Home / Жиноят ва жазо / Товарсиз операция ортидаги ғалвалар

Товарсиз операция ортидаги ғалвалар

Йиқилганни тепиш марднинг иши эмас. Аммо, фирибгарга бунинг нима аҳамияти бор. У фақат ўз нафсини ўйлайди. Бу йўлда у на дўстини, на бошқасини тан олади. Имкон бўлди дегунча, ўзганинг мулкини қўлга киритиш пайида бўлади. 

2015 йилнинг май ойида «Қўйлиқ деҳқон бозори» АЖ фаолияти Департаментнинг Бектемир туман бўлими томонидан ўрганилганида, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан камомад борлиги аниқланади ва бозор мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, туман прокуратурасига юборилади.

Мазкур ҳолат бўйича жамият директори Дилмурод Назировга (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўзининг моддий жавобгарлигида бўлган жуда кўп миқдордаги картошка ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзлаштирганлиги учун 2016 йил 29 мартда жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди томонидан 47 миллион 360 минг сўм жарима ва 3 йил муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.

«Бозорком»га яқин таниш бўлган, айнан жиноят иши билан боғлиқ ҳаракатларда фаол иштирокчи бўлган хусусий корхоналардан бирининг раҳбари Бахтиёр Аъзамов «бозор иши» терговидан хабар топиб, вазиятдан «унумли» фойдаланиб қолиш режасини тузади. Сабаби, у «олди-берди»ларда воситачилик қилган, жиноят тафсилотларидан бохабар эди-да.

Маълум бўлишича, 2015 йилнинг апрель ойида Д.Назировнинг илтимоси билан Бахтиёр пул маблағларини нақдлаштириш масаласида унга шундай қинғирликка «лаббай» деб жавоб қиладиган фирма топиб беради. Ўзаро келишувга асосан «Қўйлиқ деҳқон бозори» АЖ ва «Mega plaza trade» МЧЖ ўртасида гўё картошка олди-сотди қилинганлиги тўғрисида шартнома имзоланиб, товарсиз операция амалга оширилади. МЧЖ томонидан бозор ҳисоб рақамига 20 миллион сўм ўтказиб берилади. Бозор раҳбари эса келишилган фоизни чегириб қолиб,  МЧЖга нақд пул бериши лозим эди.

Жамият раҳбари ваъдасида туради. Ўз нав­батида, Бахтиёр ўзининг улушини олиб қолиб, қолганини воситачига беради. Ундан кейин товарсиз операция бўйича вазият қандай тус олганини юқорида келтирдик.

Бу орада Бахтиёр жиноят иши билан боғлиқ жараёнлар билан қизиқиб, терговни ким ўтказаётганлигини, МЧЖ раҳбари ҳам терговга чақирилганлигини аниқлаб, тезда Дилмурод билан учрашади. Салом-аликдан сўнг дарҳол мақсадга кўчиб, терговчи билан гаплашиб, МЧЖ раҳбарига жиноят иши қўзғатилмаслиги борасида келишгани, бунинг учун унга 4 000 доллар берганини айтиб, Д.Назировдан шу пулларни «чўзиб» қўйишни талаб қилади. «Бозорком» эса айни дамда шундоғам бўйнигача қарзга ботиб кетганлигини, етказган зарарни тўлаётганлигини билдириб, бу масалада йил якунида гаплашишни таклиф қилади. Ўша пайтда ўзини танишининг аҳволини тушунгандек қилиб кўрсатган фирибгар аслида мақсади йўлида дадил қадам ташлаб бўлганди.

Шу билан бир муддат жим бўлиб кетган Бахтиёр кейин Дилмуродга қўнғироқ қилиб, пулни талаб қилишга тушди. У йиллар ўтса ҳамки, шаштидан қайтай демасди. Ахийри тоқати тоқ бўлган Д.Назиров Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментга ариза билан мурожаат қилиб, Б.Аъзамовга қонуний чора кўришни сўради. Унинг аризаси бўйича ўтказилган тадбирда Бахтиёр жамият раҳбаридан 4 000 АҚШ долларини олган вақтда қўлга олинди.

Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди томонидан Бахтиёр Аъзамовга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 

         Равшан АБДУЖАЛИЛОВ,

Бош прокуратура бошқарма

АМИБ катта терговчиси

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: