Home / Жиноят ҳақиқати ва адолати / Товуқнинг нархи тушириб кетди

Товуқнинг нархи тушириб кетди

Беҳзод Бўриев тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб, Китоб туманидаги «Озиқ-овқат (деҳқон) бозори»да товуқ гўшти савдоси билан шуғулланиб келарди.

Ўтган йилнинг июнь ойи эди. Бозорда савдо қиладиган ҳамкасбларидан бири Санжар Рустамов билан гурунглашиб қолди. Гурунг ўз-ўзидан савдо-ю нарх-наво, даромаду буромадга бориб тақалди.

— Ака, ҳозир нима арзон — товуқ гўшти арзон, Самарқанддан саккиз тонна опкелиб омборга қўйдим. Кейинроқ сотсам, яхшигина фойда қолади. Пулингиз бўлса, сиз ҳам олинг. Бўлмаса, менга берсангиз, олиб келиб бераман. Биласиз, Тайлоқда зўр танишларим бор. Фойданинг етмиш фоизи — сизга, ака. Бизга қолгани ҳам бўлаверади…

Санжар ўйланиб туриб, қандай рози бўлганини билмай қолди. Уч тонна товуқ гўшти учун 36 миллион 300 минг сўмни Беҳзодга санаб берди. Беҳзод бу пулга Самарқанддан 3 тонна, ўзининг пулига 103 килограмм гўшт олиб келиб, Китобдаги омборга жойлаштирди.

Бу орада у кўчада таниши Ўткир Қаюмовни учратиб қолиб, уни ҳам шерикчиликка таклиф қилди.

— Ака, Самарқандда килоси 11 300 сўмдан товуқ гўшти бор. Фақат нақд пулга беради. Олиб келиб берсам, музлаткичингизда сақлаб, сал кейинроқ сотсангиз, яхшигина пул қиласиз. Пул берсангиз, мен ўзимникини ҳам қўшиб, кўпайтириб олиб келардим…

Таклифга қизиқиб қолган Ўткир кейинроқ унга 13 минг АҚШ доллари санаб берди. Беҳзод ваъдани қуюқ қилиб хайрлашди.

Орадан бир неча кун ўтгач, яна эски мижози Санжар Рустамовга қўнғироқ қилиб, уни аврай бошлади:

— Ака, товуқнинг нархи кўтарилиб кетади. Яна кўпроқ олиб, ғамлаб қўйишимиз керак…

Фойда орзусидаги Санжар унга яна 70 миллион сўм санаб берди.

Орадан кунлар ўтди. Товуқнинг пули ҳам гўштидан баттар «яхлади». Санжар бир амаллаб 30 миллион сўмини қайтариб олди. Аммо қолганига анча овора бўлди. Беҳзод ҳали уни, ҳали буни баҳона қилиб, пулни беришни кейинроққа сура бошлади.

Аввалдан Беҳзод билан ҳамкорликда савдо қилиб, ҳатто ижарага олинган омборнинг калитини унга ишониб юрган Ўткир Қаюмов ҳам «яхлаган»ини кейин билди. Пулнинг фақат 1000 долларини қайтарган Беҳзод музлаткичга қўйилган бировнинг гўштини сизники деб алдаб юрган экан…

Аслида Беҳзод Бўриев ўз ҳамкорларини чув тушириб, олган пулларини қарзларини қоплашга бериб юборган экан. Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз туман судида бўлиб ўтган суд мажлисида у барча айбига иқрор бўлди. Ўз қилмишини «Мен ҳеч кимни алдамадим, товуқнинг нархи тушиб кетди, ишларим юришмай қолди» деб изоҳлаган судланувчининг пулни қарзини тўлашга сарфлаб юборгани гувоҳларнинг кўрсатувлари ва бош­қа далиллар орқали ўз исботини топди.

Суд ҳукмига кўра Беҳзод Бўриев 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Жабрланувчиларга етказилган моддий зарар ҳам ундан ундириладиган бўлди.

Эндигина йигирма бир ёшдан ўтган, ҳали уйланишга ҳам улгурмаган ёш йигит умрининг гуллаган йилларини панжара ортида ўтказишга маҳкум.

Савдонинг нонини еганлар бу соҳада энг аввало, ўзаро ишонч, омонатга хиёнат қилмаслик, ҳалоллик, инсоф ва диёнат муҳим эканини яхши билишади. Кимки бу оддий тамойилни унутса, қилмиши қонун тарозисида тортилиб, ўз баҳосини олиши муқаррар.

Шуҳрат МАВЛОНОВ,

Шаҳрисабз тумани прокурорининг ёрдамчиси

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: