга кириб, хотинининг юзига мушт туширди…

— Ҳеч ким келгани йўқ, — деб тан олмади Моҳира.

— Телефонингдаги кириш-чиқиш қўнғироқлари тарихини кўрдим. Кечалари гаплашгансизлар, — деди.

— Йўқ, гаплашмаганман, исботингиз йўқ, — деб туриб олди Моҳира.

— Овозларингни ҳам ёздириб келаман, исбот қиламан, — деди.

Отдан тушса ҳам эгардан тушмайдиган Моҳира без бўлиб тураверди.

Ўша кунлари қайнонаси билан қайнукаси келди.

— Кўзингга нима қилди? — деб сўрашди улар.

— Ҳўкиз сузиб кетди, — деди келини кўкарган кўзини яшириб.

Мишмишлар уларнинг ҳам қулоғига чалинганди. Бақир-чақир қилиб Мансурникига ўтишди. Дарвозани Нигина очди.

— Аввал келинингизни йиғиштириб олинг. Эримга телефон қилиб ҳоли жонига қўй­майди. Мана жанжал қилиб машинани, дарвозамизни пачоқлаган, — деб дарвозани кўрсатди.

Нурмат Мансурга қўнғироқ қилиб, ҳақорат қилди.

— Уйга кел. Гаплашиб оламиз, — деди.

Мансур ёлғиз келмади. Профилактика инспектори, маҳалла раиси ва посбонни бошлаб келди. Муштлашиб кетган қўшниларни шу ердагилар ажратиб қўйди. Инспектор уларни туман ИИБга олиб кетди, бўлган ҳолатни сўрашди.

Мансур Моҳира билан муносабатларини тан олмади. Нурматга нисбатан ҳам даъвоси йўқлигини айтди.

Шундан сўнг уйига маҳалладан кампирлар ва туман хотин-қизлар қўмитасидан вакиллар келди.

— У билан муносабатларимни тугатдим. Фақат у мени тинч қўйса бўлди, — деди Мансур.

Улар “Моҳира билан ҳам гаплашамиз” деб чиқиб кетишди.

Моҳира дастлаб уларни уйи­га қўймади.

— Мен ҳеч қандай ахлоқсизлик қилмаганман, — деб қилмишларини тан олмади.

Маҳалла раиси бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун улар билан бир неча марта суҳбатлашди. Аммо бу танбеҳлар уларга кор қилмади.

Нурмат ортиқ чидай олмади. Қайноғасига қўнғироқ қилиб, “жиянингизни олиб кетинг, у билан бошқа яшамайман” деб айтди.

— Бундай ишлар мен билан ҳал бўлмайди. Қайнотангизга хабар бериш керак, — деди у киши.

Нурмат қайнотасига қўнғироқ қилиб, бўлган воқеалар ҳақида айтиб берди.

— Шу масалани бир ёқли қилиб кетинг, — деди.

У киши маҳаллага чақиришганда ҳам келмаганди.

Орадан уч-тўрт кун ўтиб Моҳиранинг отаси, амакиси, аммаси ва аммасининг ўғли Азиз келишди.

— Қизим, нимага бундай ишлар қилиб юрибсан? Нима бўлди ўзи? — деб сўради ота.

— Мен ҳеч қандай ёмон иш қилмадим.

— Агар ҳеч нима қилмаган бўлсанг, нега номинг булғанди? Шунча гап қаёқдан чиқди?

Моҳира отаси билан тортишиб қолди. Жазавага тушиб хонадан чиқди. Ошхонага ўтиб, пичоқ олди-да Мансурнинг уйи­га югурди.

Бу пайтда Нигина икки боласи билан овқатланаётганди. Мансур диванда ухлаб ётганди. Аксига олиб ўша куни Нигина дарвозани қулфламаган экан.

Моҳира бақириб келиб, Мансурга пичоқ санчди.

Бу ваҳшийликка гувоҳ бўлиб турган болалар бақириб йиғлай бошлади. Нигина бир зум қотиб қолди, кейин ҳушини йиғиб Моҳирага ташланди, қўлидан ушлаб, пичоқни олишга уринди.

Унинг пичоқ олиб чиқиб кетаётганини кўрган Азиз хавотирланиб кириб келди ва Моҳиранинг қўлидан пичоқни тортиб олди. Аёлни уйдан чиқариб кетди.

Нигина қайнукасига қўнғироқ қилди. Кўп ўтмай тез ёрдам машинаси келди. Шифокорлар Мансурнинг йўлда вафот этганини айтишди.

Суд ҳукми билан Моҳира Акрамова 13 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Асомиддин САЙПИДДИНОВ,

Самарқанд вилояти прокуратураси бўлим бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: