Home /   / Tубaнлик бoтқoғи ёхуд борса келмас йўл

Tубaнлик бoтқoғи ёхуд борса келмас йўл

Бирлашган миллатлар ташкилоти цивилизациянинг асосий таҳдидлари – ядро уруши ва экологик фалокат қаторига гиёҳвандликни расман қўшгани бежиз эмас. Чунки наркотик моддалар истеъмоли турли жабҳалардаги миллий манфаатларни рўёбга чиқаришга кучли таъсир қилади. Демографик ва ижтимоий хавфсизликка зарар етказади. Шу боис БМТ Бош ассамблеясининг 1987 йил 7 декабрдаги резолюциясига биноан ҳар йили 26 июнь Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни сифатида нишонлаб келинмоқда.

Айни кунларда аср вабосига айланган гиёҳвандликка қарши курашиш жамият олдида турган муҳим вазифадир. Гиёҳвандлик воситаларининг катта миқдорда етиштирилаётгани ва сайёрамиз бўйлаб шиддат билан тарқалаётгани келажаги учун қайғурадиган ҳар бир миллатни ташвишга солиши шубҳасиз. БМТ маълумотига кўра бугунги кунда гиёҳвандларнинг аксарият қисми 15-35 ёшли йигит-қизлардир. Айни пайтда уларнинг сони 500 миллионга етган. БМТ экспертлари ўтказган тадқиқотга кўра жаҳонда ҳар йили тахминан 200 минг наркоман вафот этаяпти. Статистик маълумотлар бугунги кунда жиноятчилар наркобизнесдан йилига 400 миллиард доллар даромад олишини кўрсатмоқда.

Бундан маълум бўлаяптики, инсоннинг руҳий ва жисмоний саломатлигини емирувчи, гулдек оилаларни пароканда қилувчи гиёҳвандликка қарши курашиш нафақат давлатларнинг, балки бутун дунё жамоатчилигининг иши бўлиши керак.

Бошқа мамлакатлар қатори Ўзбекистонда ҳам наркотик ва психотроп воситалардан ноқонуний фойдаланишга қарши муросасиз кураш олиб борилмоқда. Жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, саломатлигини асрашга устувор вазифа сифатида қаралаяпти.

Юртимизда «Сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка мубтало бўлган беморларни мажбурий даволаш тўғрисида», «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинган. Ўзбекис­тон БМТнинг Гиёҳвандлик воситалари тўғрисидаги ягона конвенцияси, Психотроп моддалар тўғрисидаги ҳамда Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш бўйича конвенцияларига қўшилган.

Кўриниб турибдики, мамлакатимизда гиёҳвандликка қарши курашиш борасида мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилган. Аҳоли ўртасида гиёҳвандликка қарши изчил тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Кези келганда яна шуни айтиш керакки, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил марказининг маълумотларига қараганда, ўтган йиллар мобайнида мамлакатимизда нарковазиятга хос эпидемиологик кўрсаткичлар ижобий томонга ўзгариб бораяпти. Ҳар йили наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ жиноятлар сони аввалги йилларга нисбатан камаймоқда.

Бироқ аҳоли ўртасида бошқа бир иллат урчий бошлади. Яъни «Трамадол», «Лирика», «Тропикамид» каби психотроп дориларнинг истеъмоли кўпайгани айниқса ўспирин фарзанди бор ота-оналарни хавотирга солиб қўйди. Сабаби, бу дориларнинг асосий истеъмолчилари беморлар эмас, балки ёш авлод вакиллари эди. Шунинг учун ҳам 2018 йил 22 октябрда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Унга кўра «Трамадол», «Лирика» каби дорилар наркотик моддалар таркибига киритилди. Уларнинг ноқонуний сотилишининг олдини олиш бўйича профилактик тадбирлар кучайтирилди. 2019 йил 6 сентябрда эса давлатимиз раҳбарининг «Дори воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш чораларини кучайтириш тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, аҳоли соғлиғини асрашга қаратилган чора-тадбирларнинг янада кучайишига замин яратилди. Қарорда Вазирлар Маҳкамаси, Бош прокуратура, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи зиммасига бир қатор вазифалар юкланди.

Ҳар йили 26 июнь куни анъанавий тарзда республика ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ноқонуний муомаладан олинган гиёҳвандлик воситалари йўқ қилинмоқда. Ўтган йилда ўтказилган тадбирда жами 1 тонна 27 килограмм 911 грамм гиёҳвандлик воситалари ёқиб юборилди. Шу жумладан, 7 килограмм 757 грамм героин, 195 килограмм 415 грамм опий, 56 килограмм 140 грамм гашиш, 557 килограмм 398 грамм марихуана, 130 килограмм 18 грамм кўкнори, 80 килограмм 920 грамм каннабис, 263 грамм синтетик наркотик воситалар ҳамда турли хил психотроп моддалар йўқ қилинди.

Бу борада Ҳарбий прокуратура органлари томонидан Қуролли кучлар қўмондонликлари билан ҳамкорликдаги комплекс режалар ижроси доирасида ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ҳамда ёшлар иштирокида тизимли тадбирлар ўтказиб келинмоқда. 2020 йилнинг ўтган даврида 150 га яқин тарғибот, тушунтириш ишлари ўтказилди. Пандемия шароитида бу каби тадбирларни онлайн мулоқот тарзида ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хулоса қиладиган бўлсак, оғунинг қулига айланганларни даволашдан кўра гиёҳвандликнинг олдини олган минг марта афзал. Демак, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш барчамизнинг бурчимиздир. Зеро, соғлом муҳитда тарбия кўрган фарзанд турли хил иллатларнинг домига осонгина илиниб қолмайди. Бир сўз билан айтганда, уйимизни, фарзандларимиз ҳамда яқинларимизни «оқ ажал»дан ўзимиз асрашимиз шарт. Гиёҳвандлик – тубанлик ботқоғи, борса келмас йўл эканлигини бир зум бўлса-да унутмаслигимиз лозим.

Баҳодир ХУДОЙБЕРДИЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурорининг биринчи ўринбосари

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: