Home / Тавсия этимиз / Тиланчилик касбми ёки айб?..

Тиланчилик касбми ёки айб?..

Dolzarb mavzu

Кунда бўлмаса ҳам, ҳафтада икки-уч бор масжид, бозорлар ҳамда чорраҳаларда тиланиб турган фуқароларга кўзимиз тушади ва буни одатий ҳол, дея қабул қиламиз. Аммо бундан-да, ачинарлиси, уларнинг бола кўтарганча чорраҳаларда, серқатнов йўлларда ҳайдовчилардан пул сўрашидир. Аксарият ҳолларда бунга ўзимиз сабабчи бўлаётганимиз ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз. «Худо йўлига садақа қилинг!», дея узатилган қўлни гоҳида қуруқ қайтара олмаймиз. Ёмон туш кўрсак, балодан асрайди, дея уч-тўрт сўм атаб юборамиз. Ишимиз юришмай қолса ҳам шу аҳвол. Аммо меҳнат билан топган пулимизни кимга бераётганимиз хаёлимизга ҳам келмайди. Балки, ён қўшнингиз кўчада ўтирган тиланчидан кўра шу пулга муҳтожроқдир?!

Исм-фамилиясини сир тутган ички ишлар ходими ўзаро суҳбатда тиланчилар билан боғлиқ айрим маълумотларни биз билан ўртоқлашди. Буни қарангки, айрим тиланчилар бир ойда ўзига мурувват қў­лини чўзган инсондан кўпроқ даромад топишар экан. Баъзилари эса ҳатто тиланишни касб, дея ҳисоблаб, ноқонуний фаолиятларини тақиқламоқчи бўлган милиция ходимлари устидан турли идораларга шикоят қилишни ҳам йўлга қўйишибди.

Ушбу мақолада бировнинг чўнтагидаги пулни ҳисоблаш фикридан йироқмиз. Бироқ, гунг ва кар, кўзи ожиз фуқаролар турли соҳаларда фаолият юритаётган бир пайтда, етти мучаси соғ одамнинг боқимандалик тўрига ўралиб, тиланиб ўтириши ҳеч бир қуюшқонга сиғмайди-да!

Бундан ташқари, бу иллат мамлакатимизда туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларга ўзининг салбий таъсирини кўрсатиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Сўнгги йилларда юртимизни ўз кўзи билан кўришга ошиқаётган хорижлик сайёҳларнинг сони эса йилдан-йилга ошиб бормоқда. Масалан, 2018 йилда Ўзбекис­тонга ташриф буюрган сайёҳлар сони 2017 йилга нисбатан 107 фоизга ошган бўлиб, 4 миллион нафарга етган. Юртимизнинг чиройли гўшаларини, тарихий обидаларни қизиқиш билан кузатаётган хорижлик сайёҳ қаршисидан тиланчининг чиқиши эса унинг дилини хира қилиши мумкин.

Шу ўринда кишини сергак тортишга ундовчи яна бир жиҳатга аҳамият қаратиш лозим. Илгари тиланчилик билан асосан лўлилар шуғулланган бўлса, ҳозирга келиб, бу сафга миллатдошларимизнинг ҳам қўшилгани-ю, уларнинг кўпа­йиб бораётгани ҳам хавотирланишимиз учун асос бўлади.

Аслида тиланчиларни дунёнинг исталган мамлакатида учратиш мумкин. Шу билан бирга, айрим давлатларда тиланчилик қилганлик учун жазо турлари ҳам мавжуд бўлиб, улар бир-биридан фарқ қилади. Масалан,  ”Жанубий Қозоғистон” газетасидан олинган маълумотга кўра, 2016 йил январь ойидан Қозоғистон Республикасининг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритилган. Энди жамоат жойларда одамларга сурбетлик қилган тиланчи қонун бўйича жазоланади. Яъни, хизматини суллоҳлик билан таклиф қилаётганлар ёки ўтган-кетганлардан пул сўраётганларга жарима чораси қўлланилади. Айнан шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазосидан кейин 1 йил ичида такрорланса, 5 кеча-кундуз қамоқ жазоси қўлланилади. Россияда эса тиланчилик учун жазо чораси йўқ бўлиб, хайр сўраётган одамнинг хати-ҳаракатида фуқароларга нисбатан майда безорилик аломатлари бор, деб топилсагина, бундай қилмиш  кўпи билан 2000 рубл миқдорида жаримага тортишга асос бўлар экан. Шунингдек, 15 суткадан ошмайдиган маъмурий қамоқ ҳам қўлланилиши мумкин.

Испанияда бундай қилмиш учун 750 еврогача жарима тайинланса, Литвада нафақат тиланчилик қилиш, балки хайр қилиш ҳам тақиқланади. Бундай қилмишлар 580 еврогача жарима солинишига сабаб бўлади. Германияда эса тиланчилик учун таъқиқ 1974 йилда бекор қилинган бўлиб, бу масалада Австрияни Германия билан ҳамжиҳат дейиш мумкин. Жумладан, Австрия олий суди тиланчиликни инсон ҳуқуқларининг бир қисми, дея тан олиб, ушбу ҳолат билан боғлиқ бир қанча тақиқларни бекор қилган.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда бундай қилмиш учун аниқ жавобгарлик белгиланмаган эди. Жорий йилнинг январь ойида қабул қилинган қонун билан эндиликда Ўзбекистонда тиланчилик ва тиланчиликка мажбурлаш ҳуқуқбузарлик сифатида баҳоланади. Бу қилмиш биринчи марта содир этилганда маъмурий, маъмурий жазога тортилгандан сўнг такроран содир этилганда эса жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодесларига янги моддалар қўшилди.

Умид қиламизки, қонунга киритилган ўзгартишлар боқимандалик кайфиятидаги, меҳнат қилмай, енгил йўл билан даромад топишни ўзига касб қилиб олган айрим кимсаларни тўғри, ҳалол йўлга бошлайди. Тиланчилик иллатини ҳеч қандай баҳона билан оқлаб бўлмайди. Тарихий манбааларда ҳатто пайғамбарлар ҳам ризқларини меҳнат қилиб, пешона тери билан топишгани таъкидланади. Масалан, Одам алайҳиссалом деҳқончилик, Нуҳ алайҳиссалом дурадгорлик, Довуд алайҳиссалом темирчилик, Идрис алайҳиссалом эса хаттотлик билан шуғулланишган экан.

Ғафуржон АЛИМОВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: