Home /   / Томорқа — даромад манбаи

Томорқа — даромад манбаи

Халқимиз азалдан ризқ ундириш, боғ яратишнинг ҳадисини олган. Бугунги кунда кўпчилик ўз томорқасидан самарали фойдаланиб, бир йилда 3 мартагача ҳосил олмоқда.

Ўтган йилнинг 23 март санасида давлатимиз раҳбари қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантириш ва ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича ишлар натижадорлигига бағишланган йиғилишда «Чўп суқсанг, кўкарадиган еримиз бор, меҳнатсевар халқимиз бор. Лекин томорқа ерларидан — шундай катта резервдан фойдаланмаяпмиз», дея алоҳида таъкидлаган эди.

Жорий йилнинг 22 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси бўйича олиб борилаётган ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда нав­батдаги муҳим вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам томорқадан самарали фойдаланиш ва баҳорги экин экиш ишлари ҳам муҳокама қилинди.

Лекин, баъзи жойларда томорқага экин экмаслик ва қаровсиз ташлаб қўйиш ҳолатлари ҳам йўқ эмас. Маълумотларга қараганда, юртимиз бўйича 328 мингта хонадондаги 20 минг гектар томорқадан самарали фойдаланилмаётган экан.

Шу боис бу йил март-апрель ойларида томорқага экин экиш ишлари янги тизимда, кенг жамоатчилик иштирокида ташкил қилинадиган бўлди. Халқ қабулхоналари раҳбарлари маҳалла раислари билан бирга уйма-уй юриб, аҳоли талаблари асосида уларга кўмак беради. Маҳаллий бюджетлар захира жамғармасидан 40-50 миллион сўмдан маблағ ажратилиб, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга бозорбоп сабзавотлар уруғи, мевали дарахт ва ток кўчатлари етказиб берилади.

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди салоҳиятли фермерлар ёрдамида аҳолининг фойдаланилмаётган томорқаларини экишга тайёрлаш ва бозорбоп экинлар экишни ташкил қилади. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Банд­ликка кўмаклашиш жамғармасидан томор­қаси бор ишсиз фуқароларга иссиқхоналар ташкил этиш, уруғлик ва кўчат олиш учун энг кам иш ҳақининг 10 баробаригача миқдорида субсидия ажратади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари, туман ва шаҳарларнинг 4 та сектор раҳбарлари ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятини ҳисобга олиб, «бир маҳалла — бир маҳсулот» тамо­йили асосида ҳар бир маҳаллани мева-сабзавот етиштириш, кичик иссиқхоналар ташкил қилиш, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, қуёнчилик, куркачилик каби йўналишларга ихтисослаштириш бўйича амалий чоралар кўради.

Умуман олганда, давлатнинг ўзи бош-қош бўлиб, аҳолининг томорқаларидан самарали фойдаланиб, оиласи фаровонлигига эришишига кўмаклашади.

Хусен АТАЕВ,

Яккасарой туман прокурори ўринбосари

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: