Home / Жиноят ва жазо / ТУБАНЛИК ёхуд айбсиз гўдак қисмати

ТУБАНЛИК ёхуд айбсиз гўдак қисмати

Аввало бир ҳолатга алоҳида урғу беришни истардик. Бу биринчи галда турмуш ўртоғи билан ажрашиб, алимент тўлаётган оталарга тегишли. Айтмоқчимизки, алимент хотин учун эмас, ўз пушти камарингиздан бўлган фарзанд учун тўланади.

Хотинга жаҳл қилиб пул тўлашдан бўйин товлаш, ҳийла ишлатиб фарзандининг ҳақини поймол қилиш эркакнинг иши эмас. Аллоҳ оталик бахти билан сийладими, бунга шукур қилиб яшаш керак. Келишмовчилик туфайли ажралишга тўғри келса, ота бўлмиш алиментни ўз вақтида, чин дилдан адо этиши лозим. Агар имкони бўлса, фақатгина алимент тўлаш билан чекланмай, фарзандининг бошқа эҳтиёжларини ҳам вақтида қондириб, бировга муҳтож бўлишига ҳожат қолдирмаслик керак. Аммо, афсуски, орамизда оталик бурчини бажариш ўрнига жиноятга қўл урган кимсалар ҳам учраб турибди.

* * *

Тўйдан кейин бир ой ҳам ўтмасдан уларнинг ширин турмушига дарз кетди. Эр бўлмиш Равшан (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳуда-беҳуда уруш қиладиган, хотинининг ота-онаси ажрашиб кетганини юзига соладиган бўлди. Кўп ўтмай қўл кўтаришдан ҳам тап тортмади. Роҳила ҳомиладор бўлса-да, барчасига чидади. Ўзи отасиз ўсгани учун фарзанди ота меҳридан мосуво ўсишини хоҳламади.

2018 йилнинг ёзида ўғилли бўлишди. Аммо фарзанднинг туғилиши ҳам оилага илиқлик олиб келмади. Уруш-жанжаллардан безор бўлган Роҳила охири боласини олиб ота уйига кетиб қолди. Бироз муддатдан сўнг эса фарзандининг таъминоти учун алимент ундириш мақсадида судга ариза берди. Суд унинг даъвосини қаноатлантирди ва 2019 йилнинг апрель ойида фарзанди уч ёшга тўлгунча Равшандан ҳар ойда топган даромадининг 70 фоизини алимент тариқасида тўлаб бориши ҳақида қарор чиқарди.

Айтмоқчи, «Гумон иймондан айирар» деганларидек, ўша кезларда Равшанда бола ўзиники эмаслиги ҳақида шубҳа пайдо бўлганди. Устига-устак, унга алимент ҳам қўшилиб, ўзини қўярга жой тополмай қолди. Шундай бўлса-да, май ойида фуқаролик судига мурожаат қилди ва онасининг иштирокида ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари ўғли билан икки соатга кўришиш тартиби белгиланишига эришди. Бироқ фарзандини кўришга ҳеч бир монелик бўлмагани ҳолда, унинг ҳолидан хабар олишга унчалик ошиқмади.

Фақат июнь ойига келибгина эрта билан қайнонасининг остонасида пайдо бўлган Равшан хотинини чақириб, уни боласи билан айлантириб келмоқчилигини айтган эди, Роҳила уйда ишлари кўплиги туфайли рози бўлмади. Шунда Равшан нонушта қилмаганини айтиб, бир пиёла иссиқ чой олиб чиқиб беришини илтимос қилди. Роҳила чой олиб чиққанда эса ота-бола ғойиб бўлишган эди.

Она бояқиш аввалига нима қилишини билмай қолди. У ёқ-бу ёққа югурди, улар кўринишмагач, шоша-пиша қайнотасига қўнғироқ қилди. Кейин МФЙ раиси билан профилактика инспекторига воқеа ҳақида хабар берди…

Бу пайтда Равшан ҳали бир ёшга ҳам тўлмаган ўғилчасини кўтарганча Шимолий Фарғона канали томон йўл олганди. Шу тобда унинг хаёлидан нималар кечгани фақат ўзига ва Аллоҳгагина аён. Каналга етиб келгач эса тўсатдан нималар бўлаётганини идрок этишга-да ожиз гўдакни сувга отиб юборди. Мавжланиб оқаётган сув зумда болани домига тортиб кетди…

Кўп ўтмай фарзандининг гулдек умрига зомин бўлган Равшан отаси билан Наманган шаҳар ички ишлар бошқармасига борди ва айбига иқрор бўлиб, бор гапни айтиб берди.

* * *

Жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти суди Равшан Тоировга 18 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Шунингдек, тайинланган жазонинг дастлабки икки йилини турма режимида, қолгани қисмини умумий тартибдаги колонияларда ўташи белгиланди.

Лазизжон БАРАКАЕВ,

Бош прокуратура бошқарма катта прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: